Таҳририятимизга Самарқанд вилоятидан навбатдаги шикоят аризаси келиб тушди. Унда вилоят ҳокими ўринбосари, инжиниринг компанияси раҳбари ва «Қишлоққурилишбанк» раҳбари ўз ишига панжа орасидан қарагани, ҳукумат қарорларини менсимаслиги оқибатида тадбиркор ярим миллиард сўмдан ортиқроқ молиявий зарар кўрганини баён қилади ва тегишли ҳужжатларни илова қилади.

Мен, Элмуратов Хайтмурат Алламурадович — 1965 йилда туғилганман, тадбиркорман, Самарқанд вилояти Паст Дарғом тумани Исломобод қишлоғида оила аъзоларим билан истиқомат қиламан.

Такрорий аризани ёзишимдан мақсад, Адлия вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати, Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва бошқа тегишли органларга қилган мурожаатимиз Самарқанд вилоят прокуратураси томонидан ўрганиб чиқилди ва натижаси қисман бажарилди.

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг «Ўзбекистон Республикасида 2014 йилда ёш оилаларни янада қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар Дастури»га асосан Ўзбекистон Республикаси Бош Вазирининг 2014 йил 28 апрелдаги «Ҳудудларда қўп қаватли «Камолот» уйларини қуриш масалалари тўғрисида»ги 02/3-193-сонли қарорига мувофиқ, Паст Дарғом туманидаги Гўзалкент қўрғончаси, «Олти қаҳрамон» маҳалла фуқаролари йиғини ҳудудида ёш оилалар учун умумий нархи 5.367.468.440 сўмлик 4 қаватли 64 хонадондан иборат уй-жойнинг қурилиш ишларини узлуксиз таъминлаш мақсадида, қурилиш пудратчиси «Паст Дарғом сифат қурилиш» хусусий ихтисослаштирилган таъмирлаш қурилиш корхонасига, АТБ «Қишлоққурилишбанк» Самарқанд минтақавий филиали томонидан 2014 йил 18 июндаги 143-сонли шартномага асосан 2.000.000.000 сўмлик, 2015 йил 11 февралдаги 12-сонли шартномага асосан 1.500.000.000 сўмлик ҳамда 2015 йил 29 апрелдаги 78а-сонли шартномага асосан 1.000.000.000 сўмлик, жами 4.443.200.000 сўмлик кредит маблағлари ажратилган. (Шартнома нусхалари илова қилинади — таҳририятда ушбу шартнома ва бошқа ҳужжат нусхалари мавжуд)

Кредит маблағларига ўз шахсий техникаларимиз ва корхонамизга тегишли мол-мулклар бошланғич гаров сифатида қўйилган.

2015 йил 30 июнь куни Самарқанд вилояти ҳокимлиги Инжиниринг компанияси, «Паст Дарғом сифат қурилиш» хусусий ихтисослаштирилган таъмирлаш қурилиш корхонаси ва АТБ «Қишлоққурилишбанк» Самарқанд минтақавий филиали ўртасида «2014 йил 18 августда тузилган 2-ЖДМ-2014-сонли шартномага» 2-ЖДМ-2014/1-сонли қўшимча келишув тузилган бўлиб, уч томонлама келишилиб, имзоланган ва муҳрланган. Мазкур шартноманинг 3.2. бандига мувофиқ, АТБ «Қишлоққурилишбанк» Самарқанд минтақавий филиали жами ажратилган кредит маблағи, яъни 5.367.468.440 сўм ҳисобидан 192.973.655 сўм кредит фоизи ҳамда 4.443.200.000 сўм кредит таннархини қайтариб қолиниши, қолган 924.268.440 сўм маблағ «Паст Дарғом сифат қурилиш» хусусий ихтисослаштирилган таъмирлаш қурилиш корхонаси ҳисоб рақамига ўтказиб берилиши белгиланган. (Келишув шартномаси мавжуд.)

Бироқ, шартнома шартлари қўпол равишда бузилиб, қатор қонун бузилишларга йўл қўйилган.

