Toyota компанияси Tj Cruiser номли концептни тақдим этди – бу Toolbox (асбоб-анжомлар учун қути) ва joy (мамнуният) сўзларидан иборат ҳарфлар комбинациясидир. Ишлаб чиқарувчининг вакилларидан маълум бўлишича, бу “янги жанрдаги” автомобиль бўлиб, у ўзида юк ташувчи автомобиль кенглиги ва йўлтанламаснинг тажовузкор дизайнини бирлаштиради.

Фото: Tj Cruiser

Янгиликнинг умумий узунлиги - 4300 миллиметр, кенглиги - 1775 миллиметр, баландлиги - 1620 миллиметр, ғилдирак базаси ўлчами эса 2750 миллиметрга тенг. "Кроссвэн" RAV4 (30 сантиметргача қисқартирилган) ўлчамидан анча кичикроқ. У ўз ҳажми билан, масалан, Renault Duster (узунлиги 4315 миллиметр) ва Hyundai Creta (4270 миллиметр)га яқинлашган.

Tj Cruiser’нинг томи, қанотлари ва капоти махсус материаллар билан қопланган бўлиб, улар қирилишлар ҳамда кичик зарарлардан ҳимоя қилади. Автомобиль салони - тўрт ўринли. Бу ҳолда, орқа ўриндиқлар ва олд йўловчи жойини текис полга айлантириш мумкин. Бундай ҳолатда, автомобиль узунлиги уч метрга қадар бўлган буюмларни, масалан, сёрфинг учун тахтани ўзида олиб юриш имконига эга.

Фото: Tj Cruiser
Фото: Tj Cruiser

Концепт модулли TNGA шассисида қурилган ва икки литрли бензинли двигателга асосланган гибрид куч қурилмаси билан жиҳозланган. Компания батафсил техник маълумотларни очиқламаган. Шу билан бирга, “Тойота” бундай автомобиль ҳам тўла узатмали, ҳам фақатгина олд узатмали бўлиши мумкинлигига аниқлик киритди.

Фото: Tj Cruiser

Tj Cruiser’нинг дебюти октябрь ойининг охирида Токиодаги моторшоуда бўлиб ўтади. Автомобиль серияли бўлиши ёки бўлмаслиги ҳозирча номаълум.

Фото: Tj Cruiser