Миллий хавфсизлик хизмати тезкор ходимлари Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти қошидаги ҳайдовчилик курсларига фуқароларни пул эвазига киритиб қўйишни ваъда қилган фирибгар аёлни қўлга олишди.

МХХ идораларига Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманида яшовчи "Р.З." мурожаат қилиб, ўз аризасида Фарғона шаҳрида яшовчи Гулнозхон исмли аёл ундан Мудофаага кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти қошидаги ҳайдовчилик курсларига қариндошини киритиб қўйишга ёрдам кўрсатиш учун 1,5 минг АҚШ доллари талаб қилаётганини билдирган.

Ушбу ариза асосида Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Бош прокуратура қошидаги Департамент билан ҳамкорликда тезкор гуруҳ ташкил этилди, аёл юқори кўрсатилган маблағларни Фарғонадаги хонадонида олаётганида ашёвий далил билан қўлга олинди.

Тергов жараёнида қўлга олинган шахс Марғилон шаҳрида яшовчи, вақтинча ишсиз 47 ёшли Гулнозхон Хожибалаева экани аниқланди. У гўёки ҳарбий комиссариат (военкомат) ходимлари орқали ариза ёзган шахснинг қариндошини «Ватанпарвар» ташкилоти қошидаги ҳайдовчилик курсларига киритиб қўйиш ниятида бўлган.

Таъкидлаб ўтиш лозимки, ушбу курсни битиргач, «В» ва «С» тоифасидаги автотранспортни бошқариш учун гувоҳнома олинади ҳамда битирувчилар мажбурий тартибда Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари сафига йўналтирилади, у ерда ҳайдовчилар сифатида муддатли ҳарбий хизматни ўтайдилар.

Бош прокуратура ҳузуридаги солиқ, валютага оид жиноятлар ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши кураш департаменти Г.Хожибалаевага нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168- (Фирибгарлик) ва 211-моддалари (Пора бериш) билан жиноят иши қўзғатди. Тергов давом этмоқда.