Президентнинг 30.08.2017 йилдаги ПФ–5174-сон «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекциясини ташкил этиш тўғрисида»ги фармони имзоланди, деб хабар бермоқда Norma.uz.
 
Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини бош давлат инспекцияси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекциясига айлантирилди. Инспекция Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда истеъмол товарлари масалалари комплекси таркибига киритилди, ва, ўз бўлинмалари билан бирга ўсимликлар карантини соҳасидаги давлат назоратининг ягона тизимини ташкил этади.
 
Инспекциянинг асосий вазифалари ва фаолиятининг йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:
 
1) ягона сиёсатни амалга ошириш, ўсимликлар карантини тўғрисидаги қонунчиликнинг амалга  оширилишини таъминлаш, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мазкур соҳадаги ҳамкорлигини мувофиқлаштириш;
 
2) ўсимликларнинг ташқи ва ички карантини бўйича тадбирларни амалга ошириш;
 
3) республика ҳудудини иқтисодиёт тармоқларига анчагина зарар етказиши мумкин бўлган ўсимликлар ва бегона ўтларнинг карантин ва бошқа хавфли зараркунандалари, касалликларининг чет мамлакатлардан кириб келишидан муҳофаза қилиш;
 
4) ўсимликлар ва бегона ўтларнинг карантин ва бошқа хавфли зараркунандалари, касалликларини ўз вақтида аниқлаш, тарқалишига йўл қўймаслик ҳамда бартараф этиш, шунингдек, уларнинг республиканинг улар йўқ бўлган жойларига кириб боришининг олдини олиш;
 
5) қишлоқ хўжалиги ва бошқа ўсимлик маҳсулотларини ишлаб чиқариш, тайёрлаш, ташиш, сақлаш, қайта ишлаш, сотиш ҳамда улардан фойдаланишда ўсимликлар карантини бўйича белгиланган қоидаларга риоя этилиши ва тадбирларнинг амалга оширилиши устидан давлат назоратини ўтказиш;
 
6) ўсимликлар карантини соҳасида илмий-методологик ва маърифий салоҳиятни ҳар томонлама ривожлантириш, илмий тадқиқотларнинг йўналишларини аниқлаш, фундаментал ва амалий тадқиқотлар, инновацион ишланмалар натижаларини фитосанитария амалиётига жорий этишни мувофиқлаштириш;
 
7) халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва илғор хорижий технологиялар ҳамда ишлаш услубларини карантин хизмати фаолиятига жорий этиш;
 
8) кадрларни тизимли равишда қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш, раҳбарлар ва мутахассисларнинг ишлаш шакллари ва услубларини такомиллаштириш, уларнинг ўз зиммасига юклатилган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажариши бўйича жавобгарлигини ошириш.
 
Инспекция бошлиғи мақоми бўйича вазирнинг биринчи ўринбосарига, унинг ўринбосари эса вазир ўринбосарига тенглаштирилади. Ўсимликлар карантини ҳудудий инспекциялари раҳбарлари Инспекция раҳбари томонидан Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар  ҳокими тақдимномасига биноан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.