Хусусан, биринчидан, уч томонлама тузилган қўшимча келишув шартномаси талаблари қўпол равишда бузилиб, тадбиркорнинг фаолиятига жиддий путур етказган ҳолда, банк ва Инжиниринг компанияси шартномада қайд этилган 192.973.655 сўмлик кредит фоизи ўрнига 265.700.000 сўм, яъни 72.726.345 сўм маблағ ортиқча ушланиб қолиниб, шунча пул миқдори қурилиш корхонасига кам тўланди.

Мазкур ҳолат сабаби сўралганда, бизлар «Камолот» уйини ўз вақтида давлат қабул ҳайъатига топширганимиз, бироқ уй эгалари бўлмиш иқтидорли ёшларни топиш 2015 йил охирига қадар чўзилиб кетгани, шунга кўра кредит фоизлари ошиб кетгани ҳақида жавобни олдик. (Мазкур ҳолатда АТБ «Қишлоққурилишбанк» Самарқанд минтақавий филиали раҳбарияти корхонамизнинг айби бўлмаса-да, била туриб асоссиз равишда кредит фоизини ўсиб келишига йўл қўйган.)

Ҳақиқатан, бизлар вужудга келган қийинчиликларга қарамасдан, ўз олдимизга қўйилган вазифани тўла бажариб, бунинг устига келишилгандек уйни ўз вақтида давлат қабул ҳайъатига топширдик. Бироқ, иккинчи ва учинчи томонлар келишувга биноан ўзига юклатилган мажбуриятларни бажармади.

Бизнинг ташкилотимиз қурилиш билан шуғулланса, уй эгаларини топиш ва уларга топшириш умуман вазифамизга кирмайди, ахир одилона фикрланса, бу ҳолат бизларга кредит фоизини қўшиб ҳисоблашга асос бўлмайди-ку?!

Иқтидорли ёшларни топиш ва тавсияномаларга асосан берилишига масъул шахслар белгиланган ва Низомда кўрсатиб ўтилган. Бунга вилоят ва туман ҳокимликлар, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, вилоят ҳокимлиги Инжиниринг компанияси ҳамда «Қишлоққурилишбанк» Самарқанд филиаллари масъул эди. Ушбу ҳақида вилоят, туман ҳокимликларига ҳамда «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракатига ёзма равишда хатлар беравериб чарчадик. (Тегишли ҳужжатлар мавжуд.)

Иккинчидан, қурилиш бошланганидан кейин Самарқанд вилояти ҳокимлиги Инжиниринг компаниясига бир неча маротаба мурожаат қилишимизга қарамасдан бирор маротаба ҳам бажарилган ишлар бўйича ҳисоботлар (процентовка) қабул қилмади.

Ваҳоланки, компания ҳар ойда ҳисоботларни қабул қилиши ва биз бу ҳисоботларни банкка топшириб боришимиз керак эди, шунингдек, ойма-ой бажарган ишларимиз ва банкдан олиб ишлатилган кредит маблағларини ҳисоботини олиб боришимиз лозим эди. Компания раҳбари ва мутахассислари қурилишнинг якуний қисмида, яъни тугашига 15 кун қолганида келишди ва ўшанда ҳам ҳисоботларни қабул қилмади. Мазкур ҳолатнинг сабаби сўралганида, улардан «агар ҳисоботни олишса пул талаб қилишимиз» ҳақидаги жавобни олдик.

Бундан ташқари, Инжиниринг компанияси томонидан имтиёзли нархларда берилиши керак бўлган металл ва ойна каби қурилиш маҳсулотлари умуман берилмади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 18 июлдаги 2/1313-сонли топшириқномасига биноан, Самарқанд вилоятининг Паст Дарғом, Иштихон ва Жомбой туманларида «Камолот» уйлари қурилиши учун 3.627 тонна цемент қурилиш маҳсулоти имтиёзли нархларда ажратилган. (Нархи 104.562 сўмдан). Шундан 1.210 тоннаси «Паст Дарғом сифат қурилиш» ХИТККга берилиши керак эди. Бизнинг корхонамизга 700 тонна цемент берилди, холос.

