Сўнгги бир йил ичида жамиятимизда қандай улкан ўзгаришлар, янгиланишлар бўлаётганига барчамиз бирдай гувоҳмиз: энг муҳими, юртдошларимиз жонланиб, ўзларини ўйлантираётган масалалар бўйича очиқ-ойдин фикр алмашяпти, ўз мулоҳазаларини ўртага ташлаб, жамоатчилик хулосаси шаклланишига ҳисса қўшяпти. Фикр алмашишга, ечим ахтаришга арзигулик масалалар эса оз эмас. Шулардан бири — миллий ёзувимиз масаласидир.

Гарчи мустақилликнинг илк йилларида, аниқ айтадиган бўлсак, 1993 йилнинг 2 сентябр куни Олий Кенгашнинг ўн иккинчи чақириқ XIII сессиясида бу масала қонунан ҳал қилинган, яъни Ўзбекистонда лотин графикасига асосланган ўзбек алифбоси миллий ёзув сифатида расман белгиланган бўлса-да, ҳали-ҳануз бу қонун ижроси ҳаётимизда тўла-тўкис акс этмаяпти. Табиийки, «Нима учун?» деган савол туғилади. Бу саволнинг жавоби бир неча омилларга бориб тақалади. Шулардан бири — бугун амалда бўлган ўзбек лотин алифбосидаги айрим ноқисликлардир. Бу ноқисликлар ҳақида, мана, йигирма йилдан ошдики, турли давраларда гапириб келяпмиз. Охирги йилларда эса кўплаб мақолалар ҳам пайдо бўляпти. Уларда янги алифбомизни такомиллаштириш бўйича турли-туман таклифлар, мулоҳазалар ўртага ташланяпти. Зеро, бу вазифа Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2016 йил 13 майдаги «Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида»ги фармонида ҳам аниқ белгилаб берилган эди. Жумладан, фармонда университетнинг асосий вазифаларидан бири сифатида «ўзбек тилининг асл табиати ва хусусиятларини тўла акс эттирадиган мукаммал академик ва ўқув грамматикаларини яратиш, унинг товушлар тизими ва уларнинг ёзувда акс этиши, жорий имло қоидаларини такомиллаштириш бўйича илмий асосланган таклифлар тайёрлаш...» масаласи қайд этилган эди. Мазкур вазифани бажариш мақсадида Ўзбек тили ва адабиёти университети қошида таниқли мутахассислардан иборат ишчи гуруҳ тузилди. Ушбу гуруҳ ўтган вақт мобайнида лотин алифбосига асосланган ўзбек ёзуви ва имло қоидаларини такомиллаштириш бўйича иш олиб боряпти. Албатта, бу ишчи гуруҳ шу пайтгача қандай ишларни амалга оширганини сарҳисоб қилиш — алоҳида мақола мавзуси. Аммо, муҳими, миллий алифбомиздаги нуқсонларни бартараф этиш бўйича илмий асосда иш кетяпти. Ишчи гуруҳ ўзининг сўнгги хулосасини расман тақдим қилса, шубҳасиз, у кенг жамоатчилик томонидан обдон муҳокама этилиб, тилимиз учун энг қулай алифбога эга бўламиз, деган умиддамиз.

Аммо... сўнгги пайтларда янги алифбомиздаги айрим тузатса бўладиган жиҳатларни дастак қилиб, лотин алифбоси биз учун умуман яроқсиз, деган ўта асоссиз даъволарни эшитиб таажжубга тушяпмиз. Давлат тили даражасига кўтарилган туркий тилларнинг аксариятига жуда мос келаётган лотин ёзуви нега энди ўзбек тили учун мувофиқ эмас экан?! Агар айрим муаммолар бўлса, гап алифбодами ёки бизнинг ўзимиздами?

Таниқли адабиётшунос Зуҳриддин Исомиддиновни зукко, ҳақгўй олим сифатида биламиз. У кишини таниган катталар ҳам, ёшлар ҳам бирдай ҳурмат қилади. Жумладан, устоз олимимизга шахсан менинг ҳам ҳурматим баланд. Телевизор, радиодаги чиқишларини жон қулоғим билан тинглаб, мақолаю суҳбатларини қизиқиб ўқиб бораман. Аммо устознинг «Ёшлар» телеканалида эфирга узатилган, лотин ва кирилл алифболари таҳлилига бағишланган кўрсатувдаги фикр-мулоҳазаларини эшитиб, очиғи, ажабландим. У кишининг «Масалага сиёсий эмас, илмий жиҳатдан ёндашайлик. Агар илмий жиҳатдан қарайдиган бўлсак, биз учун энг мақбул ёзув — кирилл алифбоси» деган мазмундаги хулосасини эшитарканман, бу борада қандай илмий асослар бор экан, деб ўйга толдим. Телевидение ишидан унча-мунча хабарим бўлгани учун кўнглимдан «Бу, ахир, ток-шоу, унда албатта қарама-қарши фикрлар бўлиши шарт. Балки Зуҳриддин ака атайлаб тарафдори кам бўлган томоннинг қарашларини ҳимоя қилиб, кўрсатувнинг қизиқарли бўлишига ёрдам бергандир», деган ўй ҳам ўтди. Бироқ ҳурматли олимимизнинг эл-юрт тақдирига дахлдор бўлган масала — миллий ёзув ҳақида гап кетаётган пайтда бундай йўл тутмаслигини ўйлаб, хаёлим чувалашди. Кейин эса, баҳс-мунозара олови пасайиб, кўнгиллар хотиржам тортгач, тўзғиган хаёлларимни йиғиштириб қўя қолдим. Аммо домланинг яқинда интернетда эълон қилинган «Лотин ёзуви: ечимдан кейинги муаммолар» номли мақоласини ўқиб, у киши илгари сурган илмий далиллар билан танишарканман, назаримда, улар омонат, заиф туюлди ва яна хаёлим паришон бўлди.

