«Ўтган йиллар мобайнида мамлакатимизда фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этишини таъминлаш, ижро этувчи ҳокимият фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг изчил механизмларини яратиш, жамоатчилик назорати функцияларини янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда».

Бундай сўзларни бугун ўзини сиёсатга у ёки бу даражада дахлдор деб билган амалдорлар, партия вакилларию депутатларнинг оғзидан тез-тез эшитиб қоламиз, айниқса журналистларимиз шу сўзлар билан бошламаса мақолаларини бўялмаган уйдай хунук ҳис қилса, мухбирларимиз шу сўзларни гапирмаса, демократиянинг уволи тутадигандек гўё!

Лекин, халқимизда «ҳолва деган билан оғиз чучимайди» деган нақл ҳам борлигини унутмаслик керак. Аллоҳга шукрки, бу йил мамлакатимиз мустақиллигига ҳам 26 йил тўлди, ўтган вақт мобайнида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида қатор ютуқларни қўлга киритиб, дунё давлатлари орасида ўз ўрнимизга эга бўлдик. Аммо юқорида тилга олганимиз ижро этувчи ҳокимият фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш борасидаги қадамларимизга қарасам, вақт тўхтаб қолгандек туюлади менга.

Мустақилликнинг дастлабки йилларидан «Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари» деган демократик ғояни дастуриламал қилиб олдик. Бундай эзгу мақсадга етишиш учун, тан олиш керакки, бир қанча мақтангулик ютуқларга ҳам эришдик. Аммо фуқаролик жамиятининг энг муҳим белгиларидан бўлган жамоатчилик назорати институтини ривожлантириш масаласига келганда ҳануз муз устида юрган одамдек қадамларимизни жуда оғир босяпмиз.

Бундай дейишимга сабаб, Ўзбекистонда жамоатчилик назорати институти ҳалигача қонун ҳужжатлари орқали мустаҳкамлаб қўйилмаганидадир. Яъни, жамоатчилик назорати тўғрисидаги нормалар амалдаги қонун ҳужжатларида у ёки бу даражада тартибга солинган бўлса-да, аммо яхлит бир институт сифатида ҳеч қайси нормада акс этмаган, яъни жамоатчилик назорати институтининг тўлиқ моҳияти, жамоатчилик назоратининг турлари, шакллари ва субъектлари, назорат предмети, уни амалга оширишнинг ҳуқуқий механизмлари, қолаверса, мазкур соҳада амалдаги қонун ҳужжатларини ижро этмагани учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги шартлари каби масалалар шу кунгача бирорта қонун ҳужжати билан тартибга солинмаган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримов 2010 йил 12 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда Сенатининг қўшма мажлисидаги «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси» номли маърузасида мазкур муаммо хусусида тўхталиб, «давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан қонун ҳужжатларининг ижро этилиши устидан жамият, фуқаролик институтлари назоратини амалга оширишнинг тизимли ва самарали ҳуқуқий механизмини яратишга қаратилган «Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида»ги қонунни қабул қилиш фурсати етди», деб таъкидлаганларига ҳам ҳадемай 7 йил тўлади.

Етти йилда бешикдаги гўдак мактаб ўқувчисига айланади. Наҳотки бир қонунни ишлаб чиқиш шунча вақт олса? Бу орада депутатларимиз иссиқ ўринларини бир марта алмаштиришга ҳам улгурдилар, ўз ўринларини сақлаб қолган тажрибалиларию бундай мўътабар даражага етишган халқимизнинг орзу-умидларини амалга ошираман деб белини маҳкам боғлаб келган янги вакилларимиз ҳам ҳалигача жим. Нега? Бажариб бўлмас топшириқми бу? Бу қонунни амалга татбиқ этилишидан кимлар чўчияпти? Ёки ҳали бунга фуқароларимиз тайёр эмасми, ёки давлатми, балки баъзи амалдорларимиз тайёрмасдир ҳали? Яхшиси жамоатчилик назоратига берилган таърифларни баъзиларига эътибор қаратсак, масалага сал бўлса ҳам ойдинлик киритилади.

Жамоатчилик назорати деганда бу давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ҳамда нодавлат ташкилотлар фаолияти устидан фуқаролар, уларнинг бирлашмалари ва ўзини-ўзи бошқариш органлари, ОАВ, фуқаролик жамиятининг бошқа тузилмалари (институтлари), шунингдек, давлат ва нодавлат органлари таркибида тузилган жамоатчилик органлари томонидан қонун доирасида олиб бориладиган назорат тушунилади.

Дунё тажрибасидан маълумки, жамоатчилик назорати, биринчидан, фақатгина жамият учун эмас, балки давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятини самарали ташкил қилишда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Зеро, жамо­атчи­лик назорати қонунларнинг самарали ишлашини таъминлашга, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қи­лишга ҳамда уни ҳимоя қилишга даъват этади, давлат тузилмаларининг такомиллашувини таъминлайди.

Жамоатчилик назорати орқали мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги ва масъ­уллиги ошади. Бу ўз-ўзидан тараққиётнинг энг катта кушандаси бўлган коррупцияга қарши курашнинг ҳам энг самарали усулларидан биридир. У ўзида фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтлари манфаатларини уйғунлаштиради, жамоатчилик фикри ва кучига таянади.

Албатта, мамлакатимизда ижро этувчи ҳокимият фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш механизмларини шакллантиришга уринишлар йўқ эмас. Хусусан, жамоатчилик назоратининг ўзига хос жиҳатлари ва амалга ошириш механизмлари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва бир қатор қонун ҳужжатларида ўз аксини топди.

