Қирғизистон бош вазири ўринбосари Темир Жумақодиров ҳалок бўлган йўл-транспорт ҳодисасига йўл ҳаракати қоидалари бузилиши сабаб бўлган. Бу ҳақда мамлакат ички ишлар вазирлиги баёнотида айтилган.  

"Дастлабки маълумотларга кўра, ЙТҲ ҳаракат хавфсизлиги қоидаларининг қўпол бузилиши оқибатида юз берган", дейилган хабарда. Таъкидланишича, ушбу ҳолат юзасидан "Ҳаракат хавфсизлиги қоидалари бузилиши ва бир неча кишининг ўлимига олиб келган транспорт воситаларидан фойдаланиш" моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган. ЙТҲни тергов қилиш ички ишлар вазирлиги тергов хизматига топширилган.      

Бош вазир ўринбосари ўлимига сабаб бўлган автоҳалокат 7 октябрь эрталаб Чуй вилоятида юз берган. Жумақодиров бўлган "Тойота" русумидаги йўлтанламаси "КамАЗ" автомобили билан тўқнашиб кетган. Автофалокатда Жумақодировдан ташқари унинг ёрдамчиси Нурлан Жамгирчиев ва ҳайдовчи Нурбек Муканов ҳам ҳалок бўлганлар.