Ўзбек халқи азалдан бағрикенглиги, меҳнаткашлиги билан ном қозонган. Айниқса, сўлим табиат бағрида, қишлоқларимизда истиқомат қилаётган юртдошларимиз чорвачилик, паррандачилик ва бошқа кўплаб фаолият турлари билан доимий равишда шуғулланиб келишган. Биргина чорвачиликнинг ўзи аҳолининг сут, гўшт маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириши мумкин. Демак, бу соҳани янада ривожлантириш фойдадан холи эмас.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли топшириқларига асосан, Халқ банки мамлакатимизда чорвачилик соҳасини ривожлантириш масалаларига масъул ҳисобланиб, жорий йилда бу соҳада бажарилиши лозим бўлган аниқ вазифалар белгилаб олинган.

Хусусан, 2017 йилда қишлоқ хўжалигининг 9 та соҳасини янада ривожлантириш, айниқса, Республикамизда чорвачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмини янада кўпайтиришга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига ички истеъмол бозорларини арзон ва сифатли чорвачилик маҳсулотлари билан таъминлаш ҳамда янги иш ўринларини яратиш борасида банк томонидан қатор ишлар амалга оширилди.

Охирги ўн йил мобайнида ҳукуматимиз томонидан соҳада наслдорликни ошириш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида чорвачиликка ихтисослаштирилган фермер хўжаликлари хориждан келтирилган наслдор қорамоллар билан таъминланмоқда. Шу боис Халқ банки томонидан биргина жорий йилнинг ўзида Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармалари ҳамда “Насл-хизмат” уюшмаси таркибидаги корхоналар иштирокида ҳар бир чорвачилик йўналишидаги  хўжалик бўйича алоҳида хўжалик паспорти ишлаб чиқилиб, шакллантирилди.

Амалга оширилган ишлар натижасида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Халқ банки томонидан чорвачилик йўналишидаги 1 414 та лойиҳага 162,3 млрд. сўм миқдорида кредит маблағлари ажратиб берилди. Қувонарлиси шундаки, амалга оширилган лойиҳалар ҳисобидан 7726 янги иш ўрни яратилди.

Бундан ташқари, 14,4 млн. АҚШ доллари миқдоридаги  маблағ конвертация қилиниши эвазига хориждан олиб келинган 4 513 бош наслдор қорамол хўжаликларга тарқатилди.

Самарқанд вилоятининг Паст дарғом туманидаги “Чортут”  фермер хўжалиги Германия давлатидан 4,1 млрд.сўм кредит маблағлари ҳисобига 400 бош “Голштин” зотли наслли қорамоллари олиб келиш бўйича импорт шартнома имзолаб, 196 бош олиб келинди ва шу йилнинг октябрь ойига қадар яна қолган 204 бош наслли қора моллар тўлиқ олиб келиш ишлари амалга оширилади.

Шунингдек, Сурхондарё вилояти Денов туманидаги “Raxmon-Taraqqiyot-omad” чорвачилик-бурдоқичилик корхонаси Германия ва Украина давлатларидан 1,3 млрд.сўм кредит маблағлари ҳисобига 190 бош “Голштин” ва “Симментал” зотли наслли қорамол, Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги “Анор Агро Чорва” фермер хўжалиги Германиядан 1,4 млрд.сўм кредит ҳисобига сут йўналишидаги 165 бош “Голштин” зотли наслли қорамол, Тошкент вилояти Янгийўл тумани “ABDUKARIM - NURJAN ZIYOSI” фермер хўжалиги айни давлатдан 1,5 млрд.сўм кредит маблағлари ҳисобига сут йўналишидаги 150 бош наслли қорамол олиб келди. Ҳозирда улар томонидан сут ва сут маҳсулотлари қайта ишланиб, аҳолига етказиб берилмоқда.