Масалан асосий Қонунимизнинг 2-моддасида давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъул эканлиги белгилаб қўйилиши ёки «Жамоат бирлашмалари тўғрисида», «Нoдaвлaт нoтижoрaт тaшкилoтлaри тўғ­­рисида», «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида», «Жa­­­­мoaт фoндлaри тўғ­ри­сидa», «Нoдaвлaт нoтижo­рaт тaшкилoтлaри фaoлия­ти­нинг кaфoлaтлaри тўғ­риси­дa», «Ҳoмийлик тўғрисидa» ва «Экологик назорат тўғ­рисида»ги қoнунлaр қабул қилингани ҳам шулар сирасидан.

Бироқ ушбу қо­нунлар таҳлили шуни кўрсатадики, уларнинг айримларида жамоат назорати ҳақи­да нормалар мавжуд бўлса-да, ушбу назоратнинг турлари, уни амалга оширишнинг усул ва шакллари, умуман олганда, назорат қилиш механизмларини назарда тутувчи махсус қоидалар мав­жуд эмас. Ўз нав­батида, Конституциянинг 32-моддасига иккинчи қисм сифати­да киритилган норма­ мамлакатимизда жамоатчилик назорати тушунчаси, турла­ри ва шакллари, уни амалга ошириш принциплари ҳамда уларни амалга татбиқ­ қилишнинг ҳуқуқий механизмларини мустаҳкамловчи «Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида»ги қонунни қабул қилиш заруриятини янада мустаҳкамлади­.

Бундан ташқари, 2014 йилда «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги ва «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги қонунларнинг қабул қилиниши давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашга, уларнинг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишда оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтиришга, жамоатчиликни давлат ҳокимияти органлари фаолияти ҳақида хабардор қилишга, мамлакатимизни демократик янгилаш ҳамда модернизация қилишга доир вазифаларни амалга оширишда оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институтларининг роли ҳамда аҳамиятини оширишга, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларининг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, битимлар ҳамда шартномалар, шунингдек, бошқа қўшма ҳужжатларнинг амалга оширилиши устидан жамоатчилик назорати ўрнатилишига хизмат қилди.

Айниқса, президентимиз томонидан 2016 йил 28 декабрда имзоланган «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармон имзоланиши юртимизда жамоат назоратини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарди, десак муболаға бўлмайди. Унга кўра ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналарига фуқаролар бевосита ўзларининг қийнаётган масалалар билан бир қаторда давлат ижро ҳокимияти раҳбарларининг ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги устидан, уларнинг мамлакатдаги қонун ва қонуности ҳужжатларига риоя этилиши устидан ҳам мурожаат қилиб, ўзига хос жамоат назоратини ўрнатилишида иштирок этишмоқда. Қолаверса, Президентимиз ташаббуси билан Халқаро Пресс клуб ташкил этилиши ва мамлакатдаги мавжуд муаммолар ошкора кўтариб чиқилаётгани мутасадди раҳбарлар фаолиятига омма олдида танқидий таҳлилий баҳо берилаётгани ҳам ОАВ томонидан ўрнатилаётган жамоат назоратининг бир шакли дейиш мумкин.

Шунга қарамай, мамлакатимизда демократик ислоҳотлар жараёни ва фуқаролик жамияти шаклланишининг жорий ҳолати жамоатчилик назорати институтини давлат ва жамият ўртасидаги ўзаро самарали мулоқот сифатидаги самарадорлигини янада ошириш мақсадида «Ўзбeкистoн Рeспубликaсидa жaмoaтчилик нaзoрaти тўғрисидa»ги қoнуннинг қaбул қилиниши заруриятини келтириб чиқармоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси натижасида эса ниҳоят бу муаммога ҳам эътибор қаратилди. Хусусан, ҳаракатлар стратегиясининг «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да амалга оширишга оид давлат дастурига кўра, бу йил «Жaмoaтчилик нaзoрaти тўғрисидa»ги Ўзбeкистoн Рeспубликaси қoнуни лойиҳасини ишлаб чиқиш кўзда тутилди. Ўйлайманки, бу сафар депутатларимиз бу топшириқни уддалашади.

Зеро, бу қонуннинг қабул қилиниши давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамият, фуқаролик институтлари назоратини амалга оширишнинг ҳуқуқий механизмини такомиллаштириши билан аҳамиятлидир.

Жамоатчилик назорати инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари нафақат давлат томонидан кафолатланганини, балки давлат органлари фаолиятида уларнинг устувор аҳамиятга эгалигини таъминлайди ва бунда жамоатчилик назоратининг мавжудлиги сиёсий ҳокимият том маънода халқ қўлида эканининг ифодаси ҳисобланади.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, жамоатчилик назорати институтини ҳуқуқий жиҳатдан мукаммал тартибга солмас эканмиз, фуқаролар давлат бошқарувида фаол иштирок эта олмайди, энг ачинарлиси, иқтисодий, ижтимоий, маънавий, ҳуқуқий, сиёсий ва бошқа соҳалардаги мавжуд муаммолар ечими бир неча йилларга чўзилиб кетиши муқаррар.

Шу ўринда мақоламни Мексиканинг энг машҳур президентларидан бири Бенито Хуареснинг «Қонун ҳамма нарсани белгилайди ва у ҳар бир одам учун муқаддас, шахсий иззат нафс эса ҳеч нарсага арзимайди», деган ибораси билан якунлайман. Сўнгги хулоса ўзингиздан, азиз қонун ижодкорлари. Унутманг, ушбу қонун ишлаб чиқилиб амалга татбиқ этилмас экан, фуқаролик жамияти ҳақидаги орзуларимиз сароб бўлиб қолаверади.

 

Шерали МАМАДЕЦОЕВ,

журналист