“Формула-1” пойгасида Mercedes жамоаси учун иштирок этувчи британиялик пойгачи Льюис Ҳэмилтон “Формула-1”нинг Италия гран-приси ғолиби бўлди.

Маррага иккинчи бўлиб Ҳэмилтоннинг жамоадоши Валттери Боттас, учинчи бўлиб Ferrari’нинг немис пойгачиси Себастьян Феттель келган.

Ҳэмилтоннинг навбатдаги ғалабаси унга шахсий ҳисобда биринчи ўрнига чиқиб олишга имкон берган. Ҳозир унда 238 очко мавжуд ва у пешқадам Феттелни 2-поғонага тушириб (235 очко) қўйган. 3-ўринни эса 197 очко тўплаган Боттас эгалламоқда.

Муҳандислар кубогида 435 балл билан Mercedes етакчилик қилмоқда, 2-ўринда Ferrari (373), 3-ўринда Red Bull (212) келмоқда.

Ундан аввалроқ Ҳэмилтон саралаш босқичидаги ғалабалар сони бўйича рекорд ўрнатди. Энди унда 69 та шундай ўйин бор ва у бу кўрсаткич бўйича 68 та ғалабага эга бўлган афсонавий Михаэл Шумахерни ортда қолдирган.