Файласуфлардан бирининг таъкидлашича, “турмуш ташвишлари кишини турли қийинчиликларга рўбарў қилиши мумкин, аммо бу шаъндан, инсоний фазилатлардан юз буришга асос бўла олмайди.”

Чунки, инсон шаъни ҳамиша муқаддас ва энг нозик туйғу ҳисобланади. Унга бир бора доғ тушди-ми, бас, бутун умрни ҳаржлаб ҳам бу доғни кетказиб бўлмайди.

“Қаҳрамон”имиз Ирода Қурбонова (мақоладаги исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳам ўз нафси йўлига шаънини тикди. У танлаган йўл ҳарчанд қинғирлик ва устомонликни қўлламасин барибир боши берк кўча эканлигини негадир тан олгиси келмади. Уни кўпроқ қинғир режаси наф берса, эгри йўл билан орттирган бойлигини неларга сарфлаш ҳақидаги “ширин” хаёллар онгу шуурини забт этган эди. 

Унинг не истакда Туркияга йўл олгани бизга аён эмас-у, аммо ўз юртига қай мақсадда қайтгани пойтахт аэропортида бир зумда фош бўлди.

Истанбулдан ҳаво кўтарилган учоқ тушга яқин Тошкентга қўнди. Самолёт бортидаги йўловчилар бирин-кетин божхона назоратидан ўта бошлашди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси

Улар орасидаги Ирода эса негадир тинимсиз безовталанарди. Қўлидаги аёллар курткасини бир қарасанг эгнига кияр, сал ўтмай исиб кетганидан-ми, яна ечиб қўлига олар. Хуллас, борган сайин тоқатсизланарди. 

Ниҳоят божхона ўтиш йўлагидаги навбат тугаб, унинг гали келди. Ирода багажлари ортилган аравани сурганча, назорат-рентген аппарати ёнига келди. Аппаратнинг ҳаракатланувчан лентасига бирин кетин багажларини қўя бошлади. Халақит берди чоғи, қўлидаги курткасини арава тутқичига илиб қўйди. Сўнгра йўловчи божхона декларацияси ва паспортини божхона ходимига узатди.

Ҳужжатлар билан танишар экан, божхона ходими одатдаги саволи билан мурожаат қилди.

-  Ёнингизда йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган ёки олиб ўтиш таъқиқланган товарлар йўқми?

Ирода шоша-пиша “йўқ” деб жавоб қайтарди. Багажларнинг назорат-рентген аппарати экранидаги тасвири “тоза” чиқди. Божхона ходими Ироданинг кўзига синчковлик билан тикилар экан, аёл ундан нигоҳини олиб қочди. Ҳа, нимасидир шубҳали эди унинг.

Шу пайт божхона ходимининг багаж тутқичига илинган курткага кўзи тушди. Аввалига хайрон қолди, иссиқ кунларда курткага нима ҳожат бор? Кейин эса яшин тезлигида бирдан тушуниб етди.

-  Курткангизни нега назорат-рентген аппаратига қўймадингиз? Қани қўйинг-чи? 

Ироданинг устидан бир челак муздек сув қўйилгандек бўлди. Ҳа, ҳаммаси бир зумда барбод бўлди. Қўллари бўшашганча, курткасини аппарат лентаси устига қўйди. Экранда эса шубҳали тасвирлар бирин кетин акс эта бошлади. Халат чўнтакларида нимадир борлиги яққол кўриниб турарди. 

Буёғи одатдагидек давом этди. Бир зумда холислар чақирилди. Куртка уларнинг иштирокида кўздан кечирилганида, унинг чўнтакларига бир нечта полиэтилен ўрамлар жойлангани аниқланди.

Ўрамлар очиб кўрилганда эса, Ирода Қурбонова томонидан йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган ва божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилинмаган, умумий оғирлиги 2,5 кг.дан ортиқ бўлган тилла тақинчоқлар яширилганлиги аниқланди.

Божхоначиларнинг кўзини шу тариқа шамғалат қилишга уринган бу аёл ушбу найранги орқали  254 жуфт зирак, 253 дона узук, 26 дона кулон, 19 дона занжир ва 3 дона билагузукларни республикамизга яширинча олиб киришга уринган эди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу тилла буюмларнинг умумий қиймати тахминан 564 млн. сўмдан ошар экан.

Фото: Давлат божхона қўмитаси

Тилла тақинчоқларнинг ҳисобини олиш учун заргарлик буюмлари стол устига бирма-бир териб чиқилаётган пайтда вазиятни кузатиб турган Ирода аввалига оғир хўрсина бошлади. Кейин эса изи йиғига уланди. Кўзидан шошқатор ёш томар экан, у эндигина қилиб қўйган ишининг аввалбошдан нотўғри бўлганлигини англай бошлади. Аммо, энди кеч эди. Зеро, сўнгги пушаймон – ўзингга душман деб бежизга айтишмаган.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида йил бошидан буён божхоначилар томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 91 та божхона қоидабузарликлари натижасида қиймати 1.8 млрд. сўмдан ортиқ салкам 30 кг. оғирликдаги тилла ва заргарлик буюмларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган.

Эслатиб ўтамиз, амалдаги тартибларга мувофиқ, божхона чегараларини кесиб ўтиш пайтида жисмоний шахслар томонидан тўлдириладиган йўловчи божхона декларациясининг 5-бандида ҳар қандай кўринишдаги ва ҳолатдаги қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган буюмларнинг миқдори аниқ кўрсатилиши шарт.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига жисмоний шахслар томонидан товарларни акциз солиғи солинмасдан олиб киришнинг рухсат этилган меъёрларига мувофиқ умумий оғирлиги 30 граммдан ортиқ бўлмаган 5 донагача заргарлик буюмларини олиб киришга рухсат этилади.

Ҳусен Тангриев
“Тошкент-Аэро” ИБК
ахборот хизмати катта инспектори