Зуҳриддин ака Исомиддинов мақоласининг кириш қисмида ўз миллий ёзувига эга бўлган ҳинд, хитой, араб, арман ва бошқа европалик халқларга толеъ кулиб боққанини айтиб, аламли ҳавасини баён қилади. Гарчи муаллиф на «алам», на «ҳавас» сўзини ишлатган бўлса-да, атайлаб ташланган кўп нуқталарда бу ҳиссиёт яққол сезилиб туради. Ҳа, бу ҳис-туйғу қайси ўзбек зиёлисига нотаниш?! Биз каби қаттол империя таркибида яшаган бўлса-да, ўз ёзувини йўқотмаган гуржи, арман халқларига ҳавас қилишимиз, уларга нисбатан ҳам ҳудудий, ҳам аҳоли сони жиҳатидан бир неча баробар ошиқ бўлсак-да, нега ўз ёзувимиз йўқ ва борини ҳам нима учун асрай олмаганмиз, деб ичимизни тирнашимиз рост-ку. Мақолада таъкидланганидек, бир аср ичида миллий ёзувимизни тўрт марта янгилашимиз, ўзимизни аяб гапирадиган бўлсак, уятдан бошқа нарса эмас. Энг қизиғи, мақола муаллифи шу ҳақда гапириб туриб, миллий алифбомизни расман бешинчи марта ўзгартиришга — кирилл алифбосига қайтишга чақиради ва бу қарорни илмий асослашга ҳаракат қилади.

Гарчи алифбо танлашда энг муҳим фактор, домла айтганларидай, тарихий эмас, сиёсий эмас, моддий-молиявий эмас, техникавий эмас... ИЛМИЙ фактор эканини эътироф этсак-да, миллий алифбо масаласини ҳеч қачон ижтимоий-сиёсий ўзандан ташқарида кўриб бўлмаслигини ҳам тан олишимиз керак. Негаки, ҳар қандай алифбо муайян миллатнинг дунёқараши шаклланишида, борлиқ ва ўзлигини идрок этишида, жаҳон саҳнасига чиқишида тенгсиз аҳамиятга эга экан, яъни миллий ёзув халқнинг юзи ҳисобланаркан, у сиёсий-ижтимоий масала бўлмаслиги мумкин эмас. Бўлмаса, биз ҳавас қилиб турган жуда кўплаб хос алифболи халқлар бугун илмий асосларга таяниб, кўҳна ёзувларидан воз кечишлари ҳам мумкин эди. Уларни бундай қилмасликка ундаб турган куч, эҳтимол, тарихий, ижтимоий-сиёсий масъулият ҳисси бўлса ажаб эмас. Майли, шундай бўлса-да, эҳтиросларга берилмай, сиёсий ва бошқа омилларни рўкач қилмасдан, Зуҳриддин ака илгари сурган далилларни таҳлил қиламиз.

Биринчи фикр — кўп асрлик маданий меросимиз битилган араб ёзувининг бугунги кунда тилимиз табиатига тўғри келмаслиги ҳақидаги мулоҳазага эътирозимиз йўқ. Назаримизда, кенг жамоатчилик ҳам бу ёзувга қайтишни сира ўйлаётгани йўқ.

Иккинчи фикр — лотин ёзувининг тилимизга тўғри келмаслиги ҳақидаги мушоҳадага эса умуман қўшилиб бўлмайди. Домла лотин ёзувининг энг катта иллати сифатида муайян бир ҳарфнинг ҳар жойда ҳар хил товушни англатишини кўрсатади. Бу, ахир, ёзувнинг эмас, ҳар бир тилнинг талабидан келиб чиқади-ку! Тўғри, инглиз тилида «Tea» деб ёзилса, «Ти» деб ўқилади. Аммо, айтайлик, ер юзида 500 миллиондан ортиқ киши сўзлашадиган, роман тиллари ичида энг кўп тарқалган испан тилида ёзув билан талаффуз ўртасида деярли фарқ йўқ. Ҳар бир ҳарфи ўз ўрнида талаффуз этиладиган бошқа кўпгина лотин алифболи тиллар борлиги — оддий ҳақиқат. Зуҳриддин ака таъкидлаган O‘, G‘, Sh, Ch, ng ҳарфларига доир ноқулайликларни эса ҳаммамиз биламиз — Ишчи гуруҳ томонидан ечим ахтарилаётган асосий ҳарфлар ҳам шулар, аслида (шу ўринда ёшларимизнинг аксарияти алифбони ҳозирги ҳолатида ҳам жуда ўнғай ва маъқул деб ҳисоблашини айтиб ўтиш лозим). Бу ҳарфлар қулайлаштирилса, Ч ҳарфига асос бўлувчи C белгисига мос товуш юкланса, айрим товушларимиз алифбода акс этса, эътирозу шикоятларга ўрин қолмайди. Ана шунда, домла айтгани каби чўғ сўзини ёзиш учун клавиатурани олти марта эмас, уч марта боссак кифоя. Масалан: čǒǧ, ĉõĝ, ćóǵ, çöğ каби. Шунингдек, мақолада мисол келтирилган Qo‘qon, bog‘cha каби сўзлар ҳам ўз-ўзидан кўркам кўринишга келиб қолади. «Poytaxt» сўзини инглизлар «Пўйтекст» деб ўқишини ўйлаб, ташвиш чекмасак ҳам бўлади. Бугун қўлида замонавий смартфони бор сайёҳ интернетга кириб, ўзбек алифбоси ҳақида сўров берса, қайси ҳарфлар қандай товушларни ифодалаши ҳақида бир зумда маълумот олиши мумкин. Албатта, бу унга қизиқ бўлса. Қолаверса, бундай ҳолат бошқа тилларга ҳам бегона эмас. Масалан, соф рус тилида ва кирилл алифбосида ёзилган «Сахар» деган сўзни ҳам инглизлар ўзларича Сексеп ёки Кексеп деб ўқишлари, талаффуз қилишлари мумкин. Чунки бу сўздаги барча белгилар ҳар иккала алифбода ҳам бор. Аммо бу ҳол кирилл алифбосининг нуфузига асло таъсир қилаётгани йўқ. Албатта, умуман камчиликсиз, ўта мукаммал алифбо тузиш — мураккаб масала. Бироқ тилнинг энг асосий талабларига жавоб берадиган ёзувни яратиш мумкин ва бу борада лотин алифбоси она тилимиз учун бемалол жавоб беради деб ўйлаймиз. Хусусан, она тилимизга давлат тили мақоми берилганига 28 йил тўлиши арафасида — 2017 йилнинг 20 октябр куни Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий Кенгаши, Республика Маънавият ва маърифат маркази ва Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳамкорлигида бўлиб ўтадиган «Ўзбек тилшунослигининг долзарб масалалари» (тил, алифбо ва имло) мавзусидаги республика илмий-назарий конференциясида бу муаммолар ечимида силжиш бўлади деб умид қиламиз.

