Ўзбекистон Пенчак-Силат федерацияси ва қатор ҳамкор ташкилотлар кўмагида 9 сентябрь куни Тошкентнинг “Бунёдкор” стадионида Микст-силат бўйича “Asian FIGHT-2017” халқаро турнири бўлиб ўтиши ҳақида аввал хабар берилганди. 

Унда жаҳон кино юлдузи ва жанг санъати устаси Жан Клод Ван Дамм, спорт устаси Жеф Монсон ва бошқалар фахрий меҳмонлар сифатида иштирок этади ҳамда улар алоҳида дастурлар, маҳорат дарслари ҳам ўтказишади. 

Бундан ташқари, ташкилотчилар ажойиб спорт ва шоу кечаси бўлишига ваъда беришмоқда. 6 бурчакли рингда 9 нафар ўзбекистонлик аралаш жанглар усталари 8 мамлакатдан келган 9 нафар жангчига қарши куч синашадиган мусобақада Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон ва Тожикистон эстрада гуруҳлари томошабинлар олдида чиқиш қилишади. 

Турнир матбуот хизматининг маълум қилишича, айни вақтда, ушбу турнирни бевосита “Бунёдкор” стадионида томоша қилишни истаганлар ўйингоҳ кассаларидан чипталарни харид қилишлари мумкин. Чипталар нархи 50 минг сўмдан 300 минг сўмгача.