Копенгагендаги "Паркен" стадионида "Копенгаген" ва "Қорабоғ" ўртасидаги Чемпионлар лигаси (ЧЛ) плей-офф раундининг жавоб ўйини якунига етди. Таъкидлаш жоизки, "Қорабоғ" жамоаси Бакудаги ўйинда "Копенгаген"ни 1:0 ҳисобида мағлуб қилган. Сафарда урилган гол ҳисобига Гурбан Гурбановнинг жамоаси кейинги турга ўтган. 

Бу Озарбойжоннинг сўнгги 23 йилдаги ФИФА ва УЕФА тарихидаги энг катта муваффақияти! Тарихда биринчи марта "Қорабоғ" Чемпионлар лигасининг гуруҳ турнирида ўйнайди.  "Қорабоғ" Озарбойжоннинг ЧЛ гуруҳ босқичига чиққан биринчи клуб бўлди. Тошкентдаги Ҳайдар Алиев номли Озарбойжон маданият маркази ушбу жамоа ва унинг муваффақиятига доир маълумотлар билан бўлишди. 

Фото:  Ҳайдар Алиев номидаги маданият маркази

Озарбойжоннинг "Қорабоғ" футбол клубига 1950 йилда асос солинган. У мамлакатнинг 1993 йилги чемпиони, 3 марта Озарбойжон кубогини қўлга киритган. Жамоа расман 1993 йилнинг 23 июлида арман ҳарбийлари томонидан босиб олинган Агдам шаҳри номидан иштирок этади. 

"Қорабоғ" клуби УЕФА-32 малакали жамоалари орасида ўз стадионида ўйин ўтказа олмайдиган ягона футбол жамоаси ҳисобланади. 

Тоғли Қорабоғ ҳудудида давом этиб келаётган зиддият миллионлаб озарбойжонликларнинг мажбурий кўчишига олиб келди, Агдамнинг ўн минглаб аҳолиси ҳам шулар жумласидандир. Низолар Агдамни машҳур "арвоҳ-шаҳар"га айлантирди. Агдамда 40 минг киши яшаган бўлиб, ишғол натижасида ҳудуднинг 6 мингга яқин аҳолиси ҳалок бўлган. Шу билан бирга "Қорабоғ" клубининг стадиони ҳисобланган "Иморат" ҳам ўйин ўтказишга яроқсиз аҳволга келган. 

Манбага кўра, Агдамнинг ишғол қилиниши Қорабоғдаги бошқа ҳудудларнинг қўлдан чиқарилиши каби катта йўқотиш сифатида қабул қилинади. Ишғол натижасида бу ердаги тарихий обидалар, қабристонлар, шифохоналар, кутубхоналар, мактаблар, идора ва турар-жойлар, қурилиш корхоналари, маданият марказлари, театр, 3 масжид ва 2 музей йўқ қилинган. Бугунги кунда Озарбойжоннинг халқаро миқёсда тан олинган 20 фоиз ери арман ишғоли остидадир, Тоғли Қорабоғ ҳам шулар жумласига киради. БМТ Хавфсизлик Кенгаши арман ҳарбийларининг ҳудуддан  чиқишини кўзда тутувчи тўрт резолюция қабул қилган. 

1999 йилда "Қорабоғ" ёки маҳаллий халқ тилида айтганда - Қорабоғ тулпорлари (Қорабоғнинг афсонавий отлари рамзи) Европа турнирида Исроил жамоасини 2:1 ҳисобида мағлуб қилди. Қорабоғ тулпорлари   йигирма йилдан ортиқ вақт давомида ўз стадионига эгалик қила олмай, майдонма-майдон санғишига тўғри келди. 2002 йилда қишлоқ хўжалигига ихтисослашган маҳаллий "Азерсун" компанияси мазкур футбол жамоаси учун жавобгарликни ўз зиммасига олди ва клубга инвестиция кирита бошлади. 

Фото:  Ҳайдар Алиев номидаги маданият маркази

"Қорабоғ" клуби президенти Абдулгадир Гезал жамоанинг ҳозирги ҳолатига изоҳ берди. 

"Қорабоғ - бу бизнинг фахримиз. Биз жамоани сўнгги тийингача қўллаб-қувватлаймиз. "Қорабоғ" жамоаси Қорабоғ мавжудлигининг исботи ҳисобланади. 

Мамлакат президенти Илҳом Алиев УЕФА чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичига чиққан "Қорабоғ" футбол клуби аъзоларини қабул қилди. Президент бу тарихий ғалабанинг севимли "Қорабоғ" жамоаси томонидан эришилгани учун ҳам муҳимлигини таъкидлади:

Фото:  Ҳайдар Алиев номидаги маданият маркази

"Қорабоғ" жамоаси Қорабоғ номини олган. Шунинг учун ҳам сизнинг ғалабангиз жуда катта аҳамият касб этади. Бу шунчаки спортдаги ғалаба эмас, бу - давлатмизнинг, Озарбойжон ёшлари, ватанпарварларининг ғалабаси. Сиз футбол соҳасида Озарбойжон байроғини юксакларга кўтардингиз. Ишончим комилки, Озарбойжоннинг ҳар бир ватанпарвар фуқароси ва чет элларда яшовчи миллионлаб озарбойжонлар сизнинг ғалабангиз учун чин дилдан хурсанд бўлишган ва "Қорабоғ"нинг бугун дунё ва Европанинг энг кучли футбол жамоалари сафига киришидан фахр туйғусини ҳис қилишган. Сизларнинг ғалабангизни юксак қадрлайман. Бу ғалаба тарихга битилди ва унга айнан "Қорабоғ" жамоасининг эришгани жуда адолатлидир. Яна бир бор сизларни табриклайман, катта муваффақиятлар тилайман. Гуруҳ босқичида ҳам мамлакатимиз номидан муносиб ўйин кўрсатишингизга ишонч билдириб қоламан".

Фото:  Ҳайдар Алиев номидаги маданият маркази