-1-

“Петро” пароми уч юзга яқин йўловчини олиб Мисрдан Иорданияга қараб суза бошлади. Бугун ёлғиз сафар қиляпман. На йўлбошчи, на таржимон бор ёнимда. Ҳаммаси ёлғиз худога таваккал. Палубага чиқаман. Гарчи қизил дейилсада, дунёдаги барча денгизлардан мусаффо, тиниқ суви бўлган ва чуқур экани учун тўқ мовийранг, тўлқинлари майин, озонга тўйинган шаббодаси ёқимли денгиз мени тамомила мафтун этган эди. Шу пайт паром радио карнайидан берилаётган араб мусиқаси тўхтаб, кема капитани инглиз тилида эълон қилади: “Биз геометрик ноль нуқтада сузиб боряпмиз. Чапда Миср, ўнгда Саудия Арабистони, юқорида эса Исроил ва Иордания. Шу нуқтадан барча тўрт давлат ҳудудий қирғоқларигача масофа бир хил”. Ҳа, бу ҳам Қизил денгиз ажойиботларидан бири эди.

Иорданиянинг Ал Ақаба шаҳри порти ғоят гўзал. У менга Марсель, Монако, Сидней портларини эслатди. Бинолар бир биридан жозибадор. Йўл, йўлаклар турфа гулларга бурканган. Бандаргоҳдаги хусусий сув лайнерлари чиройи кўзни қамаштиради. Мана, улардан бири тизгинланган жойга қора жип келиб тўхтади. Ундан ҳижобдаги 2 аёл, 3-4 қувноқ болакайлар ва пўрим кийинган икки йигит тушдилар. Мен шундоқ ёнларида уларни кузатиб турсамда гўё сезишмаётгандек беписанд ўтиб кетдилар. Оқ мундирли капитан меҳмонларни илтифот билан кутиб олди. Икки – уч дақиқа ўтмай уч қаватли сув кемаси денгиз сари енгилгина сузиб кетди. Шу пайт уларга ҳавасим келдими, ҳасадим келдими билмай қолдим.

-Жаноб Обидов сизмисиз?

Овоз келган томонга ўгрилдим. Қаршимдаги кулиб турган йигитча узр сўраб йўл бошлади.

-Сизни италиялик сайёҳлар гуруҳига киритганмиз. Петрога улар билан борасиз. Сизни кутишяпти.

Автобусга чиқишим билан гид менга биринчи қатордан жой кўрсатди.

-Вы из Казахстана? – сўради у.

Омадни қаранг. Сайёҳлар гуруҳбошиси араб бўлсада рус тилини яхши билар экан.

-Нет, я из Узбекистана, - дедим қувончимни яширмай.

Биз Ал Ақаба бўйлаб қисқа сайрдан сўнг катта йўлга чиқдик. Бу қадим Петрога борадиган тоғ ва довонлардан ўтадиган ғоят мураккаб, айни чоқда такрорланмас манзарали йўл эди.

Менинг исмим Муҳаммад эканига шубҳа қилган янги дўстимга паспортимни кўрсатган эдим, у мени қучоқлаб олди.

-Менинг ҳам исмим Муҳаммад!

Италиялик сайёҳлар Муҳаммаднинг хикояларини эшитар, лекин савол беришмас эди. Мен эса уни жони ҳолига қўймай саволга кўмиб ташлардим.

-Мен Иорданиядаги ҳақиқий араб бедуинлари авлоди билан учрашмоқчиман. Петрога шунинг учун келяпман.

Адашим таажжуб билан бир қараб қўйдию, индамади.

Бунинг сабабини сафаримиз якунида билдим.

-2-

Петро грекча сўз бўлиб “тош” деган маънони билдирар экан. Аслида, олимларнинг таъкидлашича, бу шаҳарга эрамиздан аввалги тўққизинчи – еттинчи минг йилликларда асос солинган. Лекин шаҳар ҳақида маълумот берувчи ёзма манбалар эрамиздан аввалги иккинчи, биринчи асрларга тегишли. Бу ерда набатейлар яшаган даврлар ҳақидаги тош битиклар сақланиб қолган ва уни замонамиз олимлари ўқиганлар. Уларда ёзилишича, набатейлар даврида Ямандан чиққан карвонлар гуллаб-яшнаган Петрода тўхтаб, дам олиб, сўнг Ўрта Ер денгизи томон йўл олган. Эвазига улар набатейларга ҳақ тўлаганлар. Бу ерда савдо-сотиқ ривожланган, ҳунармандлик устахоналари пайдо бўлган. Эрамиздан аввалги биринчи асрдан эрамизнинг дастлабки юз йиллиги даврида Петро ниҳоятда ривожланган. Яхлит тоғ қояларида шу қадар гўзал меъморий иншоотлар барпо этганларки, уни бугунги техник имконият билан ҳам қуриш мушкул. Савдо карвонлари тош шаҳарда жазирама иссиқдан ҳам, чўл бўронидан ҳам муҳофазада бўлган. Ҳашаматли саройолди майдонларида олтин, кумуш, мис, қимматбаҳо тошлар билан савдо қиладиган, айирбошлайдиган бозорлар ишлаб турган. Ҳозир ҳам Перонинг бош майдонида қадимий чизгилар, нусхалар асосида тайёрлаган кумуш тақинчоқлар сотилади.

