7 сентябрь куни Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян истеъфога чиқарилди. Мураббий кетиши билан кўпчилик турли тахминларни ўртага ташлай бошлади. Жумладан кеча Tribuna.Uz сайтида ҳам терма жамоамизни бошқариши мумкин бўлган 6 нафар мутахассис ҳақида ёзилди. Бугун ушбу мақоланинг давоми сифатида терма жамоамизни бошқариши мумкин бўлган бошқа мутахассислар ҳақида сўз юритамиз.

Ўтган галги мутахассислардан фарқли томони, бугун биз санамоқчи бўлган номзодлар нисбатан бизга, аниқроқ айтадиган Ўзбекистон шароитида талаб кучли бўлган рус тилини билувчи мутахассислардан тузилган. Одатда бизда хориждан мутахассис ёки футболчи жалб қилинганда биринчи навбатда унинг ҳеч бўлмаса рус тилини билиши инобатга олинади. «Бунёдкор»нинг омон-омон замонларида Зико ва Сколарининг жалб этилганини ҳисобга олмаганда (шу жумладан футболчиларнинг ҳам) бошқа деярли барча ҳолатларда айнан юқорида биз санаган омил — Ўзбекистонда муомалада бўлган тилда гаплаша олиши инобатга олинади. Оддий мисол. Ёздан бошлаб бутунлай янгича мақсадлар ва катта шов-шув билан яна катта саҳнага қайтган «Пахтакор» ҳам ўзига янги мураббийни Ғарбий Европада ишлаш тажрибасига эга бўлган мутахассислардан излади ва охир-оқибатда худди шундай номзоднинг рус тилини биладиган варианти топилди — Шота Арвеладзе.

ЎФФга келадиган раҳбариятнинг олдига қўйган мақсади қандай эканини билмаймиз. Лекин агар уларда хориждан мутахассис жалб қилишни исташса, кўп эҳтимол билан унинг рус тилини билишини муҳим аҳамият касб этишини кутиш мумкин. Шу маънода бугун санамоқчи бўлган мутахассислар айнан шу талабга мос келади.


Виктор Скрипник (Украина)
Ёши: 47

Ўтган йилнинг сентябрида Германиянинг «Вердер» клуби бош мураббийлигидан озод этилганди. Унгача эса айнан Скрипник Бремен клуби бундеслигада қолиши учун катта ишни амалга оширганди.

Очиғини айтишим керак. Ўзбекистон терма жамоасига хориждан мутахассис керак деган ўй хаёлимдан ўтганидан буён негадир шу ўринга айнан Скрипник энг муносиб номзоддек кўринаверади. Нега? Биринчидан, юқорида айтган сабабим Скрипник украиналик собиқ ҳимоячи, рус тилини жуда яхши билади ва тил борасида ортиқча муаммога дуч келмаслиги тайин. Иккинчидан, у фаолиятининг катта қисмини айнан Германияда, «Вердер» тизимида ўтказган. Футболчилик фаолиятини якунлагач, клубнинг турли ёш тоифаларидан бошлаб, асосий жамоа бош мураббийлигига қадар етиб келган. Олдинги мавсумда айнан у жамоага келгач, бременликлар Германия юқори дивизионида жон сақлаб қолганди. Клубнинг барча ёш тоифаларида ишлагани унга, ёшларни кашф қилишида қўл келади. Бор имкониятдан келиб чиқиб (Нақадар ЎФФга мос жумла) жамоани ўйната оладиган мураббий бугунги кунда терма жамоамиз учун жуда зарур бўлиб турган «янги қон» қуйиш осонроқ амалга ошира олиши мумкин. 

Аммо бу таклифнинг бир қатор минуслари ҳам бор. Скрипник «Вердер» тизимидан чиқиб келганига қарамай, қадрдон жамоасида ҳам йилига 600 минг евро маош оларди. Агар уни Ўзбекистонга таклиф қиладиган бўлсак, мутлақо бегона жойга келиши камида икки-уч баравар нарх сўрашини кутишимиз мумкин. ЎФФ ўз олдига жиддий мақсад қўйган бўлсагина бундай таклиф билан чиқишни кутишимиз мумкин. Яна бир салбий томони, Скрипникнинг хоҳишлари. Жорий йил бошида уни Беларусь ФФ терма жамоага олиб келиш учун қаттиқ ҳаракат қилди. Лекин негадир Скрипник терма жамоани бошқаришни истамади. Ҳозиргача бунинг сабаби аниқ эмас. Балки украиналик мутахассис умуман терма жамоа бош мураббийи сифатида ишлашни истамагандир.