Энди ҳурматли олимимизнинг ёзувларни қиёслаб, тузган жадвалига эътибор қаратамиз. Тўғри таъкидланганидек, лотин алифбосида ҳеч қандай қўшимча белгисиз, «тоза» 26 та ҳарф бор. Уларнинг ўзбек тили товушларини акс эттириш имконияти, жадвалдаги натижа тўғри бўлса, 72 фоиз экан. Кирилл ўзбек алифбосида 35 та ҳарф бор ва, у киши уқтирганидек, бу ҳарфларнинг олтитаси (Е, Ё, Ю, Я, Ц, Ь) она тилимиз учун кераксиз. «Қолган 29 ҳарф ўзбек товушларининг 81% и демак» дейди муаллиф. Шу ерда озгина хатолик кетмадимикан?! Ахир, алифболарни қиёслаётганда ҳеч қандай белгисиз, ўзак ҳарфлар ҳисоб-китоб қилиниши керак эмасмиди? Яъни, ҳақли равишда У, К, Г, Х ҳарфларига қўшимча белги қўйиш орқали ясалган Ў, Қ, Ғ, Ҳ ҳарфларини ҳам сондан чиқаришимиз лозим эмасми? Ахир, илмий ёндашув шуни талаб этади-ку. Йўқса, лотин алифбосида ҳам қўшимча белгили ҳарфлар истаганча, ҳатто кирилл алифбосига нисбатан бир неча баробар кўп топилади. Бунга ишонч ҳосил қилиш учун турли алифболарнинг асосий ва қўшимча ҳарфлари, белгилари, ифода имкониятлари акс этган Юникод жадвалига бир қур назар ташлаш кифоя. Хуллас, юқоридаги тўрт ясама ҳарфни ҳам айирсак, ўзбек кириллицасида 25 та ўзак ҳарф қолади. Бу энди неча фоизни ташкил қилади, аниқлаш учун қўшимча ҳисоб-китоб қилишимизга тўғри келади.

Мақолада анча мукаммал дейилган қозоқ ва озарбойжон кирилл алифболарига қарайдиган бўлсак, туркий товушларни тўла ифодалашнинг имкони бўлмагани учун айрим ҳарфлар айнан лотин алифбосидан «қарз»га олинганини кўрамиз. Жумладан, j, i, h ҳарфлари кирилл ҳарфлари сафида, худди бегона уйга адашиб кириб қолган мусофирдай, хижолатомуз туришибди.

Энди ИЖТИМОИЙ жиҳатларга эътибор қаратамиз.

