«Бавария» собиқ яримҳимоячиси Штефан Эффенберг мюнхенликлар клубига польшалик ҳужумчи Роберт Левандовскини сотиб юбориб, иқтидорли немис футболчиларига имкон беришни тавсия қилди.

Левандовски ўтган ҳафтада клуб «ПСЖ» ва «Барселона» каби футболчилар учун катта миқдорда маблағ тўлай олмаслигидан нолиганди.

«Левандовски клуб фалсафасига ҳужум қилди. Ули Ҳёнесс бир неча бор гапириб ўтгани каби жамоа янги футболчилар учун 100-150 миллион евро атрофида сарфламаслигини айтиб бўлганди. Шахсан мен ҳам ўтган ҳафтада «Бавария» катта пул сарфламаса «ПСЖ» ва «Барселона»дан қолиб кетишини гапиргандим. Аммо, Левандовски — клуб футболчиси. У бу гапларни гапиришдан олдин ўйлаб олиши ва жамоада муҳит бузилишига сабабчи бўлмаслиги керак эди.

Жамоада суперюлдузлар етарлича топилади. Янгиси учун 100-200 млн таклиф қилиш? Бу пулга ўз жамоасида қандай ўйнашни биладиган, халқаро майдонда муваффақият қозониш мумкин бўлган 5-6 нафар ёш иқтидорли немисларни таклиф этиш керак.

«Бавария»га тез орада хорижлик топ-легионерларнинг, жумладан Левандовскининг хизматидан воз кечишни таклиф қилган бўлардим. Хоҳласа «ПСЖ» ёки «Барселона»га ўтсин. Ўшанда у ўзига ёққан ишни қиладиган жамоада ўйнайдиган бўларди», — деб ёзган Эффенберг T-Online нашридаги колонкасида.