Литва президенти Даля Грибаускайте 19 сентябрда БМТ Бош ассамблеясидаги нутқида Россияни ғарб давлатларига ҳужум қилишга тайёрланаётганликда айблаган. Унинг айтишича, "Болтиқбўйи давлатлари ва Польша чегараларида 100 мингга яқин россиялик ҳарбий "Ғарб-2017" ҳарбий машғулотларида иштирок этмоқда". "Кремль ўз қўшниларига, Ғарбга ҳужум сценарийсини машқ қилмоқда", деб айтган Грибаускайте.

18 сентябрда Грибаускайте БМТ бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашув ўтказиб, бош котибга Россиянинг Литва чегараси яқинидаги ҳаракатлари, минтақадаги хавфсизлик борасидаги вазият ҳамда Россия ва Беларуснинг "Ғарб-2017" ҳарбий машғулотлари инсоният учун хавф солиши ҳақида маълумот берган.

Литвалик мутахассисларнинг таъкидлашича, Грибаускайтенинг Нью-Йоркдаги нутқи Литва ОАВда унинг танқид қилинишини босди-босди қилишга уриниш ҳисобланади. ОАВ "Ғарб-2017"ни бир неча ойдан бери мамлакат учун бош хавф деб атаб келаётган Грибаускайтени ушбу машғулотлар фонида халқни ташлаб, океан ортига жўнаб кетгани учун танқид қилган.

Қайд қилиш жоизки, Россия делегацияси Литва президентининг Бош ассамблеядаги нутқи олдидан зални тарк этди. Литва президенти Бош ассамблея минбарига кўтарилишидан олдин Россиянинг БМТдаги доимий вакили биринчи ўринбосари Петр Ильичев ва Давлат думасининг халқаро ишлар қўмитаси раиси Леонид Слуцкий залдаги жойларини тарк этганлар.