 

-3-

Петро архитектурасига қадим юнон услуби кириб келишида шаҳарни эрамизнинг 106 йилида босиб олган Рим императори Трояннинг хизмати бор, деб ёзадилар олимлар. Уларнинг таъкидлашича, Петро архитектураси шаклланишида диннинг таъсири катта бўлган. Набатейлар оташпараст эди. Улар марҳум жасадини ёқиб, кулини ҳашаматли бинолар ичига кўмиб қўйганлар. Кейинроқ, христианлик кириб келгач бу қаср ва саройларга янада тантанавор безак ва жило берилиб, ибодатхоналарга айлантирилган. Петрони эрамизнинг еттинчи – саккизинчи асрида араблар эгаллаган. Ислом дини ҳукмронлик қилган ўша даврларда бу бинолар яна аҳамиятини йўқотган. Энг ачинарлиси, денгиз савдо-сотиқнинг қулай, бехатар ва арзон йўлига айлангач, Петрога келадиган карвонлар аста камайиб, охир-оқибатда шаҳар савдо ва маърифат маркази мақомини бой берган. XII асрдаги зилзиладан сўнг эса Петро умуман ўлик шаҳарга айланган. Тарихий манбаларга асосланиб, мутахассислар Петро ўшандан буён бедуинлар масканига айланган, деб хисоблайдалар. Ташландиқ тош сарой, ибодатхона, бино ва ғорлар бедуинлар учун қароргоҳ бўлиб қолган. Тарихнинг кажрафторини кўрингки, XIX асрга қадар Иорданиянинг Синай ярим оролига туташ тоғлар оралиғида, ўн минглаб йиллар илгари қуриб колган денгизнинг, уч юз метр чуқурликдаги остида Петро шаҳри бўлганини улардан бошқа ҳеч ким билмаган. Аниқроғи бедуин қабилалари авлоддан авлодга қолдирилган бу сирни яшириб келган. 1812 йилда швецариялик олим Йоган Буркгхард ислом динини қабул қилиб, исмини Иброҳим деб ўзгартириб, кўчманчи бедуинларни уни Петрога олиб боришига кўндиради. Лекин бу ердаги археологик қазишма ишлари 1924 йилдагина, орадан юз йил ўтиб бошланган. Ниҳоят собиқ денгиз остидаги шаҳар кўчалари, бино иншоотлари кўмиб қолган қумдан тозалангач, 1985 йилдагина ЮНЕСКО томонидан халқаро маданий меърос сифатида эътироф этилади. Иордания ҳукумати эса бедуинларни Петродан чиқариб юборади. Шундан буён Петро дунё мўжизалари  сафига қўшилиб олим-у сайёҳлар учун ҳайрат ҳамда тарихнинг очилмаган сир синоатига айланди. Баланд баланд қоялардан қандай қилиб хашаматли саройлар яратилган? Уч юз метр чуқурликдаги тош шаҳар сув таъминоти қандай хал этилган? Нега қоялар, тоғлар, ғор ичлари камалак рангда? Ва яна ўнлаб жумбоқлар ҳануз ечилмаган муаммо бўлиб қолмоқда.

-4-

Петродаги катта ва кичик, ҳашаматли ва камтарона иншоотларнинг ҳар бири ўқилмаган китоб, шарҳланмаган тарих. Улар ҳақида биргина мақолада маълумот бериб бўлмайди. Шунинг учун сиз билан икки нуқта таассуротларимни баҳам кўрмоқчиман, холос. Уларнинг бири шаҳарга тушавериш (киравериш эмас, чунки у чуқурликда)даги Сик йўлаги. Бу баландлиги 80-90 метр бўлган икки қоя оралиғидир. У эса 3-5 метрни ташкил этади. Йўлак торлиги шаҳарга душманни киритмасликда қўл келган. Мен камида икки минг йил аввал  Рим императори тердирган тош йўлакдан ҳайрат билан ўтиб бораман. Қоялар бир-бирига интилган бўлиб, камалакнинг етти хил рангида. Қуёшнинг салгина нури тушса, ранглар жилосидан кўзингиз қамашади. Петро “дарвозаси” дан сон – саноқсиз савдо карвонлари, душман лашкарлари, бедуинларнинг “ёввойи” отлари, сўнгги 20 йил ичида эса миллионлаб сайёҳлар ўтган. Аммо силлиқланмаган мармар тош йўлак, табиатдаги барча рангларни ўзида мужассам этган қоялар ҳамон ўзлигини йўқотмай инсонлар онгини жумбоқларга “боғлаб” турибди. Сик дарвозасидан хазина саройигача яна ўнлаб мўъжизаларни ёқалаб ўтасиз.