Афсуски, жами фонд орқали вилоятда 3 туманда курилаётган «Камолот» уйлари қураётган 3та ташкилотга 3.627 тонна ўрнига 2.101 тонна цемент маҳсулоти берилди. Шундан, бизнинг корхонамизга берилиши керак бўлган қолган 510 тонна цемент маҳсулоти вилоят ҳокимининг ўринбосари О.Очилов ва Инжиниринг компаниясининг тақсимотига биноан, 2014 йилда «Камолот» уйлари қурилишида умуман қатнашмаган ташкилотларга ўзаро келишилиб, қонунга хилоф равишда бизлардан бир ой олдин биринчи навбатда бериб юборилди. («Фаровон Файз Бинокор» МЧЖ га 763,0 тонна ҳамда «Абдимумин строй инвест» МЧЖга 763,0 тонна) (тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд)

Бизнинг ташкилотимиз вилоят ҳокимининг ўринбосари О.Очилов ва Инжиниринг компаниясининг тақсимотига биноан 64 хонадонли уй қурилиши учун имтиёзли нархларда 700,0 тонна цемент олган бўлса, вилоятимиздаги «Абдимумин строй инвест» МЧЖ корхонаси 2015 йилда 48 хонадонли «Камолот» уйи куриб 1338,0 тонна имтиёзли нархларда цемент маҳсулоти олди (48 хонадонли ва 64 хонадонли қурилиш ўртасидаги цемент фарқини кўринг). Бу вилоятда қурилиш соҳаси раҳбарларининг адолатли иш олиб бормаганликлари, таниш-билиш, ошна-оғайингарчилик қилаётганидан далолат эмас-ми?

Шундан кейин, ташкилотимиз бир тонна цементни 350 мингдан 460 минг сўмгача бозор нархида олишга мажбур бўлдик, бунинг оқибатида 180 млн сўм миқдорида зарар кўрдик, яъни, бизга берилмаган 510 тонна цементнинг ҳар бир тоннасидан 300 минг сўмдан. Ваҳоланки, 3та «Камолот» уйи қурилиши бўйича Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарор ва баённомалари мавжуд эди.

Афсуски, вилоят ҳокими ўринбосари О.Очилов, Инжиниринг компанияси ва «Қизилқумцемент» ОАЖ мутасадди раҳбарлари ўзаро келишиб, 1.526 тонна цементни 2014 йил фондини бошқаларга бериб юборишди.

Ҳақиқатда эса бизга, смета бўйича ҳамда Вазирлар Маҳкамаси тақсимотига асосан 64 хонадонли уйга 1.209 тонна цемент маҳсулоти имтиёзли нархларда берилиши керак эди. (Шикоят ариза берганимиздан кейин, бундан 3 йил олдин берилиши керак бўлган 390,0 тонна яна қўшимча цемент беришди, яна қолган 120 тоннасининг ваъдасини эшитавериб, чарчадик).

Учинчидан, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг 2015 йил 20 апрелдаги 05/1-76-сонли имтиёзли равишда берилиши керак бўлган ойна маҳсулоти бўйича хати Вазирлар Маҳкамаси Ахборот-таҳлил Департаменти томонидан апрель ойида ижрога қаратилиб, Самарқанд вилоят ҳокими ўринбосари О.Очиловга йўлланган бўлса-да, О.Очилов ажратилиши лозим бўлган 1.033 кв.м ойна маҳсулоти фондини бермасдан, 2014 йил 13 ноябрь кунига қадар ўзида ушлаб туришди. «Камолот» уйини фойдаланишга топширганимиздан кейин 6 ой ўтгач, имтиёзли нархда берилиши кераклиги таъкидланган хатни, яъни 2014 йил 13 ноябрдаги хатни декабрь ойи охирида бизнинг қўлимизга берди. (Иқтисодиёт вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамаси Ахборот-таҳлил Департаментининг мазкур хатлари ва бошқа тегишли ҳужжатлар нусхалари илова қилинади.)

Бунинг оқибатида, ойнани бозор нархида, яъни сметадаги нархдан бир неча баробар ортиқча нархда олишимизга тўғри келди ва 18.000.000 сўм зарар кўрдик. Корхонамиз ривожланиши ўрнига банкротлик ҳолатига тушиб қолди.

