САВОЛ: Бир корхонада иккита лавозимда ишлаганлиги учун иш ҳақи тўлаш қандай амалга оширилади?

Ботирхон Утепбергенов.

ЖАВОБ: Меҳнат кодексининг 160-моддасига асосан бир неча касбда (лавозимда) ишлаганлик, ўриндошлик асосида ишлаганлик учун, хизмат кўрсатиш доираси кенгайганлиги, бажариладиган ишлар ҳажми ортганлиги учун ходимларнинг меҳнат ҳақи миқдори меҳнат шартномаси тарафлари ўртасидаги келишувга кўра белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 18 октябрдаги 297-сон қарори билан тасдиқланган «Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисида»ги низомга мувофиқ, касблар ва лавозимларда ўриндошлик асосида ишлаганлик, хизмат кўрсатиш зонасини кенгайтирганлик, ишлар ҳажмини кўпайтирганлик учун ходимларга қўшимча ҳақ тўлаш миқдори, агар жамоавий шартномада ёхуд иш берувчи томонидан касаба уюшма қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишган ҳолда қабул қилинган бошқа ички ҳужжатда ўзгача тартиб назарда тутилмаган бўлса, томонларнинг келишуви бўйича белгиланади.

Бюджет ташкилотларида касблар ва лавозимларда ўриндошлик асосида ишлаганлик, хизмат кўрсатиш зонасини кенгайтирганлик, ишлар ҳажмини кўпайтирганлик учун қўшимча ҳақ тўлаш миқдори ўриндошлик бўйича ишланаётган лавозим бўйича маошнинг (тариф ставкасининг) 30 фоизидан ортиқ бўлиши мумкин эмас.

Саволга ҳуқуқшунос Нафиса Усмонова жавоб берди.

Эслатма: «Юридик хизмат минбари»да саволларга берилаётган жавоблар тавсиявий характерга эга.