-5-

Петронинг бугунгача нисбатан яхши сақланган саройларидан бири – Хазина. Бу номни унга бедуинлар қўйган. Улар шаҳарга биринчи бор келганларида бу сарой қуёш нурида олтинранг таратиб тобланган. Бедуинлар унинг деворларига олтин қопланган, деб ўйлаганлар ва дарҳол Хазина, Хазина, деб қичқирганлар. Лекин қуёшни баланд қоялар тўсиб қолгач билганларки, бино яхлит тош қояга ўйиб ишланган. Сайёҳлар қатори мен ҳам унинг қаршисида суратга тушдим.

Хазина саройи кираверишида олтита мармар устун пештоқдаги гунгурадор безакларни, ундан юқорида яна уч жуфт устунларга ўрнатилган учта шифтни кўтариб туради. Энг юқори – ўртада шарсимон тош. Набатейлар уни йил, деб атаганлар. Унинг остида, икки шифтнинг икки ёнида тўртта ҳайвон тасвирланган. Бу – фасллар. Иккинчи қават ўртадаги икки устун шифтидан 12 та бармоқ чиқарилган. Бу – ойлар. Хазинанинг ҳар икки қавати пештоқларида 365 та тўртбурчак безаклар бор. Уни Набатейлар кунлар, деб изоҳлаганлар. Шундан ҳам кўриниб турибдики, 8-10 минг, балки ундан ҳам илгаритдан яшаган набатейлар илмли халқ бўлган. Акс ҳолда тоғ бағрига геометриядаги парралель, симметрик каби қоидалар асосида бирон бир нуқсонсиз тош саройлар бунёд этолмасдилар.

-6-

Петрода инсон ақлини “ўғирлайдиган” тоғни кесиб ясалган (қурилган эмас) бир бутун уч минг ўринли амфитеатр, одамлар ва отларнинг шакли туширилган тош ҳайкаллар, мозаика билан зеб берилган хилхоналар, айланма зиналар, уй ўрнида фойдаланилган ғорлар... эҳее, қанча ёдгорликлар бор, санаб саноғига етмайсан. Камина тоғу – тошда юравериб оёғи қавариши, иссиқдан (мен бу ерда бўлган сентябрь ойи охирги кунларида ҳарорат 45 даражадан юқори эди) томоқ қуриши, чарчоқдан ҳолсизланишига қарамай кўпроқ, кўпроқ нарса кўргиси, билгиси келарди.

Петро бедуинларининг тақдири-чи, дерсиз. 1980-1990 йилларда бу ерга аста – секин сайёҳлар кела бошлагач, ҳукумат уларни шаҳардан 10-15 чақирим нарига чиқарган. Лекин Петрода бедуин чавандозлари мағрур араб отларини етаклаб келиб сизга таклиф этади. Ахир шаҳардан юқорига чиқиш учун яна 4-4,5 километр пиёда кўтарилиш керак. Шунда 40 доллар тўлаб йўлнинг биринчи ярмини от аравада, яна 20 доллар тўлаб от чоптириб юқорига етиб олиш мумкин. Сизчи, деб сўраяпсизми? Шу ерга келганда хасислигим тутдими, ёки аввал иқтисод кейин ҳаловат дедимми, бир соат–у қирқ беш дақиқада автобусимиз турган майдонга пиёда етиб бордим ва ... кечки овқатсиз қолдим.

Очиғи, бир неча кунлик саёҳатда кўчманчи араб бедуинлар ҳаёти билан яқиндан танишиб бўлмаслигига ишонч ҳосил қилдим. Агар яратган умр ва саломатлик берса, келгуси сафар бир муддат улар билан бирга яшаб кўраман, деган мақсад пайдо бўлди кўнгилда.

Миср ва Иордания чўлларидаги  таассурот ва ички кечинмаларим битилган сатрлар билан тоқат қилиб танишган азиз ўқувчиларга миннатдорчилик билдириб,

Муҳаммаджон Обидов
Дахоб, Таба (Миср), Петро (Иордания)
сентябрь, 2017 йил.