Қирғизистон президенти девонининг ташқи сиёсат бўлими раҳбари Ойзода Субакожоева Шавкат Мирзиёевнинг Бишкекка ташрифи тафсилотлари билан ўртоқлашди. Ташриф 5-6 сентябрь кунлари амалга оширилади. Таъкидлаб ўтиш лозим, Ўзбекистон президенти 17 йил ичида биринчи бор Қирғизистонга давлат ташрифи билан келади.

Ойзода Субакожоеванинг айтишича, ташриф доирасида Мирзиёев Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоев билан тор доирада ва кенг таркибда учрашув ўтказиши режалаштирилмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон раҳбари бош вазир Сапар Исоқов ва Жўқорғи Кенес раиси Чинибай Турсунбеков билан учрашади.

«Ташриф доирасида қатор идоралараро ва ҳукуматлараро ҳужжатлар имзоланади. Асосий якуний сиёсий ҳужжатга президентлар томонидан имзоланадиган қўшма баёнот айланади, унда икки томонлама муносабатларни ривожлантириш бўйича режалар бўлади. Кутилишича, яна бир муҳим ҳужжатга қирғиз-ўзбек чегараси тўғрисидаги келишув айланиши мумкин», - деди Субакожоева.

Самарқанддаги учрашувида Қирғизистон ва Ўзбекистон президентлари қирғиз-ўзбек чегарасининг делимитация жараёнини фаоллаштириш топшириғини беришганди. Ишчи гуруҳи фаолияти фаоллашди ва доимий асосда йўлга қўйилди, 16 та учрашув ўтказилди.

“Бугунги кунда умумий чегаранинг 1 минг 170 километри аниқланди. Яна 217 километри қолмоқда. Улар бўйича иш давом эттирилади”, - деди Субакожоева.

Шу билан бирга, Қирғизистон президенти девони ташқи сиёсат бўлими раҳбарининг таъкидлашича, давлат ичидаги барча жараёнлар якунланган. Кеча парламентдаги учта қўмита келишувни кўриб чиққан ва маъқуллаган. Ҳужжат имзолаш учун тайёр.

«Қирғизистон-Ўзбекистон муносабатлари тарихида давлат чегараси тўғрисидаги келишув имзоланганидан сўнг янги ёрқин саҳифа очилади. Унинг имзоланиши ҳамкорликнинг барча масалалари фаоллашишига туртки беради. Асосий урғу чегара олдидаги ҳамкорлик, қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қаратилади. Бироқ ҳозирдан ҳамкорлик барча йўналишларда фаоллашганини айтишимиз мумкин, товар айланмаси ўсмоқда», - дея хулоса қилган Ойзода Субакожоева.

Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи доирасида расмий шахслар учрашувларидан ташқари, икки давлат ишбилармонлари, тегишли вазирлик ва идоралар, Тошкент ҳамда Бишкек ҳокимиятлари вакилларининг учрашувлари режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг Қирғизистонга сўнгги давлат ташрифи 2000 йилнинг октябрида амалга оширилган. Шавкат Мирзиёев эса ушбу мамлакатга давлат раҳбари мақомида илк бора келади.