Американинг электр транспорт воситалари ишлаб чиқаришга ихтисослашган Tesla компаниясининг электр юк машинаси суратлари 26 октябрдан кейин пайдо бўлади, деб ўйлаганлар хато қилади. Reddit порталининг зийрак фойдаланувчиларидан бири компания ишлаб чиққан юк машина суратини ҳавола қилди. Унга кўра, автомобиль анча футуристик шакл-шамойилга эга бўлади, деб бемалол айтиш мумкин. Шу билан бирга, таъкидлаш жоиз, унинг бошқа жиҳатларига ойдинлик киритувчи суратлар мавжуд эмас. 

Унинг аниқ хусусиятлари, ташқи кўриниши ва интерьер ҳозирча қаттиқ сир сақланмоқда. Экспертларнинг айтишларича, машина бир марта тўлиқ қувватлангач, 300-500 км масофани ортда қолдириши мумкин. Шундай экан, гап қисқа масофаларга юк таший оладиган машиналар ҳақида бораётган бўлиши мумкин. 

Бундан ташқари, ҳеч кимга сир эмаски, Илон Маск ҳайдовчисиз муқобил юк машиналари ғоясини ҳам илгари сурган эди. Шунга кўра, эҳтимол, октябрь ойида биз муоқбил бошқарув технологияси билан жиҳозланган машинани кўрармиз. 

Афсуски, Tesla компанияси бу борада биринчиси бўлмайди. Бундан бир неча ҳафта аввал, Американинг юк машиналари ишлаб чиқарувчи йирик компанияси саналмиш Cummins AEOS номли электр юк машинасини намойиш этди. Машина электромотор ва и 140 кВт/соатлик батарея билан жиҳозланган машина 225 километргача ҳаракатлана олади. Албатта, у узоқ масофаларга қатновни амалга ошира олмайди, аммо 20 тоннагача бўлган юкни яқин масофаларга етказа олади. 

Фото: engadjet.com

Кўрамиз, Tesla бу сафар автоихлосмандларни лол қолдира олармикан? Кутамиз.