Ҳафта охирида терма жамоалар ўртасидаги учрашувлар тугаб, яна Европа миллий чемпионатлари ўйинларига старт берилади. «Tribuna.Uz» орзиқиб кутилган ўйинларнинг энг саралари ҳақида тўхталиб ўтади.

«ЛИОН» – «МОНАКО»
13 октябрь. 23:45

Клублар футболини соғиниб қолганлар, эртагача сабр етмаса, мана шу ўйиндан «чигалёзди» қилишлари мумкин.

Мавсумни жуда кучли бошлаган «Лион» сўнгги 3 турда ғалаба қозона олмади. Рақибларнинг «Дижон» ва «Анже» бўлганини ҳам эътиборга олсак, терма жамоалар билан боғлиқ танаффус лионликлар учун айни муддао бўлиши керак.

Ёзда бир нечта етакчи футболчиларидан айрилган бўлишига қарамасдан, «Монако» «ПСЖ»ни таъқиб қилишда давом этмоқда. Албатта, аллақачон 12 гол уришнинг уддасидан чиққан Радамел Фалькаонинг айни пайтдаги спорт формаси ҳам муҳим, у чоршанба куни Перуга қарши ҳал қилувчи баҳсда иштирок этди. Масъулиятли учрашув, узоқ парвоз унинг ўйинига таъсир қилиши ҳам мумкин. Афсуски, бундай вазиятларда ҳужумчининг ўрнини босиши керак бўлган Стефан Йоветич ҳам жароҳатланган.

Рақибларнинг апрель ойида Лионда бўлиб ўтган учрашувида меҳмонлар 2:1 ҳисобида устун келганди.

«ЛИВЕРПУЛЬ» – «МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД»
14 октябрь. 16:30

Мавсумни кўтаринки руҳда бошлаб, ҳамшаҳарлари билан биргаликда АПЛни бошқариб турган «Манчестер Юнайтед» учун ҳақиқий синовлар энди бошланмоқда. Моуриньо шогирдлари барча мусобақаларда охирги 6 ўйинни ғалаба билан якунлашди, бу ғалабаларнинг 5таси йирик ҳисобда бўлгани эътиборга молик. Аммо жорий мавсумда биринчи марта Топ-6 даги рақиб билан тўқнаш келмоқда.

«Ливерпуль» эса «Арсенал» устидан қозонилган йирик ғалабадан кейин катта иддаони ўртага ташлаганди. Лекин кейинги ўйинлар омадсиз кечди, Клопп шогирдлари кейинги 4 учрашувда атиги бир марта ғалаба нашидасини сурдилар холос. Яна бир эътиборга молик жиҳат, «Ливерпуль» Девид Мойес давридан буён, аниқроғи, сўнгги уч мавсумда АПЛ доирасидаги ўйинларда «МЮ» устидан ғалаба қозона олмаяпти.

Таркиб масаласида жамоаларда етарлича муаммолар пайдо бўлди: Терма жамоалардаги ўйинларда «Ливерпуль»нинг етакчи ҳужумчиси Садио Мане сафдан чиққан бўлса, «МЮ» Погбанинг йўқлигини билинтирмай турган Феллайнидан маҳрум бўлди. Қизиғи, бу жароҳатлар клубларнинг бу ўйинда урғулаши керак бўлган жиҳатларни акс эттиради: Мане – тезкор ҳужумлар, Феллайни – майдон марказини ҳимоялаш. Натижада мураббийлар бошқачароқ йўналишга мурожаат қилишга мажбурлар ва бу янада қизиқроқ, шундай эмасми?

«ЮВЕНТУС» – «ЛАЦИО»
14 октябрь. 21:00

А Сериянинг бугунги кундаги энг кучли олти жамоаси шу ҳафта учта жуфтлик ҳосил қилиб, ўзаро куч синашади. Бу ўйинлардан биринчиси Турин ва Рим тўқнашувидир.

Ушбу мавсум аввалгилардан бироз фарқли бўлиши кутилмоқда, чунки «Наполи» клуби ниҳоят «Ювентус» билан узун масофада ҳам курашиб кўришга бел боғлагани сезилиб турибди. Демак «Ювентус» бу сафар рақибларини олдинга ўтказиб юбора олмайди, ҳар бир ўйинда ғалаба қозониш шарт.

Рақиб бўлмиш «Лацио» эса бу вазифани қийинлаштириш учун яхши номзод. Римликлар 2010 йилдан буён А Серияда «Ювентус» билан атиги икки марта дурангга эришиб, қолган ўйинларни бой берган бўлса-да, жамоаларнинг сўнгги ўйинида, Италия Суперкубоги учун баҳсда ғалаба қозонишнинг уддасидан чиққанди. А Серияда ҳам Индзаги шогирдлари яхши кетишяпти – сўнгги икки ўйинда йирик ғалаба қозонилди ва 9 гол урилди.

Бундан ташқари, бу ўйинда мавсум тўпурарлари ҳам рақобатлашадилар: Паоло Дибала (10) ва Чиро Иммобиле (9) ҳозирча А Серия тўпурарлари баҳсида карвонбоши бўлиб туришибди.