Биринчи жиҳат — 1940 йилдан буён кирилл алифбосида ниҳоятда кўп китоб чоп этилди, лотин ёзувида савод чиқарган авлод улардан баҳраманд бўлолмайди, деган фикр илгари сурилади мақолада. Ҳолбуки, мақола сўнгига бориб муаллиф ўз фикрига қарши боради. Яъни: «кирил ёзувига қайтиш маъқул топилса... лотин ёзувида савод чиқараётган болаларга нима деймиз? Улар қийналиб қолишмасмикан? Йўқ. Ҳозир ўрта мактабда лотин ёзувини ўрганаётган кўп фарзандларимиз кирилл ёзувида ҳам равон ўқиб, ёза олади, чунки иккинчи синфдан бошлаб рус тилини ўрганади, рус адабиётини ўқийди, қолаверса, деярли барча китоблар, газетаю журналлар шу ёзувда чиқиб турибди...» Тўғри гап. Чорак аср мобайнида лотин ёзувида савод чиқарган авлод кирилл ёзувидаги китобларни ҳам ўқияпти. Агар ўша китоб чиндан зарур ва фойдали бўлса, бу бошқа алифбода ёзилган, ўқимайман, деб юз ўгираётгани йўқ. Тўғри, кирилл ёзуви ўзлари ўрганган лотин алифбоси қадар уларга қадрдон эмас, лекин маънавиятни, тафаккурни бойитиш йўлида озгина ноқулайчиликни писанд қилишаётгани йўқ. Гарчи ноўнғай бўлса ҳам айтай, ўзбек мактабида ўқиб, лотин ёзувида таълим олаётган ўз фарзандларим ҳам кўп бадиий ва илмий китобларни кирилл ёзувида ўқийди. Демак, лотин ёзувига тўлиқ ўтсак, кириллдаги меросдан бебаҳра қоламиз, деган ташвишга ўрин йўқ. Қолаверса, аввал кирилл алифбосида чоп этилган китобларнинг жуда кўпчилиги сўнгги йилларда янги алифбомизда қайта нашр этилди. Қувонарлиси, бу хазина борган сари бойиб боряпти. Хусусан, Президентимизнинг 2017 йил 13 сентябрда эълон қилинган китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантиришга қаратилган қарорининг алоҳида бандида: «лотин ёзувига асосланган янги ўзбек алифбосидаги илмий-техник, адабий-бадиий ва энциклопедик адабиётларни янада кўпайтириш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш» бўйича қатъий кўрсатма берилган.

Иккинчи жиҳат — кирилл ёзувида битирган дастлабки авлоднинг ёши саксонга бориб қолгани айтилиб, демак, бутун халқнинг саводи кирилл хатида чиққан, деб хулоса қилинади. Ия, унда, 30 ёшгача бўлган неча миллионлаб ёшлар БУТУН ХАЛҚ таркибига кирмас экан-да!? Муаллиф фикрини давом эттирар экан, лотин ёзуви иш юритишга тўлиқ жорий қилинса, кўп ёши улуғ профессор-устозлар пенсияга чиқади, бундан миллат қанча ютади-ю, қанча ютқазади, деб савол қўяди. Аввало, тўғрисини айтиш керак, лотин ёзуви мамлакатимизда эртагаёқ жорий этилишига ва кекса авлоднинг кўчада қолишига Зуҳриддин аканинг ўзлари ҳам ишонмаса керак. Негаки, айни пайтдаги ҳолатимиздан келиб чиқиб мушоҳада юритадиган бўлсак, аввало, янги миллий ёзувимиздаги айрим нуқсонларни ислоҳ қилиб, уни тасдиқлатиб олишимиз керак. Кейин эса аниқ режа асосида, босқичма-босқич, аммо кўп чўзмасдан ўтиш лойиҳаси — йўл харитасини ишлаб чиқишимиз лозим. Бу жараёнда ҳар қандай мутахассис, ёшидан қатъи назар, лотинчани ўзлаштириб олади, деб ўйлайман. Жидду жаҳд қилинса, тез ўқиш кўникмаси ҳам пайдо бўлади. Ахир, бугун замон билан ҳамнафас яшаётган, илғор дунёқарашли отахону онахонларимиз ҳам луғат титкилаб инглиз ва бошқа чет тилларни ўрганяпти. Бунинг олдида миллий алифбони ўзлаштириш нима бўпти!

Мабодо янги алифбомизга жуда тез ўтиб кетилган тақдирда ҳам ниҳоятда керакли, ўз ишининг устаси бўлган, ўрнини бошқа ҳеч ким босолмайдиган мутахассисларга истисно тарзида имтиёз — янги алифбони ўзлаштириш учун бир марталик муайян муҳлат бериш мумкин. Ахир, илмдаги энг мураккаб масалаларга ечим топиб, қилни қирқ ёраётган мутахассисларнинг 30 та ҳарфни ёд олмасликларига ишониб бўлмайди. Ҳолбуки, аслида бунга ҳеч ҳам ҳожат йўқ — бугун лотин ёзувини билмайдиган етук мутахассис тугул, оддий одамни ҳам топиб бўлмаса керак.

Шу ўринда бир мулоҳаза: биз азал-азалдан ўзини эмас, аввало, фарзандларини, келажак авлодни ўйлайдиган миллатмиз. Ўғил-қизлар манфаати турганда, ўзимизга қулайлик яратиш фикри хаёлимизга ҳам келмайди. Айрим Ғарб давлатларидан фарқимиз ҳам шунда: ўзим қийналсам — қийналай, болам қийналмасин, деймиз. Бугун айрим ёши катталарнинг лотин алифбосини ўқишга қийналаман, кирилл алифбосига ўтсак яхши бўларди, деган мулоҳазаларини эшитганимда, наҳотки улар ўғил-қизларию набираларининг қонуний, мантиқий хоҳиш-иродасини назар-писанд қилмаса, қон-қонимизга сингиб кетган минг йиллик фазилатимиз наҳотки шу ерда келганда оқсаса, деб ҳайрон қоламан. Аччиқ ҳақиқат шу: биз — қирқ ёшдан ўтган авлод ўзимизнинг шахсий манфаатимизни миллат манфаатидан, келажак авлод иқболидан устун қўйишга ҳаққимиз йўқ. Алифбо алмаштиравериш туфайли чеккан маънавий изтиробларимизни, оғриқларимизни болаларимизга раво кўрмаслигимиз керак. Лотин алифбосини ўқишга қийналамиз, дейишимиз эса болаларча (ёки кексаларча) инжиқлиқдан бошқа нарса эмас.

