Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Товарлар (ишлар, хизматлар) экспортини рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 1997 йил 10 октябрдаги ПФ-1871 сонли Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ва инсоният хавфсизлигига қарши, ҳудудий яхлитликни, давлат суверинитети ва сиёсий мустақилликни бузишга қаратилган босма нашриёт маҳсулотлари, қўлёзмалар, клише, расмлар, фотосуратлар, фотоплёнкалар, негативлар, кино, видео ва аудио маҳсулотлари, овоз ёзилган материаллар, шунингдек уруш, терроризм, зўравонлик, миллий ажратиш ва диний қаршилик, ирқчилик ва унинг турларини (антисемитизм, фашизм) тарғиб этувчи ҳамда порнографик мазмундаги материалларни олиб кириш тақиқланган.

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси фуқаролар томонидан божхона қонунбузилиши ҳолатларининг олдини олиш ва уларга ҳуқуқий тушунчалар бериш мақсадида барча чегара ва ташқи иқтисодий фаолият божхона постларида норматив ҳуқуқий ҳужжатлар жойлаштирилган пештахталар мавжуд бўлиб, бу ҳақдаги маълумотлар акс этган видеороликлар божхона постларидаги мониторлар орқали мунтазам намойиш этиб борилмоқда, деб хабар берди KUN.UZ’га Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ахборот хизмати.

Шу билан бирга, божхона ходимлари божхона чегараси орқали ўтаётган фуқароларга оғзаки тушунтириш ишларини ҳам олиб боришади. Шунга қарамай, айрим фуқароларнинг ноутбук, қўл телефони ва бошқа ахборот ташувчи воситаларда беҳаёлик ва зўравонликни тарғиб этувчи материалларни олиб ўтишга бўлган уринишлари ҳам учрамоқда.

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари томонидан  беҳаё ва зўравонлик мазмунидаги фотосуратлар, видеофильм ва роликларни божхона чегараси орқали ноқонуний олиб ўтишга ҳаракат қилган бир гуруҳ «телеграммчилар» аниқланди.

Жумладан, «Келес» темир йўл чегара божхона пости ходимлари «Новосибирск-Тошкент» йўналиши бўйича кириб келган поезд йўловчиси фуқаро Ж.Жумаевда (мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган) йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган ва оғзаки сўровда тақдим қилинмаган Samsung русумли уяли телефон борлиги аниқланди. Телефоннинг «Telegram» номли папкасида беҳаё мазмундаги 12 та видео ва беҳаё мазмундаги 65 та фото файллар ҳамда ваҳшийликни тарғиб қилувчи видео ролик борлиги маълум бўлди.

Шунга ўхшаш ҳолатда  «Москва-Тошкент» йўналиши бўйича кириб келган фуқаролар М.Узоқов ва Б.Закировлар божхона назоратидан четлаб олиб ўтмоқчи бўлган «Samsung» русумли уяли телефонларининг «Telegram» папкасида беҳаё мазмундаги 84 та видео файллар ва 255 та фотосуратлар борлиги маълум бўлди.Телефон эгалари қўл телефонларига фото ва видеофайллар қандай қилиб тушиб қолганидан гўёки бехабар экан.

Мазкур ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 189-моддаси билан маъмурий иш юритилиб, кўриб чиқиш учун тегишли суд идораларига юборилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига кўра, порнографик, шунингдек зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш фуқароларга энг кам иш ҳақининг 50 бараваридан 100 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 100 бараваридан 150 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шундай ҳаракатлар маъмурий жазо қўлланилганидан кейин такроран содир этилса, у ҳолда айбдор шахслар Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига мувофиқ, энг кам ойлик иш ҳақининг 400 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Шу ўринда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси фуқаролардан божхона қонунчилиги бузилишига доир ҳолатлар ёки божхона ходимларининг ноқонуний ҳаракатлари юзасидан 120-76-71 ишонч телефонига қўнғироқ қилишлари мумкинлигини маълум қилади.