Миллий хавфсизлик хизматининг Самарқанд вилояти бўйича Бошқармаси ходимлари махсус амалиёт ўтказдилар, унинг давомида опиум савдоси бўйича тармоқ фаолияти фош этилди ва тўхтатилди.

Тезкор тадбирлар натижасида Тайлоқ туманида яшовчи Илҳом Амонов Самарқанд вилояти ҳудудида гиёҳванд моддаларни ноқонуний тарқатиш учун жиноий гуруҳ ташкил этганлиги тўғрисида маълумот олинди. Гуруҳга Самарқанд шаҳри ва Тайлоқ туманида яшовчи 6 нафар шахс, шу жумладан илгари Ўзбекистон Жиноят кодексининг бир қатор моддалари бўйича судланган ва амнистия қилинган, «Тайлоқ бозори» МЧЖ раиси - Тешақул Қўчқоров ва «Тайлоқ Илҳом АИА» ХК директори Илҳом Азимов кирган.

Уюшган жиноий гуруҳнинг барча аъзолари ўртасида аниқ вазифалар тақсимланган. Жаҳонгир Шарипов «курьер ва таъминотчи» ролига эга бўлган. У бошқа, аъзолари ҳозирда судланган жиноий гуруҳлардан «опиум» харид қилган ва уни ўзининг «Спарк» русумли машинасида олиб ўтган. Жиноий гуруҳнинг шундай жиноятлар учун аввал амнистия қилинган бошқа аъзолари – Аброрқул Раҳматов, Икромжон Турдиалиев, Бахтиёр Ваҳобов гиёҳванд моддани Тайлоқ тумани, шунингдек, Самарқанд шаҳри ва унга ёндош туманларда кичик миқдорда сотиш билан шуғулланишган.

«Тайлоқ бозори» МЧЖ раиси Тешақул Қўчқоров гиёҳванд моддаларни назоратдаги бозор ҳудудида кичик партияларда сотишни ташкил этган, «Тайлоқ Илҳом АИА» ХК директори Илҳом Азимов эса мижозлар қидирган.

МХХ тезкор ходимлари ишлаб чиқилган ва ўтказилган махсус амалиёт доирасида жиноий гуруҳнинг барча аъзоларини қўлга олишди. Жаҳонгир Шариповнинг ушланиши вилоятдаги ЙПХ постларидан бирида, опиумнинг навбатдаги партияси олиб ўтилаётган пайтда рўй берди. Тешақул Қўчқоров ва Илҳом Азимовлар иш жойларида қўлга олинди ва ҳ.к. Жиноятчилардан гиёҳванд моддалар, электрон тарозилар ва бошқа ашёвий далиллардан ташқари, гиёҳванд моддаларни олиб ўтишда ишлатилган учта енгил автомобиль ҳам мусодара қилинди.

Судда айбланувчилар ўз айбларини тўла тан олишди ва пушаймон бўлишди. Тайлоқ тумани жиноий ишлар бўйича суди томонидан И.Амонов 12 йилга, А.Раҳматов, И.Турдиалиев, Т.Қўчқоров 11 йилга, Ж.Шарипов ва Б.Ваҳобов 10 йилга озодликдан маҳрум қилинди. И.Азимовга эса Жиноят кодексининг бир қатор моддалари билан 3 йилу 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси белгиланди.