Ҳа, бутун халқимизнинг катта қисмини айнан ёшлар ташкил қилади. Лотин ёзуви асосидаги ўзбек алифбоси 1993 йилдан буён амалда эканини инобатга олсак, бугунги кунда бу алифбода таълим олган авлоднинг олд қатори 30 ни уриб қўйди. Шундай, адашаётганимиз йўқ, Янги алифбо жорий этилгандан буён ўтган йилларга ўшанда биринчи синфга борган болаларнинг ёшини қўшинг — 30 дан кам чиқмайди. Ўттиздан ошаётган инсонга энди ёш боладай қараб бўлмайди. У бу ёшда оила қурган, касб эгаллаган, ҳаётда ўз ўрнини топган ва келажагини ҳам ўзи белгилайдиган даражада бўлади. Юртимиз аҳолисининг 30 ёшгача бўлган қисми неча миллион кишини ташкил этади — аниқ рақам келтиролмасак-да, ҳарҳолда, тарозининг палласини босса керак, деб ўйлаймиз. Қолаверса, уларнинг ғайрат-шижоатга тўлиб, шу юртнинг эгаси менман, дея олға интилиши посангига қўшимча залвор юклайди ва уларга хайрихоҳ бўлишимизни тақозо қилади.

Учинчи жиҳат «текис асфалт йўлда ўқдай учиб бораётган машина тўхтаса-ю, дала томон бурилиб, шудгордан янги йўл очиб юра бошласа, бояги шиддатдан ном-нишон қоладими?» Жуда ўринли ўхшатиш! Лекин буни фақат катта авлодга эмас, кўпроқ ёш авлодга нисбатан ишлатсак, тўғрироқ бўларди. Негаки, бугун ёш авлод айнан шу ташбеҳда келтирилганидек, текис, равон асфалт йўлда шитоб билан кетаётган учқур машинага ўхшайди. Улар мустақил давлатда туғилиб, янги алифбода таълим олиб, улкан орзу-ниятлар билан жамиятимизга кириб келишмоқда. Улар миллий ёзувимизни бизга ўхшаб ЛОТИН ЁЗУВИ демайди — фахр билан ЎЗБЕК ЁЗУВИ дейди! Сизу биз кириллча матнда қандай эркин сузсак, улар лотин ёзувида ана шундай мириқиб, яйраб, қулоч отиб сузади. Агар, худо кўрсатмасин, кирилл ёзувига қайтиладиган бўлса, Зуҳриддин ака таъкидлаганидай, уларнинг ёрқин келажакни кўзлаб шиддат билан кетаётган машиналари бехосдан дала томон бурилиб, шудгорзорга ботиб қолиши аниқ! Сабаби, бир неча ой олдин лотин-кирилл можароси интернетда, матбуоту телевидениеда авж олган лаҳзаларда кўплаб ёшларнинг кўнглини чуқур хавотир чулғаб олганини, наҳотки бизни ўз ёзувимиздан айиришса, деб чор тарафдан мадад излаб қолганларини кўрдик. Энг ёмони, улар олдиларига қўйган катта мақсаду лойиҳалардан ҳам чалғиб, жонсарак бўлиб қолишди. Яхшиямки, кўплаб жонкуяр зиёлилар ўртага тушиб, миллий алифбони, унинг тимсолида келажакни ҳимоя қилиб, ёшларга далда беришди. Айниқса, Ўзбекистон халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов ва Ўзбекистон Олий Мажлиси сенати аъзоси, халқ шоири Иқбол Мирзо ўз чиқишларида кириллга қайтилмаслигини, фақат миллий алифбомиздаги айрим жиҳатларни такомиллаштиришга эҳтиёж борлигини айтишгач, ёшларимиз, кенг жамоатчилик енгил нафас олиб, хотиржам тортди. Ҳа, бугун ёшларга давлатимиз томонидан улкан эътибор берилаётган бир паллада уларнинг шаштини заррача ҳам пасайтирмаслигимиз керак.

Тўртинчи жиҳат — бугун идораларда ўзбекча эмас, русча иш юритилаётганига лотин ёзуви айбдор сифатида кўрсатилган. Бечора миллий ёзув! Шунча маломатлар устига энди шу айб ҳам унинг чекига тушяпти. Худди кирилл ёзувига қайтилса, бирдан ҳамма идора ўзбекча иш юритиб кетадигандай. Қайтанга, бу бемалол русча иш юритишга йўл очмайдими?! Ҳозир-ку, лотин ёзуви туфайли жуда кўп расмий бланкалар, идора пештоқидаги лавҳалар ва бошқа ёзувлар ўзбек тилида ёзиляпти. Лотин ёзувидан воз кечилса, ўшалар ҳам русчага айланмаслигига ким кафолат беради?! Ҳозир миллий ёзувнинг ёш авлод қиёфасида миллионлаб тарафдорлари бор, улар улғайиб, кучайган сари, шак-шабҳасиз, миллий алифбо ва тилни қатъий ҳимоя қилишга ўтади.

«Аввал она тилимизнинг мақомини ўрнига қўйиб, номига эмас, чин давлат тили қилиб олайлик, у ёғига худо пошшо». Бу фикр худди остона ҳатламасдан туриб, тўрга ўтиб олайлик, дегандай гап-ку. Ахир, она тилимизнинг мақомини ўрнига қўйиш учун, аввало, миллий алифбомизни тўла-тўкис жорий қилишимиз керак эмасми?!

