Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған биринчи маҳаллий енгил автомобилни яратиш лойиҳасини амалга ошириш ишларининг бошлангани ҳақида эълон қилди. "Анадолу" агентлиги шу ҳақида хабар берди.

Автомобилни яратиш консорциумига Anadolu, BMC, Kıraça ва Zorlu каби йирик компаниялар, шунингдек Turkcell телекоммуникация компанияси киритилган.

Президент лойиҳа тақдимотида иштирок этар экан, 2016 йилда Туркияда 757 минг автомобиль сотилганини қайд этди. 

"Бозори шундай катта салоҳиятга эга мамлакат ҳали-ҳануз маҳаллий автомобиль ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширмагани ачинарли. Бугун биз бу йўналишда тарихий қадамлар қўймоқдамиз", - деди Эрдўған.  

Унинг сўзларига кўра, маҳаллий автомобилни ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширишга тайёргарлик кўриш ишлари имкон қадар қисқа муддатларда тугалланиши керак. Режага мувофиқ, илк турк автомобили прототипи 2019 йилдан кечикмай тақдим этилиши лозим. 

"2021 йилда автомобилнинг серияли ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади. Маҳаллий автомобилни ишлаб чиқариш лойиҳаси Туркиянинг 2023 йилга қадар мўлжалланган Ривожланиш мақсадлари дастурида алоҳида ўрин эгаллаган. Бу масалада ҳеч қандай кечикишлар бўлмаслиги керак", - дея таъкидлади давлат раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, профессионаллар маҳаллий автомобиль лойиҳасини амалга оширишга жиддий киришган тақдирда, давлатга мазкур жараёнларни фаол қўллаб-қувватлашгина қолади, холос. 

"Шуни маълум қиламанки, конвейердан чиққан биринчи маҳаллий автомобилни ўзим харид қиламан", - дейди Эрдўған.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, гап фақатгина автомобилларни ишлаб чиқаришда эмас. "Гап мамлакатга жаҳон авто ишлаб чиқарувчилари бозорида муносиб ўрин эгаллаш имконини берувчи технологиялар, тажриба ва тўпланган билимлар ҳақида", - дея қўшимча қилган  Эрдўған.