Россия Федерацияси ваколатли органларининг илтимосномасига асосан, Олтой ўлкаси ҳудудида жиноят содир этиб, Бухоро вилояти ҳудудида яширинган Ўзбекистон фуқароси Самижон Алиев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) мамлакатимиз ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан қўлга олинди. У Бухоро вилоят прокуратураси органлари томонидан халқаро ҳуқуқ нормалари ва миллий қонунчиликка мувофиқ тергов қилинди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Аниқланишича, С.Алиев 2013 йилда Россия Федерациясининг Олтой ўлкаси Бийск шаҳрига ишлаш мақсадида бориб, бир неча йил ризқ-насибасини ҳалол топиб юради. Унинг ишлари юришиб, кредитга “Тойота Каролла” русумли автомобиль сотиб олади ва одам ташиш фаолияти, яъни таксичилик билан шуғуллана бошлайди.

Ўзга юртда бир неча йил юриб, ўзини эркин ҳис қила бошлаган С.Алиев ўша куни автомашинасини хавфсизлик камарини тақмасдан бошқаради. Кўчада ҳаракатланиб кетаётган автомобилни йўл ҳаракати хавфсизлиги ходими тўхтатади.

-  Йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидасини бузиб келаяпсиз, - деди ЙҲХБ ходими А.Сафонов. – Ҳужжатларингизни беринг.

Шу пайтда С.Алиевнинг миясига: “Пул билан ҳаммасини ҳал қилса бўлади”, деган фикр келди-ю, топшираётган ҳужжатлари ичига 500 Россия рублини солиб, ўзини билмаганга солди.

Ўз касбига содиқ Александр Сафонов пора таклиф қилаётган ҳайдовчига овозини баландлатди.

-  Бу нима? – деди пулга ишора қилиб.

-  Ака, ёрдам беринг...

С.Алиев қанча ялиниб-ёлвормасин, А.Сафоновни нафс йўлига кирита олмади. Аксинча, ЙҲХБ ходими унинг қилмиши ҳақида ваколатли органларга хабар берди ва С.Алиев пора беришга суиқасд қилиш жиноятини содир этганликда айбланиб, жиноят иши қўзғатилди.

С.Алиев бу юртдан чиқиб кетсам, ҳамма ишлар бости-бости бўлиб кетади, деб қаттиқ янглишди. Тергов-суриштирув жараёни давом этаётган пайтда, у қочиб, юртимиз ҳудудига қайтиб келиб, яширинади.

С.Алиев ўзга юртда қилган қилмишига юртимизда жавоб беришига тўғри келди.

Жиноят ишлари бўйича Пешку туман судининг ҳукми билан С.Алиевга икки йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.