HTC компанияси янги U11+ флагмани ҳамда U11 Life бюджет моделини намойиш этди. Янги смартфонлар сувдан ҳимоя ва Edge Sense нозик қирраларига эга бўлди.

HTC U11+

HTC U11+ флагмани шиша ва металл корпусга эга бўлди. Унинг ўлчамлари U11'никига ўхшаш, бироқ дисплейи жуда катта - 6 дюйм. Бунга экран атрофидаги гардишнинг кичиклиги сабаб эришилди. Шу туфайли бармоқ излари сканери ҳам флагманнинг орқа томонига кўчирилди.

U11+ смартфони корпуси IP68 стандартига мувофиқ ишланган, бу эса унинг чанг-тўзондан тўлиқ ҳимоялангани ва 1 метргача бўлган чуқурликдаги сувда ярим соатдан ортиқ хавфсиз ишлай олишини билдиради.

Фото: Android Police

Смартфон корпуснинг ён қирраларини сиқиш кучини "тушуниш"га қодир - технология Edge Sense деб аталади. Фойдаланувчи ҳар қандай хатти-ҳаракатни, масалан,  илова, камера, фонарни ишга туширишни қисқа ёки узоқ сиқишга белгилаб қўйиши мумкин.

U11+ камераси битта ва у 12 Мп'ли. HTC U11+ флагманининг 6 Гб'ли топ-версияси Европада 799 еврога баҳоланади. Сотувлар 20 ноябрга белгиланган.

HTC U11+ хусусиятлари:

  • Дисплей: 6 дюйм, QHD (2 880 × 1 440 пиксель);
  • Процессор: Snapdragon 835;
  • Хотира: 4 ёки 6 Гб оператив ва 64 ёки 128 Гб ички;
  • Камера: 12 Мп асосий ва 8 Мп фронтал;
  • Аккумулятор: 3 930 мАс.

U11 Life

HTC U11 қаторидаги кенжа модель ўз дизайнини флагмандан олган - металл рамка ва шиша корпус. Шунингдек смартфон Edge Sense нозик қирраларига эга бўлди. Корпус IP67 стандарти бўйича ҳимояланган: у чангдан қўрқмайди, шу билан бирга 1 метрдаги чуқурликдаги сувда ишлай олади.

U11 Life 5,2 дюйм, Full HD диагоналга эга. Асосий ва фронтал камералар 16 Мп'ли - бу флагмандан-да катта, лекин сенсорларининг ўзи арзонроқ.

Фото: Android Police

U11 Life смартфони 8 ядроли Snapdragon 630 процессорида ишлайди. Оператив хотира - 3 ёки 4 Гб, ички хотира эса - 32 ёки 64 Гб. Аккумулятор сиғими - 2600 мАс.

Смартфон нархи - 349 доллар. Шунингдек Android One лойиҳаси доирасида тоза Android'ли, HTC Sense қопламасиз U11 Life модели ҳам пайдо бўлади.