Star Trek илмий-фантастик сериалининг универсал таржимони тез орада ҳақиқатга айланиши мумкин. Хитойнинг Baidu қидирув гиганти ишлаб чиқарувчилари сайёҳларнинг Осиё мамлакатлари ва инглиз тилида сўзлашувчи жойлар бўйлаб сафарини енгиллаштирувчи қурилмани ишлаб чиқаришга киришишди. Қурилманинг ишлаш тамойили "Юлдузли йўл" сериали қаҳрамонлари фойдаланувчи муқобил қурилмани ёдга солади. Hi-News шу ҳақида хабар берди. 

Ҳа, смартфонлар учун универсал таржимон-иловалар функциялари бир-бирига ўхшаш, бироқ Baidu'нинг гаджети телефон батареясини сарфламайди ва доим хизматга тайёр туради, смартфонлардаги дастурларни эса вақти-вақти билан янгилаб туриш керак. 

Бундан ташқари, Baidu'нинг таржимони Wi-Fi улаша олади, зеро у интернетга уланиш имкони билан таъминланган. Таржимон кўп жой олмайди, унинг оғирлиги бор-йўғи 150 граммдан иборат. 

Baidu'да таржимонларни фақат сотиш эмас, балки фойдаланувчиларга ижарага бериш ҳам режалаштирилмоқда. Бу эса Хитойга хизмат сафари билан келган, тилни мутлақо тушунмайдиганлар учун айни муддаодир. Қурилмаларнинг сотув ва ижараси  дастлаб Хитойда, кейин эса Япония бозорида йўлга қўйилади. Таржимондаги тиллар сони ва унинг нархи ҳақида ҳозирча маълумот берилмади. 

«Star Trek» сериалини кўп жиҳатдан башоратчи дейиш мумкин - биринчи марта унда кўринган технология ва гаджетлар вақт ўтгач телевизор экранларидан реал ҳаётга кўчмоқда.