Америкалик актёр Морган Фримен яқинда ташкил этилган «Россияни тергов қилиш бўйича қўмита» нотижорат давлат ташкилоти номидан видеомурожаат билан чиқди ҳамда АҚШ демократиясини ҳимоя қилишга чақирди.

«Фильмнинг сценарийси шундай деб фараз қилинг: ДХҚ собиқ жосуси ўз Ватани «ҳалокатга учраганидан» қаттиқ ғазабланиб, ўч олиш учун йўл қидиради. У алғов-далғовликдан фойдаланиб, Советлар Иттифоқидан кейинги даврдаги Россияда карьера зинапояси бўйлаб юқорига қараб кўтарилади ҳамда президент бўлади. У авторитар режимни ўрнатади ва ўз нигоҳини ашаддий душманига қаратади», - деди Фриман.

Шундан сўнг видеороликда Россия президенти Владимир Путиннинг тасвири пайдо бўлади ҳамда Морган Фримен Россия раҳбарияти демократик давлатлардаги кишиларда ОАВ ва сиёсий жараёнларга шубҳа уйғотаётганини маълум қилган.

«Бизга ҳужум қилишди. Биз уруш олиб бормоқдамиз», - дейди актёр ролик аввалида.

Бундан ташқари, Фримен АҚШ президенти Дональд Трампни Россия 2016 йилги президентлик сайловларига аралашганини тан олиш, ҳамда демократияни ҳимоя қилишга чақирди.