Avito эълонлар сайтида собиқ иттифоқ раҳбари Леонид Брежневга тегишли эканлиги таъкидланаётган ЗИЛ автомобили сотувга қўйилди. 

1972 йилда ишлаб чиқарилган машинанинг эгаси унга 54 млн рубль сўрамоқда. Сотувчи шунингдек автомобилни кўчмас мулк объектига айирбошлаш имконияти борлигини айтган.

ЗИЛ 117 10 минг км йўл юрган. Эълонда кўрсатилишича, машина қора рангдаги, двигатели ҳажми 6 литр ва автоматик узатмалар қутиси билан жиҳозланган лимузин.  

Шу билан бирга сотувчи унда автомобилнинг Брежневга тегишли эканинини исботловчи ҳужжатлар бор-йўқлигини маълум қилмаган.

Маълум қилинишича, Брежнев автомобилларга ва уларда тез юришга қизиққан. Турли маълумотларга кўра, унинг автомобиллар коллекциясида 49 тадан 324 тагача машина бўлган. 

18 августда Санкт-Петербургда зирҳланган Mercedes-Benz S-Class (W140) лимузини сотувга қўйилганди. Таъкидланишича, ушбу машинада Россиянинг собиқ президенти Борис Ельцин юрган.