Саудия Арабистонидаги ўзбекистонлик зиёратчилар Арафот майдонидаги ибодатларини якунлагач, Муздалифа майдони томон йўл олдилар. Ҳожиларимиз бу  ерда бомдод намозигача зикр ва тасбеҳ билан машғул бўлдилар. Сўнгра яна Мино водийсига қайтиб келдилар. 

Зулҳижжа ойининг ўнинчи куни белгиланган вақтда юртдошларимиз шайтонга тош отиш, сочни олиш ва қурбонлик қилиш каби амалларни бажаргандан сўнг эҳром либосидан чиқдилар ва бир бирларини қўшалоқ байрамлар билан табрикладилар. 

Энди ҳожиларимиз зулҳижжа ойининг ўн бир ва ўн иккинчи кунлари Мино водийсида дуолар билан машғул бўладилар ва шайтонга тош отиш амалини ҳам адо этиб ҳаж ибодатини ўз ниҳоясига етказадилар. 

Юртдошларимиз мўътабар масканларда Аллоҳдан юртга тинчлик, халқимизга фаровонлик ва оилаларига бахту саодат тилаб дуои илтижолар қилдилар. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, улар қаторида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳам ўз ибодатларини тўла тўкис адо этдилар.

 

Зафар Хайруллаев, 
Мино водийсидан