Павел Врба (Чехия)
Ёши: 53

Чехиялик мутахассис асримизнинг иккинчи ўн йиллигида Европа футболига «Виктория Плзень» жамоаси билан еврокубокларда қайд этган натижалари орқали кириб келди. Чех клубини ўз тарихида биринчи марта ЕЧЛ гуруҳ босқичига олиб чиққан Врба тез орада шов-шувли натижалари билан ҳам танилди. Кўп ўтмай уни Чехия терма жамоаси бош мураббийлигига ҳам таклиф этишди. Терма жамоа билан у 2016 йилда Европа чемпионатида ҳам ишлашга улгурди.

Шундан сўнг у Россияга «Анжи» бошқарувига келди. Махачқалъа клуби билан мавсум стартида шов-шув кўтарган мураббий («Зенит»ни бугунги «Анжи» 4:0 ҳисобида енга олиши катта натижа албатта) кейинчалик раҳбарият билан келишмовчилик туфайли Чехияга кетиб қолди. 7 ой давомида бўш юрган Врба яқинда «Виктория»га қайтгани маълум бўлди. Аммо унга яхшироқ таклиф билан чиқилса ва аниқ мақсадли режалар тақдим этилса, Ўзбекистон терма жамоасини бошқариши мумкин. Унинг терма жамоа мураббийи сифатидаги тажрибаси ҳам бизга қўл келиши мумкин.


Предраг Йоканович (Сербия)
Ёши: 48

Футболчилик фаолиятининг асосий қисмини Португалияда ўтказган Предраг мураббийлик фаолиятининг аксар қисмини ҳам айнан Пириней яриморолида ўтказди. Камтар «Насьонал» жамоаси бош мураббийи сифатида у клубни икки марта еврокубокларга олиб чиқишни уддалади. Бир марта Мадейра кубогида зафар қучди. 3 йил олдин Анголада ишлаб келган мутахассис 2014 йилда яна «Насьонал»га қайтди. Жорий йил ёзида у яна истеъфога чиқарилди.

Хориждан мутахассисни нисбатан камхарж варианти зарур бўлганда айнан Йокановичнинг жамоага фойдаси тегиши мумкин. Унинг хорижда ишлаш тажрибаси ҳам терма жамоага қўл келиши мумкин.
 
Валерий Карпин (Россия)
Ёши: 49

Сўнгги пайтларда Россияда мураббий сифатида қадрланмаётган Карпин бизнинг шароитда топ-мураббий бўла олиши мумкин. Испаниядаги футболчилик фаолиятидан сўнг мураббий сифатида ҳам ишлаган («Мальорка»да) Карпин Россияда «Спартак» Москва ва «Торпедо» Армавир жамоаларидаги фаолияти орқали тажриба тўплади.

Сўнгги бир йилда МАТЧ ТВ телеканалида эксперт сифатида фаолият кўрсатган мутахассис, бир неча ой муқаддам бу лавозимидан кетди ва ҳозирда бўш юрибди. Мураббийликдаги қисқа муддатли танаффусдан яна «ёниб» турган Россия футболининг ўтмишдаги юлдузи ЎФФга мос келадиган иш бера олиши мумкин.

Албатта ҳозирча ЎФФ раҳбариятида қандай ўзгаришлар ва қандай мақсаддаги жамоа келиши номаълум. Балки уларнинг мақсади бутунлай бошқача бўлиши мумкин. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам кўзга ташландики, футболимизга бутунлай янги давр ибтидоси керак бўлмоқда. Бунинг учун эса хорижлик мутахассиснинг бўлиши жуда муҳим. Янглишмаётган бўлсам, Ўзбекистон терма жамоаси кейинги бир йил давомида бирорта расмий учрашувда иштирок этмайди. Бу эса хориждан таклиф этилган мутахассиснинг мослашиб, янгича жамоа тузиб олиши учун етарлича вақт дегани. Шундан ҳам билиб олиш мумкинки, хориждан мураббийнинг жалб этилиши учун ҳозир энг айни вақти.

Қолганини омон бўлсак кўрармиз.

Азамат Муродов