Украина чегара хизмати Польша билан чегарада ўрнатилган “Шегини” назорат-ўтказиш пунктида Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвили ва унинг тарафдорлари томондан чегаранинг оммавий равишда бузилиши ва ёриб ўтилиши ҳақида маълум қилди.

Маълум қилинишича, 10 сентябрь соат 20.00ларда бир гуруҳ тажовузкор кайфиятдаги шахслар миллий полиция ва чегара хизмати вакиллари билан муштлашув чиқариб, назорат пунктига бостириб кириб, Украина чегарасини бузган. Чегарани бузиб ўтганлар орасида депутатлар ҳам бўлган.

Аввалроқ Украина фуқаролигидан маҳрум этилган Саакашвили 10 сентябрда Украинага “Краковец” назорат пункти орқали қайтишини маълум қилганди. Бироқ у режаларини ўзгартириб, Украинага поездда қайтишга қарор қилган. Бироқ у Украина миллий темир йўл компаниясининг қаршилик кўрсатиши сабабли поездда қайта олмаган. Охир натижада у “Шегини” ўтказиш пункти орқали Украинага ўтиш учун чегарага автобусда келган.

Сиёсатчи тарафдорлари ёрдамида чегарачилар ва полициячилар кордонидан ўтиб, Украина ҳудудига ўтишга муваффақ бўлган. У чегарада тарафдорлари билан автобусга ўтириб, Львовга йўл олган. Украина чегара хизмати бошлиғи ёрдамчисининг айтишича, Саакашвили чегара назоратидан ўтмагани сабабли Украина чегарасини ноқонуний кесиб ўтган.

Шу муносабат билан Украина чегара хизмати прокуратурага мурожаат қилишга қарор қилган.

“Бу ерда бир қатор қоидабузарликлар бор. Ҳозир бизнинг вазифамиз бу қоидабузарликларни қайноқ излар бўйича қайд қилиб, уларни прокуратурага топширишдан иборат. Бу қоидабузарликлар қўриқланувчи объектга бостириб кириш, Польша томони билан халқаро келишувларнинг бузилиши, давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш, чегара хизмати ходимларига тан жароҳатлари етказишдан иборат”, деб айтган мутасаддилардан бири.

Маълум қилинишича, материалларни прокуратурага топшириш учун маълум вақт кетади. Расмий Киев ҳам Саакашвилини чегарани ноқонуний кесиб ўтишда айблаган.

“Ичида тайёрланган одамлар бўлган оломон чегара ўтказиш пунктидан ёриб ўтиб, деярли Польша ҳудудига бостириб кириб, у ердан Михаил Саакашвилини олиб, чегарачилар билан жанжал чиқариб, Саакашвилини Украинага тортиб кетди”, деб айтган манба.

Аввалроқ Украина президенти Саакашвилини фуқароликдан маҳрум этганди. Саакашвилининг ўзи бу вақтда АҚШда бўлган, кейинроқ Польша, Литва ва Венгрияга ташриф буюрган. У бир неча марта Украинага қайтиш истагида эканлигини айтган. Киев эса бу орада унинг Грузияга экстрадиция қилиниши масаласини ўрганаётгани маълум қилинганди.