Шомил болалигидан чорва парваришига ишқибоз бўлиб, анчадан бери битта дурустроқ қўй сотиб олишни ўйлаб юрганди. Бугун ўша режаси амалга ошадиган бўлди.

Шунданми, эрта тонгдан кайфияти чоғ, сабри чидамай юзини ҳам амаллаб “мушукювиш” қилди-да, нонуштани ҳам насия қилганча бозорга отланди. У машинасини “стоянка”га қўйиб, ҳар эҳтимолга қарши эшикларини беркитганини яна бир бор текшириб қўйди. Ҳаммаси жойида, ортиқча хавотирга ўрин йўқ.

Шомил бозор ичкарисига кириб, кўздан ғойиб бўлгани заҳоти худди осмондан тушгандек унинг автомашинаси ёнида сипо кийинган кимса пайдо бўлди. “Меҳмон”нинг кўриниши бироз шубҳали бўлиб, бир қарашда унинг кўзлари олазарак боқаётганини пайқаш қийин эмасди. У кўчадаги ўткинчиларга ҳамда бозор олдида йиғилган одамларга бу машина ўзига қарашлидек таассурот уйғотмоқчи бўлиб, автоулов ёнида пича куймаланиб юрди. Сўнг атрофни синчиклаб кузатиб, ҳеч ким ўзига эътибор бермаётганига қатъий ишонч ҳосил қилгач, секингина ишга киришди.

Ёши 50 дан ўтса-да, ҳамон пок-нопок йўл орасидаги фарқни тушунишни истамайдиган бу кимса шаҳарни бедарвоза билди чоғи, чўнтагидан калитлар шодасини чиқариб, улар ичидан машина юкхонаси қулфига тушадиганини қидира бошлади. Анча уринишлардан кейин калит топилди. У шошиб юкхонани очди-да, тартиб билан жойлаштириб қўйилган анжомлар – захира баллон, ўт ўчириш мосламаси, ҳайдовчилик жилети, автомашина фараси, 1 дона кўтариш мосламаси ва яна бир қанча эҳтиёт қисмларни кўриб, кўзи ўйнаб кетди. “Ҳаммасини олиш керак!”

Ўғри ҳовлиққанча уларни халтага соларкан, дам-бадам чор-атрофга кўз ташлаб қўйишни ҳам унутмасди.

“Ҳунари”дан ғурурланиб, юкхонани шип-шийдам қилган киссавур ҳеч нарса бўлмагандек унинг эшигини беркитди-да, жуфтакни ростлади. Аммо машинадан кўп ҳам узоқлашишга улгурмади, анчадан бери уни шубҳа остига олиб кузатаётган ички ишлар ходимлари томонидан қўлга олинди. Чунки бу каби киссавурларнинг турли найрангларини кўравериб, кўзлари пишиб кетган тартиб посбонлари ҳам ўз ишларининг устаси эдилар.

Бозорни узоқ айланган Шомил кўнглидаги қўчқорни топиб, эгаси билан нарх борасида эринмай савдолашди ва ниҳоят машиналардан бирига ортиб, уйига жўнатиб юборгач, енгил тортди ва хуш кайфиятда машиналар сақлаш жойи томон юрди. Бироқ унинг машинаси ёнида турли нотаниш кишиларни кўриб, ҳайрон бўлди.

-  Акалар, тинчликми? Нима гап ўзи?

Улардан бири ҳужжатини кўрсатиб, ўзини таништираркан, бўлган воқеани қисқача сўзлаб берди. Бугун эрталабдан ишлари юришиб, шодликдан сармаст юрган Шомилнинг бир зумда кўнгли хира тортди. Қани энди ўша бировнинг машинаси эшигини бузадиган, хотиржамлигига раҳна солиб, не машаққатлар билан топган молини олиб кетаверадиган қаллоб ярамасни боплаб таъзирини берса!

"Ҳуқуқ" газетасининг ёзишича, бунга аслида ҳожат йўқ эди, шундоқ ҳам ўғри қонун олдида жавоб берди. Даврон Толипов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларига биноан айбланиб, суд ҳукми билан жавобгарликка тортилди.