Шу билан бирга, Навоий вилоятининг Қизилтепа туманидаги “Янги Аср” фермер хўжалигида 18,0 млрд.сўмлик лойиҳа асосида хориждан наслли қорамоллар, сут ва сут маҳсулотларини қайта ишлаб чиқариш ускуналарини сотиб олиш ҳамда замонавий чорва комлексини барпо этиш ишлари олиб борилаётган бўлса, Қашқадарё вилояти Косон туманидаги “Истиқлол” хусусий савдо ишлаб чиқариш корхонаси 15,0 млрд. сўмлик лойиҳа асосида хориждан наслли қорамоллар, сут ва сут маҳсулотларини қайта ишлаб чиқариш ускуналарини сотиб олиш ҳамда замонавий чорва комлексини барпо этиш ишлари олиб борилмоқда.

Банк томонидан чорвачиликнинг муҳим йўналишларидан бири бўлган эчкичилик соҳасини ривожлантириш бўйича ҳам ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Франция, Германия, Россия ва Чехия давлатларидан жами 3476 бош эчки сотиб олиш учун 8,7 млрд. сўм бўлган 8 та импорт шартномалари тузилди.

Маълумотларга кўра, сут йўналишидаги 1261бош наслли эчкиларни, жун йўналишидаги 804 бош наслли эчкиларни келтириш учун ишбилармонларга 1 млн. 290 минг АҚШ доллари конвертация қилиб берилди.

Айтиш жоизки, бутун дунё бўйича эчкичиликнинг гўшт, сут ва тивит йўналишлари мавжуд бўлиб, бу соҳа билан шуғулланиш алоҳида муҳит ва тайёргарлик, ортиқча харажатларни талаб қилмайди. Айниқса, бизнинг иқлим шароитимиз соҳани ривожлантиришга жуда мос келади.

Халқ банки кўмагида барпо этилган Бухоро вилоятининг Бухоро туманида фаолият юритаётган “Бухоро темир отлари” маъсулияти чекланган жамияти 980 млн.сўм кредит маблағи ҳисобига 356 бош “Заанен” зотли наслли эчкилар олиб келди. Андижон вилоятининг Олтинкўл туманидаги “Бахт имкон ривож чорваси” фермер хўжалиги Германиядан сут йўналиши бўйича 292 бош “Заанен” зотли наслли эчкилар келтирди. Бундан ташқари, ушбу фермер хўжалиги Австрия давлати билан 1,8 млрд.сўм кредит маблағи ҳисобига 1000 бошли  “Заанен” зотли наслли эчкилар олиб келиш бўйича импорт шартномаси имзолаб, шу йилнинг сентябр ойига қадар наслли эчкиларни тўлиқ олиб келиш ишлари амалга оширилади.

Қорақалпоғистон Республикасининг “Панаев Фармс” фермер хўжалиги ҳам сут йўналиши бўйича 1,3 млрд.сўм кредит маблағлари ҳисобига 305 бош “Заанен” зотли эчкиларини олиб келиб,  эчкичиликни ривожлантириш бўйича дадил қадамларни ташламоқда.

Бундай комплексларнинг яратилишида юқори сифатли эчки гўшти етиштиришнинг янги технологияларини ишлаб чиқиш, соҳада наслчилик билан шуғулланувчи фермер ва деҳқон хўжаликларини кўпайтириш, эчкичилик тармоқлари бўйича ихтисослаштирилган хўжаликлар ташкил этиш каби қатор устувор вазифалар ҳам белгиланган.

Жорий йил якунига қадар чорвачилик йўналишида 107 млрд.сўм кредит маблағлари ажратилиши ва 8230 бош наслли қорамол чет элдан олиб келиниши режалаштирилган.

Хулоса қилиб айтганда, Халқ банки томонидан ҳар бир чорвачилик комплексларининг замонавий талабларга жавоб берадиган моддий-техника базасини босқичма-босқич ривожлантиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Бу эса ўз навбатида ишлаб чиқариш жараёнларининг янада кенгайишига, меҳнат унумдорлигини ошишига, энг муҳими фуқароларимизни ўз фаолиятидан рози бўлишига замин яратади.