Жорий йилнинг 18 сентябрь куни Миллий матбуот марказида “Тиббий патронаж: аниқ ҳудуд, аниқ муддат ва аниқ шахсга қаратилган хизмат” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. Унда Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасадди ходимлари, бошқарма бошлиқлари, ихтисослаштирилган ва илмий-амалий тиббиёт марказлари, республика даражасидаги даволаш-профилактика муассасалари раҳбарлари ҳамда журналистлар иштирок этди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот  хизматининг KUN.UZ’га маълум қилишича, тадбир давомида вазирлик тизимида тиббиётнинг бирламчи бўғинини ривожлантириш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар, тиббий патронаж хизмати билан аҳолини қамраб олиш йўналишлари, олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижаси ва истиқбол режалар хусусида батафсил маълумот берилди.   

Патронаж хизмати ҳомиладорлар, гўдаклар, ёш оилалар, кексалар, янги фарзанд кўрган аёллар ва парваришга муҳтож ёлғиз қария, ногирон ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга уй шароитида тиббий хизмат кўрсатиш тизимидир. Демак, бу соҳа бутун мамлакат аҳолиси саломатлигига жавобгар йўналиш. Шу маънода, патронаж хизмати ривожидан, аввало, оналар ва болалар соғлиғини мустаҳкамлаш, уларни тўлиқ патронаж тизими билан қамраб олиш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, касалликларнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини, жумладан, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишни тарғиб этиш каби мақсадлар кўзда тутилган. 

Анжуманда алоҳида қайд этилганидек, Президент Шавкат Мирзиёев Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида соғлиқни сақлаш соҳасини янада ислоҳ этиш, энг аввало, унинг бирламчи бўғинидаги бўлинмалари ва қишлоқ врачлик пунктлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш юзасидан чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш давлатнинг эътибор марказида бўлишини алоҳида таъкидлаган эди. Ушбу эзгу мақсад мамлакат раҳбари бошчилигида соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан бўлган учрашувларда ҳам алоҳида қайд этилди. Дарҳақиқат, бирламчи тиббий бўғинга давлат миқёсида қаратилаётган эътибор ушбу тизимда фаолият юритаётган ҳар бир тиббиёт ходими зиммасида улкан масъулият борлигини кўрсатмоқда. Демак, бирламчи тиббий-санитария хизмати ишини ана шу мезонлар асосида, халқимизнинг талаб ва эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда ташкил этиш бугунги кун талабидир. Шу мақсадда, аҳолига энг яқин тиббий бўғинда қатор ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йилнинг 29 мартида қабул қилинган ПҚ-2857-сонли қарори бу борадаги вазифаларни амалга оширишда муҳим дастуриламал ҳужжат вазифасини ўтамоқда. Қарор бирламчи тиббиёт муассасалари жойлашувини оқилона ташкил этиш, уларда кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш, патронаж тизимини сифат жиҳатдан тубдан яхшилаш, мамлакатда, унинг ҳар бир ҳудуди ва аҳоли яшаш пунктларида касалланиш даражасини пасайтириш, профилактика ишларини янада яхшилашга қаратилган. Ҳужжат ижроси доирасида 793 та қишлоқ врачлик пункти негизида қишлоқ оилавий поликлиникалари, 441 та тез тиббий ёрдам шохобчаси ташкил этилди. Фаолияти тугатилган 658 та ҚВП биноларини ҚВП ва поликлиника шифокорлари учун хизмат уй-жойи сифатида фойдаланишга берилмоқда. ҚВПлар, оилавий ва кўп тармоқли поликлиникаларда хизмат кўрсатиш вақтини соат 08:00 дан 20:00 гача узайтириш ҳисобига аҳоли учун бирламчи тиббий-санитария ёрдамидан фойдаланиш имконияти кенгайтирилмоқда.

Мазкур қарорнинг мантиқий давоми сифатида жорий йилнинг 13 сентябрь куни Вазирлар Маҳкамасининг  “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами  муассасаларида тиббий хизматлар сифатини яхшилашга, ўтказилаётган профилактика тадбирларининг самарадорлиги учун масъулиятни оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, бириктирилган ҳудудда оилаларнинг тўлиқ патронаж билан қамраб олинишини таъминлаётган ва ўз фаолиятининг ижобий пировард натижаларига, шу жумладан, касалликка чалиниш пасайишига, гўдаклар ва оналар ўлими бўлмаслигига эришган патронаж тиббиёт ҳамширалари ва умумий амалиёт врачларига тариф ставкасининг 5 фоизидан 20 фоизигача   миқдорда ҳар ойлик шахсий устама  белгиланди. 

