Наманган вилоятининг Мингбулоқ туманида истиқомат қилувчи 114 ёшли Хадияхон Хошимова Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг фармонига кўра «Шуҳрат» медали билан мукофотланди.

Онахонни Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров тақдирлади.

Хадияхон Хошимованинг умумий меҳнат стажи 41 йилни ташкил этади, 1965 йилдан буён пенсияда.

У дастлаб ҳудудда жамоа хўжалиги ташкил этиш ишларида фаол қатнашган. Туманда биринчилардан бўлиб пилла етиштириш сир-асрорларини ўзлаштирган ҳамда пиллачиликни ривожлантиришда жонбозлик кўрсатган. 

Уруш йиллари фронт ортини мустаҳкамлаш, халқ ҳўжалиги ишларини тўхтатмаслик, жангчиларни қийим-бош ва озиқ-овқат билан таъминлаш  ишларида барча хотин-қизлар каби кечаю-кундуз тинимсиз меҳнат қилиб, фронтга ҳар томонлама мадад кўрсатган. 

Урушдан кейинги тикланиш йилларида ҳам хўжалик иқтисодиётини мустаҳкамлаш, меҳнаткашлар турмуш шароитини яхшилаш ишларига катта ҳисса қўшган. Қарийб олтмиш йиллик меҳнат фаолияти давомида туманда пахтачилик, чорвачилик, пиллачилик, полиз етиштириш соҳаларида ишлаган.

Пиру-бадавлат онахон айни дамда 3 нафар фарзанди, 13 нафар набираси, 19 нафар чевараси даврасида умргузаронлик қилмоқда.