«БОРУССИЯ» ДОРТМУНД – «РБ ЛЕЙПЦИГ»
14 октябрь. 21:30

Икки фронтда курашиш учун ҳозирча «Лейпциг»нинг тажрибаси етмаётган бўлса-да, Бундеслигада жамоа ҳали ҳам кучли клуб. Дортмундиклар эса, айнан тартибли ҳаракат қиладиган жамоаларга қарши қийинчиликка дуч келмоқда. Охирги турда «Аусбург» билан ўйиндаги тўсқинликлар, «Фрайбург» билан дуранг ҳам бунга ёрқин мисол.

Петер Бос шогирдлари 5 очколик фарқ билан «Бавария»дан олдинда бормоқда. Рақиб фронтидаги мавҳумликлар, мураббийлик постидаги ўзгаришлар даврида имкон қадар барқарор ўйнаб, бу фарқни янада ошириб олиш чемпионлик унвони учун жуда муҳимдир.

«АТЛЕТИКО» – «БАРСЕЛОНА»
14 октябрь. 23:45

Ёз бўйи ҳамма «Барселона»нинг муаммолари ҳақида гапирганди. Лекин Неймарсиз қолган барселоналиклар ҳозирча ҳеч қандай рақибни сезишмаяпти ва қаторасига етти ўйинда ғалаба қозониб улгуришди. Навбатдаги палла эса, янада қийинроқ, кейинги танаффусгача Валверде шогирдлари «Атлетико», «Атлетик» ва «Севилья» каби кучли жамоаларга қарши майдонга тушишларига тўғри келади.

«Атлетико» аввалги ҳайбатидан узоқроқдек кўринаётган бўлса-да, ҳозирча мағлубиятга учраганлари йўқ. Демак бу учрашувда ё «Барселона» очко йўқотади ёки «Атлетико» мағлубиятга учрайди, яъни анъаналардан бири ўз поёнига етади.

«РОМА» – «НАПОЛИ»
14 октябрь. 23:45

А Сериядаги баҳслар ичида айнан мана шу учрашув томошабоплиги билан ажралиб турса керак. Бу жамоалар учун ҳужумкор футбол янгилик эмас, аммо айнан ушбу мавсумда ҳужумкорлик билан бир қаторда, натижалардаги барқарорлик ҳам юзага келди.

«Наполи» ҳозирча йўқотишсиз бормоқда, «Рома» эса сентябрь ойини жуда кучли ўтказди – «Атлетико» билан дурангни айтмаса, бошқа ҳамма ўйинда ғалаба қозонди.

Шу ўринда яна бир жиҳат, бу ўйиндан 2-3 кун ўтиб, ҳар икки жамоани ҳам Европа Чемпионлар Лигасида жуда муҳим учрашувлар кутиб турибди. «Наполи» «Манчестер Сити» билан «Рома» эса, «Челси» билан ўйнайди – ўзига хос Италия ва Англия дуэли.

«БОРДО» – «НАНТ»
15 октябрь. 18:00.

Бир қарашда, Франция чемпионати ўртамиёналари, аммо агар Лига 1 ни яқиндан кузатаётган бўлсангиз, жуда қизиқ учрашув.

Клаудио Раньерининг «Нант»и мавсумни икки мағлубият билан бошлаганди, лекин кейинчалик, мураббий ва футболчилар ўртасидаги боғлам ишлай бошладими ёки бошқа сабабми, хуллас «Нант» эски «Лестер»нинг режимига тушиб олди – сўнгги 6 ўйинда 5 ғалаба ва 1 дуранг. Бу ўйинларнинг 5тасида «Нант» гол ўтказмади, 4 ўйин 1:0 ҳисобида тугади. Таниш манзара, шундай эмасми? Натижада «Нант» ҳозир 4-ўринда бормоқда ва пешқадамлар гуруҳидан у қадар узоқда эмас.

«Бордо» ҳам агар, «ПСЖ»дан йирик мағлубиятга учрашни одатий ҳол деб қабул қилсак, мавсумни бир текисда ўтказмоқда. Жамоа фақат ўша Париждан мағлубиятга учраган холос, «Нант» билан изма-из бормоқда.

Яъни бемалол ўйинни 6 очколик баҳс дейиш мумкин. Шунингдек, бир-бирига ўхшамайдиган икки хил мактаб, икки хил услуб тўқнашуви.

«ИНТЕР» – «МИЛАН»
15 октябрь. 23:45

Ҳар қандай ҳолатда ҳам, бу дербини ўтказиб юбориш керак эмас. Тўғри, сўнгги йилларда бу жамоалар нафақат чемпионлик, балки Чемпионлар Лигаси ўринлари учун курашдан ҳам чиқиб кетишган. Бу энди, энди оддий ҳолга айланиб бораётганди ҳамки, хитойликлар чидай олмадилар. Осиёлик бизнесменлар Милан суперклубларини аввалги мавқеларини тиклашга бел боғлаган.

Шаклланиш борасида «Интер» бироз аввалроқ йўлга чиққан, балки турнир жадвалида юқорироқ жойлашганининг сабаби шундадир. Лекин бу ўз номи билан Милан дербиси, жамоалар таркибидаги янги футболчилар балки иштирокчи сифатида бу муҳитни англамаслар, шундай бўлса-да, стадиондаги муҳит тезда ўйиннинг одатий эмаслигини ҳис қилдира олади, бу аниқ.  

Ва яна «Атлетик» – «Севилья» (16:00,) «Манчестер Сити» – «Сток Сити»  (14 октябрь, 19:00), «Ҳетафе» – «Реал» (14 октябрь, 19:15), «Уотфорд» – «Арсенал» (14 октябрь, 21:30).