Самарқанддаги автобус ва трамвай бекатларида виртуал кутубхоналар ташкил қилинди. Энди йўловчилар ўзининг смартфони орқали китобларни электрон кўринишини юклаб олиши мумкин бўлади. Бу ҳақда Пушкин номидаги Самарқанд вилоят ахборот-ресурс марказининг «Фейсбук»даги саҳифасида маълум қилинган.

Манбага кўра, Самарқандда «мобил кутубхона» лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, унга кўра, йўловчилар автобус ва трамвай бекатларига жойлаштирилган виртуал китоб жавонларидаги китобларни QR-код орқали бепул юклаб олиши ва исталган вақтда мутолаа қилиши мумкин бўлади.

Фото: facebook.com/libsamarkand.uz

Ҳозирча виртуал каталогда фақатгина 200та китоб мавжуд. Уларнинг ичидан ўзбек мумтоз адабиёти намоёндалари, рус адабиёти ва шунингдек Ника Вуйчич, Пауло Коэльо, Адам Жексон, Жюль Верн, Жоан Роулинг, Шарлотта Бронте каби жаҳон адабиёти вакиллари асарлари ўрин олган. Келгусида бу адабиётлар сони янада оширилиши кўзда тутилган. Бундан ташқари фойдаланувчилар китобларнинг аудиоёзувли вариантини ҳам юклаб олиб, уни исталган вақтда тинглаб кетиши имкониятга эга.

Фото: facebook.com/libsamarkand.uz

Ҳозирча бу каби виртуал кутубхоналар Самарқанддаги 20та бекатга ўрнатилган. Жумладан мазкур виртуал жавонлар Кутубхона, Буюк Ипак Йули, Чой фабрикаси, Талабалар, Амир Темур ва бошқа бекатларда мавжуд.