АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) чоршанба куни Қўшма Штатлар разведкаси томонидан Советлар Иттифоқи томонидан биринчи сунъий йўлдошнинг учирилиши ва советларнинг фазовий ҳамда баллистик дастурлари яратилиши бўйича таҳлилларни ўз ичига олган махфий ҳужжатларни эълон қилди.

"Аввал МРБ сайтида эълон қилинмаган ҳужжатлар 50—60-йиллар даврига тўғри келади. Ҳужжатлар маълумот эркинлиги тўғрисидаги Қонун бўйича талаб этилувчи қўшимча хизмат эслатмалари ва ҳисоботларига эга. 400 саҳифадан иборат 59 та ҳужжат тўплами Марказий разведка бошқармаси разведкасининг Йўлдош-1, 2 ва 3, шунингдек, советларнинг баллистик дастурига нисбатан таҳлилидан иборат. Маълумотларнинг ярмидан кўпи Советлар Иттифоқи фазовий ва баллистик дастурлари бошланғич босқичда қандай бўлганлигидан дарак беради”, - дейилади эълон қилинган ҳужжатларга қолдирилган изоҳда.

Улар орасида Марказий разведка бошқармасининг эслатма ва ҳужжатлари бўлиб, улар АҚШ маъмуриятига Советлар Иттифоқининг фазовий ҳамда ракета дастурлари бўйича тақдим этилган.

Маҳкама томонидан эълон қилинган ҳужжатларнинг нусхаси сифати уларнинг кўпчилигини ўқиш имконини бермайди. Матннинг бир қисми ҳамон махфийлигича қолмоқда. Бироқ, шуниси аниқки, биринчи сунъий йўлдошнинг учирилиши Қўшма Штатлар учун кутилмаган ҳолат бўлмаган. "Бизнинг фикрча, Советлар Иттифоқи 1957 йилнинг бошида Ер орбитасига сунъий йўлдош учириш имкониятига эга, у илмий маълумот ва чекланган ҳарбийлар фойдаланиши мумкин бўлган маълумотларни йиғади", - дейилади 1957 йилнинг январида Миллий хавфсизлик бўйича кенгаш йиғилишида тақдим этилган ҳисоботда.

Ўша йилнинг июнь ойидаги Марказий разведка бошқармаси ҳисоботида таъкидланишича, "муваффақиятсиз парвоз эҳтимоли 50 фоизга тенг экани ҳисобга олинса, Советлар Иттифоқи бу ҳақда, у амалга оширилганидан сўнг маълум қилиши мумкин".

Ернинг биринчи сунъий йўлдоши - ОС-1 ("Энг оддий сунъий йўлдош-1") 1957 йил 4 октябрда учирилган. Бу диаметри 58 сантиметр бўлган, 83,6 килограмм оғирликдаги, тўртта антенна ва батарея орқали ишлайдиган узатгич билан жиҳозланган ўзига хос шар бўлган. Фазовий қурилма 1958 йилнинг 4 январига қадар 92 кун давомида муваффақиятли парвоз қилган.