Бухоро вилоятининг Шофиркон тумани Жилвон қишлоғида яшовчи, ҳозирда Бухоро вилоят ИИБ 3-сонли Тергов ҳибсхонасида сақланаётган А.А.М. “Ғарбгазтаъминот” унитар корхонаси “Шофирконгаз” филиалида назоратчи сифатида ишлаб келиб, аҳолидан табиий газдан бўлган қарздорлик учун пул йиғиш унинг хизмат вазифасига кирмасада, 2013 йилда бошлаб жиноят содир этиш йўлига ўтиб, алдаш ва ўзига бўлган ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан 18 нафар фуқароларнинг мол-мулкини қўлга киритиш мақсадида, уларнинг табиий газдан бўлган қарздорлигини тўлаб беришликни ваъда берган. У мазкур пул маблағларини ўз эҳтиёжи учун сарфлаб, жабрланувчиларга эскидан қолган табиий газ тўловини амалга оширганлигини айтиб, уларни алдаб фирибгарлик жиноятларини содир қилган. Бу ҳақда KUN.UZ'га Бухоро ИИБ хабар берди.

Жумладан, А.А.М. ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, фуқаро М.Қ.ни алдаш ва ўзига бўлган ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан унинг мулкини қўлга киритиш мақсадида, унинг табиий газдан бўлган қарздорлигини тўлаб беришликни ваъда бериб, 300 АҚШ доллари миқдоридаги пулларини олиб, такроран фирибгарлик жиноятини содир қилган. Шунингдек, фуқаролар И.У.дан 500 минг сўм, И.И.дан 300 АҚШ доллари, М.В.дан 1.500.000 сўм, М.Э.дан 930.000 сўм, Р.Д.дан 2.100.000 сўм, Л.И.дан 500.000 сўм, М.Ш.дан 300.000 сўм, Я.С.дан 1.320.000 сўм, Д.Т.дан 1.480.000 сўм, Л.И.дан 1.000.000 сўм,  Х.С.дан  550.000 сўм миқдоридаги пулларни олиб ўзининг эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган бўлса,  фуқаро Ж.Н.ни ҳам ўзининг тузоғига илинтириб, ундан 1.500.000 сўм пулларни фирибгарлик йўли билан олганлиги аниқланган.

Юқорида қайд этилган ҳолатлар юзасидан А.А.М.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 1-, 2- ва 3-қисмлари  билан айблов эълон қилиниб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган.