Тожикистондаги фуқаролик уруши авжига чиққан пайтда Ҳисордаги масжидлардан бирининг имоми бўлган шахснинг ўғли отасининг қотиллигида Ҳисор тумани собиқ раҳбари ва Ҳисор тумани Халқ фронти собиқ қўмондони, Душанбе собиқ ҳокими, мамлакат бош вазирининг собиқ ўринбосари, республика парламенти қуйи палатаси спикери собиқ ўринбосари, ҳозирда пенсияда бўлган Жамолиддин Мансуровни айбламоқда.

Ҳисордаги масжиднинг 1992 йил охирида ўлдирилган имоми Раҳмон Сафаралиев (Ҳожи Абдураҳмон) ўғли – Бадриддин Сафаралиевнинг баёнотига кўра, 5 октябрь куни маҳаллий прокуратура ва милиция терговчилари отасининг жасад қолдиқларини эксгумация қилишган. Бу ҳақда «АП» прокуратура идораларидаги манбага асосан хабар берди.

Терговчиларнинг маълум қилишича, эксгумация натижалари ҳақида барча тегишли жараёнлар якунланганидан сўнг маълум қилишади.

Ҳисор прокуратураси хабарига кўра, Жамолиддин Мансуров Раҳмон Сафаралиевнинг ўлдирилиши бўйича бошланган тергов доирасида сўроқ қилинди.

Аризани текшириш давом этмоқда, дея қўшимча қилиб ўтишган прокуратура идорасидан.

Манба маълумотига кўра, ўлдирилган имомнинг ўғли отасининг ўлимига, Жамолиддин Мансуровдан ташқари, Ҳисор ИИВБ жиноят-қидирув бўлими собиқ бошлиғи Баҳром Сувонов, Халқ фронти қўмондонининг собиқ ўринбосари Лутфулло Рўзиев ва Ҳисор ИИВБ тергов изолятори бошлиғи ўринбосари Камолиддин Бурхонов алоқадор эканини маълум қилмоқда.

«Раҳмон Сафаралиев (Ҳожи Абдураҳмон) 90-йилларнинг бошида маҳаллий масжид имоми бўлган ва туман сув каналида ишлаган. 1992 йилнинг 30 декабрь куни уни Ҳисор тумани Халқ фронти штабига чақиртиришган, ҳамда, унинг ўғли маълумотига кўра, у ерда отиб ташлашган. Имомнинг ўғли баёнотига қараганда, Ҳисор Халқ фронти жангчилари ундан ҳаттоки 60 минг советлар рублини олишган, ва шундан кейингина отасининг жасадини олиб кетишга рухсат беришган», - дея айтиб ўтишган прокуратурадан.