Бешинчи жиҳат — Ўзбекистонда лотин алифбосига ўтилса, бу ёзувга кўчиши белгиланмаган бошқа тиллар ёзуви қандай бўлади, деган мулоҳаза. Ҳаммамиз яхши биламиз: Ўзбекистонда лотин ёзуви фақат ўзбек тили учун жорий қилиняпти. Русча ёки бошқа ёзувдаги сўзларни ҳеч ким лотин алифбоси асосидаги ўзбек ёзувида ёзишга мажбур қилаётгани йўқ. Ҳар бир тил ўз ёзуви орқали ўрганилади, ёзилади. Бу қонунан кафолатланган. Агар кимдир имиж ёки реклама тариқасида лотинча ёзишни хоҳласа — нима ҳам дердик. Аммо шу ерда бир мулоҳаза: кўча-кўйдаги ёзувларнинг тўғрилигини, мантиққа мослигини текширадиган, назорат қиладиган, тавсия берадиган кенгашми, марказми бўлиши шарт. Токи унинг тавсияси, ҳукми қонуний, юридик кучга эга бўлсин! Ана шунда, мақолада ўринли таъкидланганидек, «U tryox druzey»га ўхшаш, ҳатто бундан-да тумтароқ битикларга дуч келмаймиз.

Олтинчи жиҳат — лотин ёзувига ўтишга шунча вақт берилди, аммо ўқув даргоҳларидан бошқа ҳеч қаерда бу ёзувда иш кўрилаётгани йўқ, шу боис янги ўзбек алифбосига ростакам ўтиладиган бўлса, реал саводхонлик 15-20 фоизга тушиб қолади, деган хавотир. Аввало, саводхонлик даражаси бўйича хулоса чиқаришимиздан олдин, 7 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшларимиз аҳолининг неча фоизини ташкил қилади, деган саволга аниқ жавоб топишимиз керак. Қолаверса, 30 ёшдан то пенсия ёшигача бўлган ҳамюртларимизни ҳам лотин ёзувини билмайди, дейиш жуда катта хато. Масалан, бизнинг авлоддошлар, яъни қирқ ёш атрофидаги кишилар ҳам лотин ёзувида бемалол ўқиб, ёза оламиз. Бундай гапни яна эллик ёш атрофидагилар, ҳатто Зуҳриддин аканинг тенгдошлари орасида ҳам тасдиқловчилар кўп. Ҳамма гап ихлосда: агар чиндан ҳам тўла-тўкис лотин ёзувига ўтишни истасак, эринчоқлигу ҳафсаласизлик қилмасак, ёшимиздан қатъи назар, қисқа муддатда қўлларимиз, кўзларимиз янги алифбомизга кўникади. Чунки бугун иш юритиш жараёнида тўла фойдаланмаётган бўлсак-да, янги алифбомиз ҳаётимизга тобора чуқурроқ кириб боряпти. Бугун ишга кираётган йигит-қизларнинг аризани ўзбек лотин алифбосида ёзиши табиий ҳолга айланяпти. Ва яқинда таниқли шоиримизни сўнгги йўлга кузатиш жараёнида беихтиёр қабристондаги битиктошларга эътибор қилдим: улардаги ёзувларнинг кўпчилиги янги алифбомизда битилган экан...

Еттинчи жиҳат — лотин ёзувига тўла ўтсак, юртимизга чегарадош давлатларда яшаб келаётган тўрт миллионга яқин ўзбеклар не қилади, ахир, улар етти ёт бегона эмас, жон жигарларимиз-ку, деган қондошларча ташвиш билан айтилган фикр. Аввало, бу жонкуярликни фақат олқишлашимиз керак. Биз чиндан ҳам нафақат Ўзбекистондаги, балки бутун ер юзидаги ўзбекларнинг маънавияти ҳақида қайғуришимиз лозим. Чунки, шоир ёзганидек: Ўзбек кўп бутун ер юзида, аммо // Оламда бошқа ҳеч Ўзбекистон йўқ! Лекин бу жараёнда нигоҳимиз чегара ҳатлаб тўхтаб қолмаслиги, бутун ер юзини қамраб олиши шарт. Гарчи муаллиф «МДҲ доирасидаги кўп мамлакатларда ўзбеклар кириллчада ўқитиляпти ва ундан воз кечиш хаёлларига ҳам келмаяпти», деса-да, Озарбойжон ва Туркманистон лотин ёзувига аллақачон тўлиқ ва расман ўтиб кетгани барчага маълум. Энг катта қўшнимиз Қозоғистон ҳам 2017 йилнинг охиригача қозоқ лотин ёзувини расман ишлаб чиқиб, 2025 йилдан эътиборан узил-кесил янги алифбога ўтишини эълон қилди. Айни пайтда қозоғистонлик расмийлар, зиёлилар, кенг жамоатчилик вакиллари мутахассислар томонидан тақдим этилган янги алифбо лойиҳасини қизғин муҳокама қиляптилар. Ҳозирча кирилл алифбосида қолаётган Қирғизистондаги сиёсатчилару зиёлилар орасида ҳам, бошқа туркий халқлар изидан биз ҳам лотин алифбосига ўтишимиз керак, деган чақириқлар борган сари кучлироқ эшитилмоқда. Тўғри, улар ҳозирча иқтисодий шароит туфайли лотин алифбосига ўтишимиз қийин кечади, лекин 2030 йилга бориб ўтсак бўлади, деган фикрларни айтишмоқда. Ҳатто, мустақил давлат бўлмаса-да, Татаристон Республикасида ҳам татар тилининг бугуни ва келажагини ўйлаб, лотин ёзувига ўтиш бўйича сўнгги йилларда кўп саъй-ҳаракатлар бўлди ва гарчи бунга тўла эришилмаган бўлса ҳам, 2012 йилнинг охиридан эътиборан фуқароларга расмий мурожаатларини лотин алифбоси асосидаги татар ёзувида ёзиш ҳуқуқи берилди.

Албатта, Зуҳриддин аканинг Қирғизистон, умуман, яқин чегара ортидаги миллатдошларимизга қайғуришини тўғри тушунсак бўлади, лекин биз лотин алифбосига тўла ўтиб кетсак, улар биздан ажралиб қолади, деган фикр тўғримас, назаримизда. Чунки қўшни мамлакатларда яшаётган миллатдошларимиз ҳам, бошқа миллат вакиллари ҳам бугун лотин ёзувининг асосини ташкил этувчи 26 та ҳарфни яхши танийди. Қўшимча тўрт-бешта ҳарфни ўзлаштириш астойдил хоҳлаган кишига ҳеч қандай муаммо туғдирмайди. Ва яна бир нарса аниқ: агар биз лотин ёзувига ўтишни пайсалга солмасдан, аниқ режа асосида жараённи тезроқ якунласак, қўшни мамлакатларда яшаётган миллатдошларимиз ҳам ора йўлда сарсон бўлмасдан, ягона ўзбек ёзуви атрофида бирлашади. Қолаверса, хориждаги ўзбеклар деганда, фақат ён атрофимиздаги қондошларимизни эмас, араб дунёси ва Европа, АҚШда яшаётган миллатдошларимизни ҳам унутмаслигимиз керак. Ён-атрофимиздаги ўзбекларнинг аксарияти ҳам лотин, ҳам кирилл ёзувини билади, аммо олис мамлакатларда яшовчи миллатдошларимизнинг кўпчилиги кирилл ёзувини билмайди — лотин ёзуви уларни Ватанга боғлаб турган ҳаётбахш ришта ҳисобланади. Хорижда яшовчи миллатдошларимизнинг кириллга қайтмасликни сўраб, давлатимиз раҳбарига ёзган мактубини ўқиган киши бунга яна бир карра ишонч ҳосил қилади. Қолаверса, Президентимиз Шавкат Мирзиёев яқинда АҚШга қилган сафари мобайнида ўша ерда яшаётган ўзбеклар билан учрашаркан, олис қитъаларда ҳам қондошларимиз кўплигини ва улар билан мустаҳкам халқа қуришда лотин алифбоси қанчалик катта имкониятга эга эканини янада чуқурроқ ҳис қилдик.

Яна бир жиҳат — алифболарнинг техник-дастурий қулайлиги, замонавий ахборот-коммуникация мосламаларига мутаносиблиги. Бу ҳақда жуда кўп мулоҳазалар баён қилингани ва бу борада қайси алифбо устун экани барчага маълум бўлгани боис ортиқча изоҳ бериб ўтирмаймиз.

Навбатдаги жиҳат — масаланинг иқтисодий томони. Мен ҳам Зуҳриддин ака каби молиячи эмасман. Шу боис чорак аср мобайнида мамлакатни лотин ёзувига ўтказиш жараёнида қанча маблағ сарфланганини ва агар кириллга қайтилса, ҳавога учган шунча маблағни нима деб оқлаш мумкинлигини билмайман. Ва яна болаларимиз лотин ёзувида ўқиётган китоблару дастурларни, ўқув даргоҳларидаги кўргазмали қуролларни, идораю кўчалардаги турли баннерларни ва бошқа кўплаб маълумотларни кириллчага ўтказиш қанча маблағ талаб қилади — айтолмайман. Ҳарҳолда, билганим шуки, олдинга юриш учун қанча маблағ сарф қилинса ҳам, ўзини оқлайди, ортга юриш учун харжланган ҳар қандай чақа увол ҳисобланади.

Ва яна бир хато хулоса — лотин ёзувимизда қўшалоқ ҳарфлар мавжуд бўлгани боис кирилл ёзувидаги ўн саҳифалик матн ўн бир саҳифага айланади, бу эса ҳар ўн тонна қоғоз сарфига яна бир тонна қўшилади, деган фикр. Тажриба учун истаган киши бир хил матнни, бир хил шрифт ва катталикда ҳар икки имлода ёзиб кўрсин: ҳатто ҳозирги қўшоқ ҳарфларга эга алифбомизда ёзилган матн ҳам кирилл алифбосида ёзилган «эгизак»ига нисбатан бир мунча кам жой эгаллайди. Жумладан, ушбу фикр баён этилаётган абзац кирилл алифбосида саккиз ярим қатор бўлса, жорий ўзбек лотин алифбосида саккиз мисра ҳам чиқмайди. Мабодо қўш белгили ҳарфларни ислоҳ қиладиган бўлсак, матн янада ихчамлашади ва қоғоз харажати жиддий камаяди.

Тажриба учун Word дастурида, А4 форматда, 1,0 интервалда, 14 пт катталикдаги Times New Roman шрифтида ёзилган кирилл алифбосидаги 77 саҳифалик матн худди шу ўлчовлар асосида ўзбек-лотин алифбосига ўгирилганда 72 саҳифани эгаллади. Беш бет қоғоз тежалиши маълум бўлди.