Бундан ўн йиллар олдин қишлоқ врачлик пунктлари тармоғи яратилган эди. Ўша пайтдаги шароитда мазкур тизим катта ютуққа айлангани бор гап. Аммо бугун фақат шу билан чекланиб қолиш ярамайди. Боиси эндиликда бутун жаҳон тиббиётида касалликнинг олдини олиш, профилактика қилиш устувор мақсад сифатида қўйилгани ҳолда, янгича қоидалар асосида фаолият юритилмоқда. Шунингдек, тезкорлик, беморлар учун қулайлик яратиш ва бошқа йўналишлардаги тамойилларда ҳам замон талаблари ўзгарган. Энди касалликни даволаш эмас, олдини олиш — хасталикка сабаб бўлувчи омилни олдиндан аниқлаб, бартараф этиш механизмини йўлга қўйиш талаб этилмоқда. Буни эса тиббий патронаж хизмати билан оилаларга кириб борган ҳолдагина амалга ошириш мумкин.

Шу нуқтаи назардан қишлоқ оилавий поликлиникаси собиқ ҚВПдан тубдан фарқ қилади. Янгидан ташкил этилаётган ушбу муассасалар замонавий тиббий асбоб-ускуналар — УТТ, ЭКГ ва бошқа текширув аппаратлари билан жиҳозланмоқда. Қишлоқ оилавий поликлиникаларида умумий амалиёт шифокори ва ўрта тиббиёт ходимларидан ташқари, жарроҳ, педиатр, акушер-гинеколог, стоматолог, ультратовуш текшируви мутахассиси каби тор мутахассислар фаолияти йўлга қўйилаётгани аҳоли тиббий кўрик ва маслаҳат олиш учун туман марказига, кўп тармоқли марказий поликлиникага қатнаб юришининг олдини олади. 

Бунда кадрлар таъминоти ҳам эътибордан четда қолаётгани йўқ. Жорий йилнинг ўзида 3197 нафар бакалавриат битирувчиларининг 79 фоизи бирламчи тизимга ишга юборилди. 

Қайд этилганидек, патронаж хизмати мамлакат тиббиёти учун янги йўналиш эмас. Бу борада маълум тажриба ва ютуқлар ҳам мавжуд. Аммо олдинда оилаларга кириб бориш механизмини тизимли асосда йўлга қўйиш вазифаси турибди. Бундан ташқари, оилага кириб боришнинг ўзи кифоя қилмайди. Патронаж ҳамширага маълум вазифа ва масъулият ҳам юклатилган. Яна бир жиҳатни инобатга олиш керакки, вазифалар тақсимотидаги мавҳумликлар, ҳудуд аҳолиси ҳақида тўлиқ маълумотнинг мавжуд эмаслиги, қолаверса, аҳоли орасида тиббий патронажнинг мазмун-моҳияти тўла-тўкис англаб етилмагани каби омиллар сабаб, ушбу хизмат ўз вазифасини кўнгилдагидек адо эта олмаётганди. Шунинг учун ҳам патронаж хизмати тубдан модернизация қилиниб, ҳуқуқий асослар мустаҳкамланмоқда, моддий база яхшиланаяпти. Хусусан, Президент Ш.Мирзиёев топшириғига кўра, патронаж хизматининг мазмун-моҳияти ва асосий вазифаларини аниқ белгиловчи Вазирлар Маҳкамасининг Низоми тасдиқланиши кутилмоқда.

Аммо натижалар билан мақтанишга ҳали эрта. Бирламчи хизматдан аҳолини рози қилиш учун олдинда жуда катта вазифалар турибди. Хусусан, қишлоқ оилавий поликлиникаларини замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан босқичма-босқич таъминлаш, тиббиёт олий таълим муассасалари бакалавриат таълим йўналиши битирувчиларини ҚВП ва қишлоқ оилавий поликлиникаларида 3 йилдан кам бўлмаган муддатга йўналтириб, уларга маҳаллий ҳокимликлар томонидан шароит яратиб бериш, ҚОПва ҚВПларни дори воситалари ва тиббий буюмлар, билан таъминланиш даражасини яхшилаш ва натижада аҳолини тиббий патронаж билан 100 фоиз қамраб олиш кўзда тутилган.