Президент ташаббуси билан хотин-қизларга ижтимоий кўмак беришнинг мутлақо янги тизими жорий қилинди. Унга мувофиқ бундай тоифадаги аёллар рўйхати шакллантирилиб, имтиёзли уйлар учун бошланғич бадал пули 4 миллиард 210 миллион сўм маблағ ажратилди. Натижада жорий йилда республикамиз бўйича 385 нафар меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга замонавий турар жойлар инъом этилди. 

2017 йил 30 август куни Наманган вилоятининг Чуст туманида ҳам ана шундай уйларни тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Х.Бозоров 3 нафар ногиронларга рамзий калитни топширди. 

Тумандаги Қизилтепа қишлоғида яшовчи 2-гуруҳ ногирони Маъсума Меҳмонова,  Меҳнатобод маҳалласида яшовчи 1-гуруҳ ногирони Неъматхон Нажмиддинов,  Баймоқ қишлоғида яшовчи 2-гуруҳ ногирони Мунаввар Мадаминовалар уй-жой билан таъминланишга ўта муҳтожлиги боис, Президентнинг таклифларига кўра, тўлиқ жиҳозлари билан  Садача маҳалла, Сабзазор массивида бунёд этилган шинам уйларда яшаш бахтига муяссар бўлдилар. 

Шу билан бирга, шу куни бўлиб ўтган маросимда Мингбулоқ, Поп, Косонсой, Уйчи, Тўрақўрғон туманларидан келган имконияти чекланган фуқароларга ҳамда тумандаги Варзик қишлоғи фуқароси 2-гуруҳ ногирони Гуландон Латипова ва Каркидон қишлоғи фуқароси 2-гуруҳ ногирони Мирабдулла Ханжаровларга вилоят ҳокими ногиронлик аравачасини топширди.