Ўзбекистон терма жамоалар фан-клуби раиси Абдураҳмон Фозилов Tribuna.UZ’га ёзган хатида фаолиятини якунлаши ҳақида маълум қилди.

«Бундан роппа-роса 10 йил олдин: «Яқинда Рауф Инилеев қўл остидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси Саудия Арабистони миллий терма жамоасига қарши муҳим ўйинда майдонга тушади, шу муҳим ўйинда фан-клуб ташкил қилиб, жамоани чиройли қўллаб-қувватлаб бера оласизларми?» — деб мени Ўзбекистон футбол федерациясига чақиришган эди ва 7 кун ичида тайёргарлик кўриб, 300 квадрат метрли байроқ тиктирган эдим. Фан-клубга бир хил футболка ва шарфлар ҳам тарқатилган эди. Миллий терма жамоамиз эса 3:0 ҳисобида ғалаба қозонган эди. Ўша ўйинда ўн минглаб мухлислар МҲСК стадионига кира олмай, кўчада қолиб кетишганди», — деб ҳикоя қилади у.

Ўша кундан бери мана 10 йил давомида хоҳ уйда, хоҳ хорижда бўлсин, мухлисларимиз билан елкама-елка туриб, бир тану бир жон бўлиб, миллий терма жамоаларимизни қўллаб-қувватлаб келмоқдамиз.

Қорли кунлару, жазирама иссиқда, ёмғиру совуқда, ватанимизнинг биринчи рақамли жамоасининг ҳақиқий 12-ўйинчиси бўлдик. Фан клуб ўз йўлига, ўйин давомида сизларнинг олдингизга борганимда ва барчамиз бир бўлиб ғалаба сари чорлаганларимиз ва сиз азиз мухлисларни қўллаб-қувватлаганингиз учун барчангизга бош эгиб, миннатдорчилик билдираман.

Ҳа, биз ғолиблик гаштини ҳам сурдик, мағлубият аламини ҳам ториб кўрдик... Нима бўлганида ҳам, ватанимиз битта ва миллий термамиз ҳам худди юрагимиз каби битта. Уни доимо ардоқлашдан чарчамаймиз.

Рости, терма жамоамизнинг сўнгги ўйинлари дилни жуда ҳам оғритди. Бироқ, ишонинг, футболчиларимиз борини беришди, чунки ҳеч қайси бир футболчи ярим кучда ўйнайман, деб майдонга тушмайди! Хатони бошқа жойдан излашимиз даркор.

Худо хоҳласа, Футбол федерациясининг янги раҳбарияти енг шимариб, ишни қизғин бошлаб юборишган. Ўйлайманки, 2016 йил Умиджон Муҳаммаджонович Аҳмаджонов раҳбарлигидаги  параолимпия терма жамоамизнинг 31 аъзоси билан Параолимпиадада 32 медаль олганидек, футбол бўйича терма жамоаларимиз — барча ёшлар ва асосий жамоамиз албатта мақсадларига эришади.

Лекин Кореяга қарши сўнгги ўйинда сездимки, мен чарчабман, шу йиллар давомида кучимнинг борича ҳаракат қилдим. Биламан, сизларнинг ҳар бирингиз ҳар қандай фан-клубдан қолишмадингиз. Чунки ҳар бирингиз шу азиз ватан учун жонингизни беришга тайёрсиз!

Мен эса ўз ихтиёрим билан терма жамоалар мухлислар клуби раҳбарлигидан кетиш истагимни билдираман. Чунки ёшларга йўл очиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Масалан, «Пахтакор» фан клубида Жавоҳирбек, «Андижон»да Нодирбек, «Қизилқум»да Шуҳратжон, «Қўқон»да Илҳомжон ва Қаҳрамонжон... Санасак саноғига етмаймиз. Уларнинг барчаси терма жамоа фан клубига раҳбарликка лойиқ.

Аммо лекин бу «Бўлди энди, ўз ишимни қилиб юравераман ва футболга бефарқман», дегани эмас. Мен сўнгги нафасимгача тиш-тирноғим билан юрт шаънини ҳимоя қиламан, Аллоҳ берган умримни бир қисми оилам бўлса, бошқа қисми футбол ва албатта, Ватаним байроғини янада баланд кўтаришга бағишлайман.

Ахир бежизга 2016 йил 24 август куни Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов менга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи унвонини бермаган, мен бу ишончни албатта оқлашим керак!

Бахт ва омад сиз ва бизни асло тарк этмасин! Олға, Ўзбекистон!

Барчангизга сиҳат саломатлик тилаб,

Абдураҳмон Фозилов.