Қирғизистонга Советлар Иттифоқи вақтидан республика ҳудудида қолган 286 миллион тонна уран чиқиндилари бўлган ерлар ҳолатини тиклаш учун ёрдам керак. Бу ҳақда мамлакат президенти Алмазбек Атамбоев пайшанба куни БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияси “майдонида” Марказий Осиё давлатларида уран “мероси” объектлари муаммолари бўйича йиғилишда маълум қилди.

"Бизнинг давлатда 286 миллион тонна уран ва бошқа юқори заҳарли чиқиндиларга эга 90дан ортиқ махсус ерлар бор. Улар асосан дарёлар бўйида жойлашган. Бу жойларда авариялар юз берадиган бўлса, дарёларнинг ифлосланиши кенг кўламли экологик ва гуманитар фалокатларга олиб келиши мумкин... Бизга бу муаммони ҳал қилишда халқаро ҳамжамият томонидан ҳам молиявий, ҳам техник қўллаб-қувватлов керак", - деди Атамбоев.

Унинг эслатишича, Советлар Иттифоқидаги биринчи атом бомбалари қирғиз уранидан тайёрланган ва "катта давлатлар янги бомбаларни ихтиро қилиш учун пул сарфламасдан, аввалги урушлардан қолган муаммоларни ҳал этиш учун маблағ йўналтиришса яхши бўларди".

Президент маълумотларига кўра, уран “меросини” йўқ қилишнинг умумий қиймати тахминан 210 миллион еврони ташкил этади. Шу билан бирга, тахминан 180 миллион евро бундай махсус жойларни аввалги ҳолатга қайтариш, шунингдек, экологик хавфсизлик ва атроф-муҳитни тиклаш масалаларига йўналтирилиши лозим. "Бугунги кунда ушбу режаларда кўзда тутилган тадбирларни амалга ошириш учун етмаётган маблағ миқдори тахминан 130 миллион еврога тенг", - деди у.