Вилоятдаги раҳбарларнинг тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасидаги сиёсати шу бўлдими? Тадбиркорларга даромад кўриш учун Ҳукумат белгилаб берган шароитни тақдим этиш ўрнига, банкротликка учратилса?

Тўртинчидан, фонд орқали имтиёзли равишда берилиши керак бўлган металл (арматура) (смета бўйича берилиши керак бўлган нархи 1 млн. 400 минг сўмдан) умуман берилмади, ҳақиқатда эса 3-3.5 млн сўмдан олдик, «Камолот» уйи қурилишига 162 тонна металл кетганини ҳисобга олсак, бозор нархида олишимиз оқибатида, ҳар бир тоннасидан 2 млн. сўм атрофида жами 300 млн. сўмдан ортиқ зарар кўрдик.

Ахир Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил апрель ойида ўтказилган йиғилиши баёнида «Камолот» уйлари қурилиши, металл (арматура) маҳсулоти ажратилиши бўйича Самарқанд вилояти ҳокимлигига тегишли топшириқлар берилган-ку? Уни бажармасликка ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ-ку?, Ахир бу кечириб бўлмайдиган жиноят-ку?! Вилоят ҳокимлиги Ҳукумат раҳбарияти топшириғини бажармаслиги оқибатида биз тадбиркорлар 300,0 миллионлаб зарар кўришимиз керак-ми?!

Бешинчидан, 2-ЖДМ-2014/1-сонли қўшимча келишув шартномасининг 3.2. бандига биноан, банк филиали қурилиш корхонамизга шартномада кўрсатилган 924.268.440 сўм ўрнига 618.600.000 сўм маблағ берилди, 305.668.440 сўм маблағ «Паст Дарғом сифат қурилиш» ХИТҚКга кам тўланди.

Бунинг сабаби аниқлаштирилганда, Инжиниринг компанияси ва «Қишлоққурилишбанк» Самарқанд минтақавий филиали шартнома тузишганда адашишган эмиш, ахир имзо ва муҳр қўйиш, шартнома тузиш ўйинчоқ эмаску, шартнома ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқарувчи, юридик кучга эга бўлган ҳуқуқий ҳужжат эмасми?!

Олтинчидан, Умумий ҳисобда кредит фоизидан 72.726.345,0 сўм, металл маҳсулотидан 300 млн. сўм, жами бўлиб 552.726.345 сўм миқдорида «Паст Дарғом сифат қурилиш» ХИТҚК зарар кўрди.

Бунга юридик шартномани нотўғри тузилишига йўл қўйган икки давлат корхонасининг шартнома шартларини бажарилмаслиги оқибати қўшиб ҳисобланса, 305.668.440 сўм ҳамда банкнинг кредит маблағларидан нотўғри ушлаб қолгани ҳисобига 10.000.000,0 сўм қўшилиши табиийдир.

«Қишлоққурилишбанк» Самарқанд минтақавий филиали бизнинг корхона олган кредит маблағидан 2.337.400,0 сўм микдорида ноқонуний равишда ортиқча ушлаб қолишган. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 8 сентябрдаги 250-сонли «Мамлакатни ижтимоий ҳаётида фаол қатнашаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорининг 2-банди 3-хатбошида «Камолот» уйларини жойлаштириш учун мўлжалланган объектларни қуриш ва реконстукция қилиш доирасида буюртмачи ёки пудрат ташкилотлари Марказий банкининг қайта молиялаштириш фоизли ставка билан 5 йилгача муддатга бериладиган тижорат банклари кредитлари жалб этилади, деб кўрсатиб ўтилган. 2015 йилда Марказий банк қайта молиялаштириш ставкаси 9 фоиз бўлса-да «Паст Дарғом сифат қурилиш» ХИККга 1.500.000.000,0 сўмлик кредит фоизини 10 фоиз қилиб 1 фоиз зиёди билан ундириб қолишган.

