1 октябрь - Ўқитувчи ва мураббийлар куни. Инсоният тамаддунида устознинг ўрни беқиёс. Муаллим шахсни камолотга бошловчи касб эгасидир. Уларни ҳар қанча ардоқласак оз.

Байрам арафасида Андижон вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси ташаббуси билан Республика, Осиё ва жаҳон чемпионларини тарбиялаётган ёш спорт мураббийларини қутлаш учун бордик. Вилоятда Мирон Ким, Александр Размахов, Марс Қўчқоров, Ўткирбек Ҳайдаров, Зиёвитдинбек Тойгонбоев сингари таниқли мураббийларнинг издошлари етишиб чиқмоқда. Устозларни табиийки, машғулотлар залида ўз шогирдлари билан машқлар устида учратасиз.

Жамолиддин Бозоров – Андижон олимпия захиралари коллежининг белбоғли кураш спорт тури бўйича мураббийи, халқаро тоифадаги спорт устаси. Унинг тарбияланувчилари орасида икки нафар жаҳон чемпионлари бор. Куни кеча якунига етган Ашхобод -2017 Осиё ўйинларида икки нафар шогирди олтин медал соҳиби бўлди.

Лочинбек Гулдаев – Жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси тасарруфидаги футболга ихтисослаштирилган мактаб-интернати мураббийи. Унинг тарбияланувчилари мунтазам равишда вилоят ва республика миқёсидаги мусобақаларда ғолиб ва совриндор бўлиб келишмоқда. Муассаса жамоаси футбол мактаб-интернатлари ўртасида ўтказиладиган Республика биринчиликларида муваффақиятли қатнашиб келмоқда. 

Муроджон Мўйдинов - Андижон шаҳар 1- болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг карате спорт тури бўйича мураббийи, спорт устаси. Унинг бошчилигидаги вилоят жамоаси 6 йилдан буён танафуссиз мамлакат чемпионатида биринчи ўринни қўлга киритиб келмоқда. Жорий йилда 3 нафар шогирдлари - Исломбек Саттаров, Абдулазиз Атабоев ва Шоҳруҳ Турсунҳўжаевлар Осиё чемпионати совриндорлари бўлишди.

Бахтиёр Тахтабоев – сув спорти турларига ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг байдарка ва каноэ мураббийи. Ёш мураббий шогирдлари 2017 йилда ўтказилган Осиё Кубоги мусобақаларида 2 та олтин, 6 кумуш ва 2 та бронза медалларини қўлга киритди. Тўққиз нафар тарбияланувчиси мамлакат терма жамоаси аъзоси. 

KUN.UZ мухбири Элмурод Эрматов, Андижон
Муаллиф олган суратлар