20 сентябрь куни АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида ўтказилган «Ўзбекистон-АҚШ бизнес ҳамкорлиги: муваффақият ва давомийликка мўлжалланган тижорат алоқалари» майдонида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Руслан Давлетов мамлакат ҳуқуқ тизимида олиб борилаётган ислоҳотларга тўхталиб ўтди. Мазкур нутқнинг бир қисми Amerika ovozi сайтида эълон қилинди.

«Биз «Ягона дарча» тизими атрофида пайдо бўлаётган барча вазиятларни кузатиб, таҳлил қилиб борамиз. Сармоядор ва тадбиркорлар билан муносабатга киришишда кузатилаётган камчиликларни аниқлаб, хорижий инвесторларни ҳам мамлакатимизга жалб этишга ижобий таъсир этувчи ҳуқуқий инфратузилмани ривожлантириб боришга ҳаракат қиляпмиз. Мен шу борада, аввало, порахўрликка қарши курашиш йўналишида олиб борилаётган ишларга тўхталиб ўтмоқчиман.

Мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барча ҳукумат аъзолари ҳамда давлат органлари миллий ривожланиш жараёнига салбий таъсир қилувчи порахўрликнинг ҳар қандай шаклига қарши қаттиқ кураш олиб боришга киришган. Шу ўринда бу тўғрисида алоҳида қонун ҳужжати қабул қилинганини таъкидлаб ўтиш жоиз, деб ҳисоблайман. Шунингдек, Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида аниқ таклифлар амалиётга татбиқ этилмоқда. Судьянинг дахлсизлиги, суд жараёнлари шаффофлиги ва мустақил суд ҳокимияти шаклланиб бориши учун алоҳида институт пайдо бўлди. Тадбиркорлар ҳуқуқларини тўлақонли ҳимоя қилиш жараёнининг бир бўлаги сифатида 71 нафар қўшимча Иқтисодий суд ҳисобидан судьялар штати кенгайтирилди. Илк бор туманлараро Иқтисодий судлар бирлиги ташкил этилди.

Келгусида ҳуқуқий инфратузилма бардавом ривожланишини таъминлаш мақсадида оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий низолар ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатига эга янги ташкил этилган Маъмурий судлар иш фаолиятини бошлади. Мамлакат суд-ҳуқуқ тизимида илк бора судьяларни лавозимига тайинлаш муддати биринчи даврда 5 йил, иккинчисида эса 10 йил, ундан кейин умрбод бўлиши белгилаб қўйилди.

Мен Адлия вазирлигининг тадбиркорларнинг жойларда ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича алоҳида ваколати тўғрисида тўхталиб ўтмоқчиман, яъни бизда етарлича ходимлар белгиланган бошқарма таркибида айнан шу масала билан шуғулланади. Агар қонун бузилиш ҳолати юзага келса, судга даъво қилиш ва иш олиб бориш ҳуқуқига эга», дейди вазир.