Жанубий Кореянинг смартфонлар ишлаб чиқарувчи компанияси Samsung 2017 йилнинг учинчи чорагида, аввалги чоракдаги каби, смартфонлар етказиб бериш бўйича дунёдаги етакчига айланди. Компания йил давомида 83,3 миллион дона қурилма етказиб берган, дейилади International Data Corporation (IDC) таҳлил фирмасининг тадқиқотида.

Samsung’нинг смартфонлар бозоридаги улуши бир йил аввалги 20,9%дан 22,3%гача ўсди. Таққослаш учун: Apple корпорацияси ҳисобот даврида 46,7 миллион смартфонни етказиб берди, унинг бозордаги улуши ўтган йил даражасида қолди - 12,5 фоиз.

«Samsung яна жаҳон смартфонлар бозорида етакчи ўринни эгаллади ва 83,3 млн. дона қурилмани етказиб берди. Бу ўтган йилга нисбатан 9,5%га кўпдир. Корея компанияси 6,3 дюймли Note8 смартфонини тақдим этди, бу унинг операцион кўрсаткичларига ижобий таъсир қилди. Samsung ўз маҳсулотига жиддий талаб ҳақида хабар бермоқда. Афтидан, Note 7’нинг ўтган йилги муваффақиятсизлиги билан боғлиқ воқеага расман якун ясалди», - дейилади хабарда.

Смартфонлар ишлаб чиқарувчилари орасида етказиб бериш бўйича дастлабки беш ўринда Хитойнинг бирданига учта компанияси жой олди: Huawei, OPPO ва Xiaomi. Huawei 39,1 миллионта смартфон етказиб бериб, кўрсаткични 16,1 фоизга ошириб олди. OPPO компанияси эса етказиб бериш ҳажмини 19 фоизга кўтарди - 30,7 миллионта смартфон. 

Хитойнинг Xiaomi’и жаҳондаги энг йирик етказиб берувчилар рўйхатида яна бешинчи поғонани эгаллади. Компания 27,6 миллионта смартфонни тақдим этган. Унинг бозордаги улуши 7,4 фоизга ошди.