АҚШ президенти Дональд Трамп твиттерда гўёки гольф тўпчаси билан Ҳиллари Клинтонга зарба бергани видеоролигини репост қилди.

Ушбу видеода Трампнинг гольф ўйнаётгани ва Клинтоннинг 2011 йилда самолётга ўтираётганда йиқилиб тушгани лавҳалари бирлаштирилган. Видео муаллифи шунингдек Клинтоннинг орқасига келиб уриладиган гольф тўпчасини қўшган. “Дональд Трампнинг ажойиб зарбаси” дейилган видеога изоҳда. 

Кўпчилик фойдаланувчилар Трампнинг твиттерида бундай видеонинг жойлаштирилишини номақбул деб топганлар.

“Мана 45-президент нима учун тарихга энг ёмон, энг ёқимсиз одам сифатида киришига ёрқин мисол”, деб ёзган Kerri номли фойдаланувчи.

“Мен сиз бундай нарсаларга нафақат бепарво қарашингиз, балки уларни кўз-кўз қилишингизга ишона олмайман. Сиз учун жуда ҳам уятдаман”, деб изоҳ қолдирган Cindy Stockton. 

Бироқ баъзи обуначилар Трампнинг ретвитини “ижобий” баҳолашган.

“Ха-ха, президентимизда ажойиб юмор ҳисси бор”, деб ҳисобламоқда Andra L Stock.

Аввалроқ ҳам Трамп шунга ўхшаш роликларни твиттерда жойлаштирганди. Мисол учун, у июлда юзи CNN логотипи билан ёпилган одамнинг калтакланаётгани видеосини жойлаштирганди. Шундан кейин Оқ уй эгаси кўплаб танқидларга учраганди.