7-11 октябрь кунлари Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Маккаи Мукаррама шаҳрида XXXIX  Халқаро Қуръони Карим мусобақаси ўтказилмоқда. Шу билан бирга, 7 – 9  октябрь кунлари Россия Федерацияси пойтахти Москва шаҳрида XVIII Халқаро Қуръони карим мусобақаси бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақида Muslim.uz сайтида хабар берилди. 

2 октябрь куни Ўзбекистон вакиллари - Тошкент Ислом институти битирувчиси Сайдуллоҳ қори Тоҳиров ҳамда “Кўкалдош” ўрта-махсус ислом билим юрти талабаси Абдулбасир қори Камолов Саудия Арабистонидаги XXXIX  Халқаро Қуръони Карим мусобақасида иштирок этиш учун жўнаб кетишди. 

Мазкур мусобақада 50дан ортиқ давлатнинг 200га яқин қорилари иштирок этмоқда. Мусобақа шартлари қуйидагилардан иборат:

1.  Қуръони Каримни тажвид қоидаси билан тўлиқ ёддан ўқиб бериши билан бирга Қуръони Каримдаги ояти карималарнинг тафсирини билиш;
2.  Қуръон Каримнинг 30 порасини тажвид қоидаси билан ёддан ўқиб бериш;
3.  Қуръон Каримнинг 15 порасини тажвид қоидаси билан ёддан ўқиб бериш;
4.  Қуръон Каримнинг 5 порасини тажвид қоидаси билан ёддан ўқиб бериш.

Ўзбекистон вакиллари мусобақанинг 2 ва 3 шартлари бўйича иштирок этади.

Фото: muslim.uz
Фото: muslim.uz

Бундан ташқари, 7 – 9  октябрь кунлари Россия Федерацияси пойтахти Москва шаҳрида XVIII Халқаро Қуръони Карим мусобақаси бўлиб ўтмоқда. Ҳар йили дунёнинг Шарқ ва Ғарб мамлакатлари вакиллари ушбу мусобақада иштирок этиб келмоқда.  Ҳозирда мазкур мусобақада қатнашиш учун 32 мамлакат  вакиллари ташриф буюришди. 

Қувонарли жиҳати шундаки, ушбу мусобақада юртимиз вакили  Тошкент шаҳар, Учтепа туманидаги “Ҳазрати Умар” жомеъ масжиди имом ноиби Азимбоев Валихон қори ҳам қатнашади.  Вакилимизнинг сўзларига кўра, Россияда ўтказиладиган XVIII Халқаро Қуръони Карим мусобақаси шартлари Қуръони Каримни тажвид қоидаси билан ўқиш ва уни чиройли талаффуз қилишдан иборат. 

Қориларимизга мазкур халқаро нуфузли мусобақаларда олий ўринларни эгаллашини Аллоҳдан сўраб қоламиз!