Мана, юқоридаги ҳолатлардан кўриниб турибдики, биргина шартнома шартларини бажарилмаслиги, бунинг учун масъуллар — Самарқанд вилояти ҳокимлиги, вилоят ҳокимлиги Инжиниринг компанияси ва АТБ «Қишлоққурилишбанк» Самарқанд минтақавий филиали мутасадди раҳбарларининг ўзаро тил бириктириши, ҳукумат қарорлари ва топшириқларини менсимаслиги оқибатида мен каби тадбиркорга жуда катта миқдорда зарар етказилиб, ватанимиз равнақи йўлида елиб, югуриб меҳнат қилиб, зарар кўрса-да «Камолот» уйини қуриб битказиб, уни топшириб, корхонани яхши ниятларда даромад топиши, ривожлантириш ўрнига, катта миқдорда қарздорликларга эга бўлиб, банкротлик даражасига етдик.

Бунга мазкур учала давлат ташкилотлари раҳбарларини айбдор, деб ҳисоблайман, булар ушбу ҳаракатлари билан нафақат мен каби тадбиркорларни, балки ҳукуматимиз раҳбарияти ишончини ҳам суиистеъмол қилиб келишмоқда, деб ҳисоблашга тўла асосимиз мавжуд. Сабаби, ҳукуматимиз, айниқса Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга доир қатор Фармон, Қарор, фармойишлар ва бошқа шунга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, тадбиркорларга кенг имкониятлар яратилиб келинмоқда. Биз тадбиркорлар бундан мамнунмиз, албатта. Тадбиркорлар вилоят мутасадди раҳбарларининг бундай ғайриқонуний хатти-ҳаракатларидан кейин ўз фаолиятидан совий бошлаши мумкин-ку?

Биргина, Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 20 августдаги «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-391-сонли Қонуни тадбиркорларга нажот бериб, бу нарса вилоят мутасадди раҳбарлари эътиборидан четда қолган бўлса?

Ҳурматли, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича Вакили!

Эътибор берганингиздек, тадбиркор сифатида менинг ҳуқуқларим поймол этилиб, корхонамиз манфаатларига жуда катта миқдордаги зарар етказилиб, оқибатда корхона қарздорлик ботқоғига ботиб, банкротлик даражасига етди. Сиздан мазкур шикоят аризамни алоҳида назоратга олишингизни ва Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг 2017 йил 5 майдаги «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича Вакили институтини ташкил этиш тўғрисида»ги ПФ-5307-сонли Фармонига биноан, ваколатингиз доирасида тадбиркор сифатида «Паст Дарғом сифат қурилиш» хусусий ихтисослаштирилган таъмирлаш қурилиш корхонасининг манфаатларини ҳимоя қилиш чораларини кўришингизни сўрайман.

Зеро, мен каби бошқа тадбиркорлар бундай лоқайдликлардан ҳимояланиб, сиз қўллаган чоралар ўз мансабига совуққонлик билан қараган раҳбарларга дарс бўлсин.

Хайтмурат Элмуратов.

 

Таҳририятдан: Вазият билан танишиб чиққанимизда, «Камолот» уйлари қурилиши учун Ҳукумат қарори билан ажратилган имтиёзли нархдаги цемент, металл (арматура) ва ойна ўз вақтида еткказиб берилмаганига гувоҳ бўлдик. Айниқса, вилоят ҳокими (эндиликда собиқ) ўринбосари О.Очилов томонидан Ҳукумат қарорида бўйича «Камолот» уйлари қурмаётган ва бундай нархда цемент олишга ҳақи бўлмаган ташкилотларга ҳам бериб юборилиб, қурилиш қилаётган ташкилотларга катта зарар етказгани, боз устига, вилоят прокуратураси бу ҳолатда ҳеч қандай жиноят аломатларини кўрмагани ҳақида жавоб хати йўллагани кишини таажжубга солади.

 

Шикоят аризасида тилга олиб ўтилган ташкилотлар ва шахслар тадбиркорнинг ушбу аризасини пухта ўрганиб, унга ёрдам қўлини чўзишади, сансоларликка йўл қўйган айбдорлар эса тегишли жазосини олади, деб умид қиламиз. Биз бу мавзуга яна қайтамиз.