Италия терма жамоаси собиқ яримҳимоячиси Андреа Пирло футболчилик фаолиятини якунлашга қарор қилди. Бу ҳақда Goal.com интернет-нашри хабар тарқатди.

Манба берган хабарга кўра, 38 ёшли футболчи декабрда, «Нью-Йорк Сити» билан шартномаси ниҳоясига етгач, бутсаларини михга илишга қарор қилган.

«Вақтинг келганини тезда тушуниб етасан. Сенда ҳар куни жисмоний тайёргарлик бўйича муаммолар пайдо бўлади. Ҳар доимгидек, ўзинг хоҳлагандек шуғуллана олмайсан, чунки сенда қандайдир муаммолар пайдо бўлаверади.

Менинг ёшимда яхшиси тўхташ керак. Сен ҳеч қачон 50 ёшга киргунингга қадар футбол ўйнай олмайсан. Яхшиси бошқа бирор иш билан машғул бўламан», – деган Пирло.

Футболчилик фаолияти давомида Пирло Италиянинг «Брешия», «Интер», «Режжина», «Милан», «Ювентус» ва АҚШнинг «Нью-Йорк Сити» жамоаларида тўп суришга улгурди.

Андреа олти карра Италия чемпиони (икки карра «Милан» ва тўрт марта «Юве» билан ), икки карра Италия кубоги («Милан» ва«Юве» билан бир мартадан) ва уч карра Италия суперкубогида («Юве» билан икки марта, «Милан» билан бир марта) зафар қучди .

«Россонерилар» таркибида Пирло икки мартадан ЕЧЛ ва УЕФА суперкубогида ғалаба қозонди. 2007 йилда шунингдек клублар ўртасидаги ЖЧда бош совринни қўлга киритди.

2006 йилда у Италия терма жамоаси билан бирга ЖЧ ғолибига айланди. 2012 йилда эса Италия терма жамоаси билан Европа чемпионатида кумуш медал соҳибига айланганди.