Ва ниҳоят, мақолада ҳуқуқий жиҳатга эътибор қаратилиб, лотин ёзувига ўтиш умумхалқ референдумида кўриб чиқилмаган, дейилади. Тўғри. Лекин Олий Кенгаш депутатлари халқ вакиллари эмасми? Тилшунос олимлар, зиёлилар, мутахассислар томонидан ишлаб чиқилган алифбони халқ берган ваколат доирасида кўриб чиқиб, тасдиқлашлари қонуний жараён ҳисобланмайдими? Қолаверса, бу ҳужжатга халқ томонидан сайланган Президент имзо чеккан! Бугун биздан чорак аср кейин лотин алифбосига ўтаётган қардош Қозоғистонда ҳам референдум ўтказилаётгани йўқ. Аммо бу ҳол уларни ноқонуний йўл тутяпти, дейишимизга асос бўлолмайди.

Энг муҳим масала шундаки, бугун мамлакатимизда улкан янгиланиш жараёни кетяпти. Олдимизда ниҳоятда улкан вазифалар, марралар турибди. Бундай паллада бутун халқимизнинг – ёшу қарининг бирлиги, жипслиги ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ. Шу боис миллатни қарама-қарши қутбларга бўладиган ҳар қандай ташаббуслардан эҳтиёт бўлишимиз даркор. Хусусан, кирилл алифбосига қайтиш ҳақида гапни қўзғаш – ёш авлод қалбида саросима, ғулғула уйғотиб, уларни катта авлодга зид позиция эгаллашга мажбур қилади. Бу эса бизнинг тарих олдидаги, келажак олдидаги энг катта хатомиз бўлади. Зуҳриддин ака мақоласи хулосасида «Албатта, фарзандларимиз олдида узрхоҳмиз. Аммо ўғил-қизларимиз бунинг учун биздан гиналаб юрмаслар», дея ҳазрат Навоийнинг:

Отадан келса хато, билма хато,

Савоб бил дағи хато қилса ато, –

деган мисраларини қалқон сифатида келтиради. Тўғри, фарзандларимиз бизнинг – оталарининг хатосини ҳам савоб билиб бошига кўтариши мумкин, аммо биз оқил ота бўлсак, уларни атайлаб нотўғри йўлга бошламаслигимиз, ўнғайсиз ҳолатга туширмаслигимиз керак. Шу ўринда улуғ ёзувчимиз Абдулла Қодирийнинг «Ўтган кунлар» романидаги ёшу қари ёддан биладиган лавҳа эсга тушади. Фарзанди тақдирини унинг раъйига қарамасдан ҳал қилиб қўйган Юсуфбек ҳожи ўғлига юзланади:

« – Ўғлим, ҳали сан эшитдингми-йўқми, ҳайтовур, биз санинг устингдан бир иш қилиб қўйдиқ…

Отабек, маълумки, уларнинг «қилиб қўйган ёки қилмоқчи бўлған ишларини» албатта билар эди. Шундоқ ҳам бўлса билмаганга солинди:

– Ақллик кишиларнинг ўғуллари устидан қилған ишлари албатта номаъқул бўлмас, – деди. Ҳожи ўғлининг бу жавобидан ерга қаради ва нима деб давом қилишни билмай қолди».

Ҳа, бугун фарзандларимиз бизни тушунади, деб, амалдаги ёзувни кирилл ёзувига ўгартиришни орзу қилаётган оталарга ёшларнинг жавоби аниқ. Бу жавобни эшитиб, Юсуфбек ҳожи каби мулзам тортиб, бошимизни эгишдан бошқа чорамиз қолмайди. Чунки улар зоҳиран тақдирга тан берсалар-да, кўнгилларида ҳеч қачон қароримизни қабул қилишмайди. Эҳтимол, шўро давридаги хатоларимизни тушуниб, бизни маломат қилмасликлари мумкин, аммо озод давлатда яшаб туриб, ўз ғоямизга эга бўлатуриб йигирма беш йил давомида амал қилган миллий алифбомиздан ўз ихтиёримиз билан воз кечишимизни ҳеч қачон тушунмайди, ҳазм қила олмайди. Шу боис бу гина фарзандлар кўксида илдиз отиб, пинҳоний норозиликка айланади. Ва келажак авлод олдидаги масъулиятни англаб, кўп эмас, орадан ўн беш, йигирма йил ўтиб, улар ҳал қилувчи кучга айлангач, ўтган кунлардаги хатони тўғрилаш мақсадида дунё аҳли олдида хижолат терига ботганларича олтинчи марта алифбони ўзгартиришга, ўзларига қадрдон бўлиб қолган, кўз очиб кўрган, онгу шуурига, қалбига маърифат зиёсини олиб кирган ва инсониятнинг асосий қисмига тушунарли бўлган алифбога қайтишга жазм қилишади. Ана шунда, Зуҳриддин ака Исомиддинов айтганларидек, биз алифбосини энг кўп ўзгартирган халқ сифатида чиндан ҳам Гиннеснинг рекордлар китобига кирсак, ажабмас. Назаримда, бундай рекорд бизга ҳечам керакмас.

Зуҳриддин аканинг мақоласи сўнгида кирилл ёзувида ҳам такомиллаштирилиши лозим бўлган ўринлар, ортиқча ҳарфлар, ўзбек товушларини акс эттиришдаги камчиликлар борлиги айтилган. Аммо, қизиғи, бу ҳол «кўп ҳам мушкул иш эмас» деб баҳоланган. Бизнингча, ана шу кўп ҳам мушкул бўлмаган ишга кетадиган куч-қувватимизни амалдаги янги алифбомизни такомиллаштиришга сарфлаганимиз мақсадга мувофиқ, деб ўйлаймиз…

 

Нодир ЖОНУЗОҚ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир