Зўравонлик йўли билан Ўзбекистонда шариат асосидаги диний давлат қуриш тарафдори бўлган Ургут туманида яшовчи икки фуқаро Жиноий ишлар бўйича Самарқанд вилоят судининг қора курсисидан ўрин олишди.

Суд вакилининг тушунтиришича, Ургут туманида истиқомат қилиб келган ота-бола Жамолиддин ва Ҳасан Пирматов Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрида меҳнат миграциясида бўлиб турган вақтларида «Ислом жиҳодчилари» радикал гуруҳининг эмиссарлари таъсири остига тушиб қолишади ва жиҳод қилишга ҳамда ислом халифалиги тузишга чорловчи турли экстремистик материалларни ўқиб-ўрганишади.

Шу мақсадда улар Интернет тармоғидан диний фундаментализм ва экстремизм ғояларини тарғиб қилувчи «Ўзбекистон исломий ҳаракати» террорчилик ташкилоти асосчиси Т.Йўлдошев ва бошқа радикал экстремистик ташкилотлар вакилларининг чиқишларини юклаб олишган ва ўрганишган.

Ушбу шахслар Марказий Осиё давлатларидан келиб чиққан бошқа ҳамфикрлари билан Сурияда жанг қилаётган халқаро жангари гуруҳлар аъзоларига қўшилиш йўли билан жиҳод уюштириш ғоясини тузиб юришган. Россия Федерацияси ҳудудида бўла туриб, оммабоп ижтимоий тармоқлар орқали диний экстремизм ғояларини тарғиб қилишган ва ўз қариндошлари ҳамда танишларини Ўзбекистонда халифалик тузиш учун гўёки «муқаддас уруш» олиб боришга чорлашган.

«Ўзбекистон ва Россия Федерацияси махсус хизматлари ходимлари томонидан олиб борилган оператив-қидирув ва махсус тадбирлар натижаси ўлароқ, ушбу шахсларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларига чек қўйилди. Ота ва бола ушланиб, Ўзбекистонга депортация қилинди», — деди суд вакили.

Жиноят иши материалларини кўриб чиққан ва гувоҳлар кўрсатмаларини эшитган суд Ҳ.Пирматовни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг бир қатор моддалари билан айбдор деб топди ва унга 10 йил озодликликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди, унинг отаси Ж.Пирматов эса 8 йилга озодликдан маҳрум этилди.