5 сентябрдан Ўзбекистон Республикаси бўйлаб эркин конвертация амалиёти жорий этилиб, банкларда валюта сотилиши йўлга қўйилганидан буён тижорат банкларида аҳоли жами 200 миллион долларга яқин маблағни сўмга алмаштирган. Шунингдек, ўтган вақт ичида 100 миллион долларга яқин маблағ бошқа ҳамкорлар - юридик шахслардан сотиб олинган. Бу ҳақда бугун, 14 сентябрь куни Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 2 сентябрдаги «Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони ижросига бағишланган матбуот анжумани вақтида Марказий банк раиси биринчи ўринбосари Темур Аминжонович Ишметов маълум қилди.

У бу кутилганидан яхшироқ натижа эканини қайд этиб ўтган.

Анжуманда иштирок этаётган Kun.uz мухбирининг Марказий банк раиси ўринбосарига асосланиб хабар қилишича, эркин конвертацияга бир йил давомида тайёргарлик кўрилган, ўтган йилнинг сентябридаёқ бу борадаги ишлар бошланганди.

Ишметов валюта алмаштиришда ҳеч қандай чекловлар йўқлигини, валюта алмаштиришда маълум миқдорлар ўрнатилгани ҳақидаги гаплар асоссиз экани ва нақд пул етишмовчилиги кузатилмаслигини таъкидлаган. У шунингдек, эркин конвертация инфляцияга сабаб бўлмаслиги, нархлар кўтарилиши конвертация билан боғлиқ бўлмаслигини қўшимча қилган.