Маълумки, Президент Бухоро вилоятига ташрифи доирасида Бухоро-Мискин янги темир йўл қурилишида амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар билан танишиб, йўналишдаги ишлар сифатини янада оширишга қаратилган қатор таклиф ва тавсияларини берган эди. Мамлакат Президенти томонидан билдирилган ишончни темирйўлчилар оқлашди. Яъни қисқа муддатда миллий ва замонавий коммуникация тармоғининг бир қисми Бухоро – Мискин темир йўли қурилишининг биринчи босқичини ўз якунига етказишди. Бугун лойиҳанинг 147 ва 148 километрлар оралиғида сўнгги пўлат изларни ётқизиш маросими бўлиб ўтди.

«Боштранслойиҳа» акциядорлик жамияти томонидан лойиҳалаштирилган янги темир йўлнинг умумий узунлиги 335 км.ни ташкил этади. Айни пайтда 335 км.га пўлат излар ётқизилди. Шунингдек, 121 та сунъий иншоот, 12 та кўприк ва 6 та йўл ўтказгичлар қуриб битказилди. 21,2 млн кубометр ҳажмдаги тупроқ ишлари амалга оширилди. Шу билан бирга ушбу йўналишда 5 та станция ва шунча разъездлар ҳам барпо этилди. Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 283,1 млн. АҚШ долларини ташкил этиб, шу кунгача 247 млн. АҚШ доллари миқдоридаги маблағ ўзлаштирилди. 

Президент Шавкат Мирзиёвнинг 2017 йил 13 мартдаги «Бухоро — Мискин темир йўл линиясини қуриш чора-тадбирлари» тўғрисидаги қарорига кўра, мазкур линияда бунёдкорлик ишлари жадал олиб борилди. Жумладан, кенг кўламдаги бунёдкорлик ишларини тезкор, сифатли, ўз муддатида фойданишга топшириш учун 1500 дан ортиқ ишчи-хизматчилар, йўл қурилиши билан боғлиқ соҳа мутахассислари, 1000 дан зиёд қудратли механизмлар жалб этилган эди. 

Қурилиш-монтаж жараёнлари Бухоро туманидан Мискин бекатигача бўлган оралиқда, бир вактнинг ўзида ҳар икки томондан қуриб келинди. Лойиҳани замон талаблари даражасида фойдаланишга топшириш учун республикада ҳозиргача амалга оширилган йирик лойиҳалар, жумладан, «Навоий – Учқудуқ – Султон-Увайстоғ – Нукус», «Тошғузор – Бойсун – Қумқўрғон», «Ангрен – Поп» темир йўл қурилишларида фаол қатнашган тажрибали темирйўлчилар мазкур лойиҳага бириктирилган.

Фото: Ўзбекистон темир йўллари

Мазкур лойиҳа ҳаётга татбиқ этилгач, поездлар ҳаракати тезкорлиги ошади, уларнинг ҳаракатланиш вақти қисқаради. Дастлаб, мазкур темир йўл линияси орқали юк поездлар қатнови амалга оширилади. Бу эса ушбу худуддаги қазилма бойликларини ўзлаштириш, улардан самарали фойдаланиш ва шу билан бирга янги ишлаб чикариш корхоналарини очишга замин яратади.

Шу кунга қадар пойтахтдан Урганчга қатновчи поездлар 1064 километр йўл босиб «Навоий-Учқудуқ-Мискин» магистрали орқали ҳаракатланаётган бўлса, ушбу лойиҳанинг қуриб битказилиши билан поездлар қатнови қарийиб 75 километрга қисқаради. Табиийки бу йўл учун кетадиган вақтни, ёнилғини ва бошқа харажатларни тежашга замин яратади. Бугун, бутун Ўзбекистоннинг худуд ва минтақаларини қамраб оладиган ягона миллий темир йўл тармоғи барпо этилди. Улар орқали юқори тезликда ҳаракатланувчи экологик хавфсиз электропоездлари қатновининг йўлга қўйилиши кимлар учун мўъжиза, баъзилар учун кутилмаган янгилик, яна бировлар учун эса орзулар рўёби бўлди. Айни дамда мамлакат темир йўлларининг умумий узунлиги 6500 километрдан ортиқ бўлса, Бухоро-Мискин янги темир йўл лойиҳаси фойдаланишга топширилгандан сўнг бу кўрсаткич қарийб 7000 километрга етади.