Ибодат Расулова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳамшира бўлиб ишлаб юрган кезлари бир неча кишиларнинг дардига дармон бўлган бўлса, бордир. Бироқ бу аёл туман шифохонасида ишлаган 30 йиллик фаолияти давомида бир неча бор қинғирликлар содир этиб, тегишли жавобгарликка тортилган экан, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

И.Расулованинг нафақага чиқиб ҳам “ақли кирмади”. У Косонсой шаҳрида яшовчи учинчи гуруҳ ногирони С.Жамбиловни алдаб, ишончига киради. Унга Наманган вилояти Тиббий меҳнат экспертизаси комиссиясининг мансабдор шахслари билан гаплашиб, иккинчи гуруҳ ногиронлигига ўтказиб беришга ваъда бериб, эвазига 200 АҚШ доллари сўрайди.

Аммо, аёл ниятига етолмади. Косонсой шаҳри марказидаги “Дунё” дўкони ёнида С.Жамбиловдан 100 АҚШ доллари ҳамда 600 минг сўм пулни фирибгарлик йўли билан олаётган пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ушланди.

Суд ҳукми билан И.Расулова тегишли жазога тортилди.